МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА УСТОЗ ҚАДРИ: ЭЪТИРОФДАН ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТГАЧА

by Matbuot xizmati
7 👁️

Бирор касбнинг жамиятдаги ҳақиқий қадрини аниқлаш учун фақат унга билдирилаётган ҳурмат ёки байрам кунидаги табрикларнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун давлатнинг қонунчилигига, меҳнат кафолатларига, яратилган шарт-шароитларга ва инсоннинг касбий фаолиятини ҳимоя қилувчи механизмларга назар ташлаш керак.

Устозлик касби ҳақида ҳам шундай фикр юритиш мумкин. Чунки мустақилликдан кейинги йилларда Ўзбекистонда ўқитувчининг жамиятдаги ўрни нафақат маънавий жиҳатдан эътироф этилди, балки босқичма-босқич ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий кафолатлар билан мустаҳкамланди. Бугунги кунда эса ўқитувчи меҳнатининг аҳамияти мамлакат Конституциясининг ўзида алоҳида норма сифатида мустаҳкамланган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ давлат томонидан педагогларнинг жамиятдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратила бошлаганини ҳуқуқий ҳужжатларда кўриш мумкин. 1993-йил 29-декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун билан октабр ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси халқ таълими ходимлари куни этиб белгиланди.

1996-йил 27-декабрда қабул қилинган 367-И-сонли “Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун билан 1-октабр “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” этиб белгиланди ҳамда байрам – дам олиш куни деб эътироф этилди. Шу билан бирга, 1993-йилда белгиланган халқ таълими ходимлари куни тўғрисидаги қонун ўз кучини йўқотди.

Бу ўзгаришнинг рамзий аҳамияти билан бирга ҳуқуқий аҳамияти ҳам бор эди. Чунки давлат байрамлар тақвимида айнан ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган алоҳида сана белгиланди.

1997-йил 29-августда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги 463-И-сон Қонун қабул қилинди.  Бу ҳужжат ўқитувчи олдига ҳам янги талабларни қўйди. Эндиликда педагог фақат мавжуд билимни етказувчи эмас, балки янги миллий таълим моделининг асосий иштирокчиларидан бири сифатида қарала бошлади.

Таълим тизимининг ривожланиши билан педагог фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада аниқ белгилаш зарурати пайдо бўлди. Бу борадаги муҳим босқичлардан бири 2020-йил 23-сентабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонун бўлди.

Мазкур қонун таълим соҳасидаги муносабатларни комплекс тартибга солиб, таълим тизимининг замонавий ҳуқуқий асосларини белгилади.

2023-йил 30-апрелда референдум орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддаси мамлакат таълим сиёсатида алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Унга кўра, Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилди.

Энг муҳими, Конституциянинг ўзида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги ҳамда касбий жиҳатдан ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши белгиланди.

Бу ерда муҳим бир жиҳат борки, аввал устознинг жамиятдаги ўрни алоҳида байрам ва таълим сиёсати орқали эътироф этилган бўлса, янги Конституцияда унинг меҳнатига берилган баҳо асосий қонун даражасига кўтарилди. Бошқача айтганда, “устозни қадрлаш керак” деган умумий фикр ҳуқуқий нормага айланди.

2024-йил 1-февралда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолиятининг асосий кафолатларини белгилайди.

Қонуннинг 3-моддасида Ўзбекистонда педагогнинг мақоми тан олиниши, унинг касбий фаолиятини амалга ошириши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқларини амалга ошириш учун кафолатлар берилиши белгиланган.

Қонун педагогнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор аниқ механизмларни ҳам белгилади. Жумладан, педагог ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича судга мурожаат қилганида давлат божидан озод этилиши назарда тутилган. Шунингдек, педагогнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш билан боғлиқ ҳолатларда унинг судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам белгиланган.

Устознинг жамиятдаги мавқеини баҳолашда унинг меҳнатига яратилаётган моддий шароит ҳам муҳим мезондир.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасида педагогнинг ойлик иш ҳақи унинг маълумоти, малака тоифаси ёки лавозими бўйича базавий тариф ставкаси, илмий даражаси, илмий унвони, давлат мукофотлари ҳамда қонунчиликда белгиланган устамалар ҳисобга олинган ҳолда ҳисобланиши белгиланган.

Бу ёндашувда педагогнинг даромади фақат лавозимнинг ўзи билан эмас, балки унинг малакаси, илмий даражаси, ютуғи ва касбий натижалари билан ҳам боғланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 12-августдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-108-сон Фармонига мувофиқ, 2024-йил 1-октабрдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларида ишловчи педагогларнинг иш ҳақи 15 фоизга оширилди.

Бу битта фармон билан чекланадиган жараён эмас. Кейинги йилларда педагогларни малака, сертификат ва натижа асосида рағбатлантириш механизмлари ҳам кенгайтирилди.

Бугунги босқичнинг муҳим жиҳати шундаки, педагогни қўллаб-қувватлаш фақат иш ҳақини ошириш билан чекланмаяпти. Касбий ривожланиш, сертификатлаш, малака тоифасини олиш ва юқори натижа учун устама олиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда.

2025-йил 9-сентабр куни Президент Шавкат Мирзиёйев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар муҳокама қилинар экан, педагогларга малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими ва фан олимпиадалари каби мезонлар асосида 10 дан ортиқ турдаги устамалар жорий этилгани маълум қилинган. Ўша пайтда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи 10-12 миллион сўм миқдорида маош олаётгани қайд этилган.

Бундан ташқари Вазирлар маҳкамасининг 2026-йил 17-сентабрдаги “Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш ва эҳтиёжманд оила фарзандларини замонавий касбларга ўқитиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 501-сон қарорига мувофиқ педагогик фаолият билан боғлиқ 465 та лавозимда фаолият юритаётган педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30% чегирма берилди.

Юқорида саналган ислоҳатларни биргина байрам санаси билан ўлчаб бўлмайди. Устозга бўлган муносабатнинг ўзгариши қонун ҳужжатларида, меҳнат кафолатларида, касбий ривожланиш имкониятларида ва моддий рағбатлантириш тизимида акс этмоқда.

Устознинг қадри ҳақида гапирганда, фақат унинг бугунги маоши ёки унга берилган имтиёзларни санаб ўтиш ҳам етарли эмас. Чунки ўқитувчиликнинг моҳияти рақамлар билан тўлиқ ўлчанмайди. Аммо давлатнинг устозга муносабатини айнан шу рақамлар ва ҳуқуқий нормалар орқали кўриш мумкин.

Шундай экан, 1-октабр – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” фақат табриклар айтиладиган сана эмас. Бу кун мамлакатимизнинг таълимга, илмга ва инсон капиталига бўлган муносабатини яна бир бор эслатадиган кундир.

Самандар Ахматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика