
Инсоният тарихи ва ислом тамаддуни саҳифаларига назар ташласак, комилликка етган ҳар бир буюк зотнинг камолоти замирида, аввало, бир мураббийнинг меҳнати, ихлоси ва дуоси ётганига гувоҳ бўламиз. Имом Термизий ҳазратлари ўз устози Имом Бухорий билан маънавий-илмий ҳамнафасликда ҳадис илмининг чўққисини забт этганлари, устозининг мақомини ҳамиша ўз нафсидан юқори қўйганлари маълум ва машҳурдир. Устоз фақатгина маълумот берувчи эмас, балки руҳиятга йўл кўрсатувчи, қалб кўзини очувчи йўлчи юлдуздир.
Шарқ одоб ва маънавият мактабида устоз ва шогирд муносабати шунчаки зоҳирий таҳсил билан чекланмайди. Бу — икки қалбнинг бир-бирини туйиши, масофалар оша давом этадиган ботиний боғланишдир. Саодат шундаки, шогирд ўз устозининг жисмидан узоқда бўлса-да, унинг маънавий назорати, эътибори ва насиҳатини ҳамиша юрагида ҳис этиб яшайди. Бундай руҳий муносабат инсонни ҳар қандай хато ва адашишлардан асрайди.
Устозлик фақатгина унвон ёки лавозим эмас, балки мукаммал хулқ ва мукаммал илм тимсолидир. Ҳақиқий шогирдлик эса устоз ҳузурида камтарликни йўқотмаслик, унинг фазилатлари олдида ўз нафсини синовдан ўтказиш ва унга муносиб бўлишга интилишда намоён бўлади. Зеро, шаклдан кўра моҳиятга интилган, устозининг покиза ниятини ўзига мақсад қилиб олган инсонгина асл меросхўрга айланади.
Шоир Машраб Бобоевнинг устозлик ва шогирдликнинг ана шундай юксак моҳиятини теран очиб берган сатрлари бугунги айёмда ҳар биримизга муҳим бир эслатмадир:
Устозлик ҳақида
Бахтингдир устознинг қўлини олсанг,
Лекин, устозни ҳам танлаб ололсанг.
Устознинг қиммати менимча шулким –
Узоқми-яқинми уни туйолсанг.
Майлига, орангиз бўлса-ю йироқ,
У сенга ҳар куни бермаса сабоқ,
Лекин, унинг исмин эшитганинг чоқ,
Юракда орзиқиш ҳис эта олсанг.
Гарчи ойлаб, йиллаб сени кўрмасин,
Пешонангни силаб, ҳолинг сўрмасин,
Йўл-йўриқ кўрсатиб, тергаб турмасин –
Бас, унинг нигоҳин сезиб туролсанг.
Устоз дейилганда нима кўринар?
Мукаммал инсону мукаммал ҳунар.
Унга, ҳунарига дуч келганда гар,
Ўзинг ҳунарингдан бир оз уёлсанг.
Устозлар турлидир – рўйи, шахсият:
Кимда шакл бор-у, кимда моҳият.
Сенга ният бўлса ундаги ният,
Устозга муносиб шогирд бўлолсанг.
Иқболжон Қамбаров – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими