
Аннотация
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209–279 ҳ.) «ал-Жомеъ» асарида деярли ҳар бир ҳадисга ўз ҳукмини беради. Аммо бу ҳукмлар асарнинг турли нусхаларида бир хил келмайди. Бу фарқни VII ҳижрий асрдаёқ Ибн ас-Салоҳ қайд этган ва нусхаларни ўзаро солиштиришни тавсия қилган.
Мақолада уч масала кўриб чиқилади: Термизийнинг «ҳасан» атамасига ўзи берган таърифи, «ҳасан саҳиҳ» қўшма истилоҳи ҳақидаги мумтоз қарашлар ҳамда нусхалараро фарқларнинг ҳадисни баҳолашга таъсири. Асосий хулоса: «ҳасан саҳиҳ» истилоҳини талқин қилишдан олдин шу ҳукм қайси нусхада қандай келганини аниқлаш керак.
Калит сўзлар: Термизий, «ал-Жомеъ», ҳасан саҳиҳ, ҳадис истилоҳи, нусхалар фарқи, Ибн ас-Салоҳ, Ибн Ҳажар, матншунослик.
Термизий асарининг тўлиқ номи: «الجامع المختصر من السنن عن رسول الله ﷺ ومعرفة الصحيح والمعلول وما عليه العمل» (Расулуллоҳ ﷺдан ривоят қилинган суннатлардан мухтасар жамланма; саҳиҳ ва маълул ҳадисларни, шунингдек, амал қилинадиганларини билиш). Номнинг ўзи асарнинг уч вазифасини кўрсатади: суннатни жамлаш, саҳиҳ ва иллатли ривоятни ажратиш, фақиҳлар амалини баён қилиш.
Асар «Кутуби ситта» номи билан машҳур олтита асосий ҳадис тўпламидан бири. У бошқа сунан китобларидан ҳадисларга мунтазам ҳукм берилиши билан ажралиб туради. Ибн ас-Салоҳ «Улум ал-ҳадис» («Муқаддима») асарида Термизий китобини ҳасан ҳадисни билишда асосий манба деб атаган ва Термизий бу атамани машҳур қилиб, уни асарида кўп қўллаганини таъкидлаган [1,1ж , 36–б].
Мавзунинг долзарблиги шундаки, бугунги ўқувчи Термизий ҳукмини босма нашрдан олади. Босма нашрлар эса турли қўлёзмаларга таянади. Агар нусхаларда ҳукм ҳар хил бўлса, «Термизий бу ҳадисни ҳасан саҳиҳ деган» қабилидаги даъво қайси нусхага асосланганини кўрсатмасдан тўлиқ асосли бўлмайди.
Мақоланинг мақсади: мумтоз араб манбалари ва замонавий тадқиқотлар асосида бу муаммони ёритиш ҳамда уни ўрганишнинг асосий йўналишларини белгилаш.
Термизийнинг баҳолаш тизими ва ўз таърифи
Термизий «ҳасан» деганда нимани назарда тутганини асар охиридаги «Китоб ал-Илал»да ўзи изоҳлаган [2]:
«وما ذكرنا في هذا الكتاب حديث حسن فإنما أردنا به حسن إسناده عندنا، كل حديث يروى لا يكون في إسناده من يتهم بالكذب، ولا يكون الحديث شاذا، ويروى من غير وجه نحو ذاك، فهو عندنا حديث حسن».
Мазмуни: Термизий наздида ҳасан ҳадиснинг уч шарти бор. Биринчиси, иснодда ёлғонда айбланган ровий бўлмаслиги. Иккинчиси, ҳадис шоз (ишончлироқ ривоятларга зид) бўлмаслиги. Учинчиси, ҳадис шунга ўхшаш тарзда бир неча йўл билан ривоят қилинган бўлиши.
Бу таъриф кейинги муҳаддисларнинг «ҳасан ли зотиҳи» тушунчасидан фарқ қилади. Термизий таърифида ровийнинг забти (ривоятни аниқ сақлаш қобилияти) эмас, балки ҳадиснинг бошқа йўллар билан ҳам келиши асосий шарт. Шу сабабли унинг «ҳасан» ҳукмини кейинги давр истилоҳи билан бир хил деб ўқиш хато талқинга олиб келиши мумкин.
Термизий ҳукмлари содда ва қўшма шаклларда келади: саҳиҳ, ҳасан, ғариб, ҳасан саҳиҳ, ҳасан ғариб, саҳиҳ ғариб, ҳасан саҳиҳ ғариб. Аддоб ал-Ҳамшнинг тадқиқотига кўра, Термизий юзга яқин ҳадисдан ташқари барча ҳадисларга ҳукм берган [3, 1204-б.].
«Ҳасан саҳиҳ» истилоҳи: мумтоз қарашлар
«Ҳасан саҳиҳ» – Термизий асаридаги энг кўп баҳс қилинган истилоҳ. Бу истилоҳдаги зиддиятни Ибн ас-Салоҳ қайд этган [1]: ҳасан даражаси саҳиҳдан паст, демак, бир ҳадисни ҳам ҳасан, ҳам саҳиҳ дейиш бир вақтнинг ўзида камчиликни тасдиқлаш ва инкор этиш бўлиб чиқади.
Бу эътирозга Ибн Ҳажар ал-Асқалоний «Нузҳат ан-назар»да жавоб берган [4, 66–б.]:
«فإن جُمِعا أيْ الصحيحُ والحَسَنُ في وصفٍ واحدٍ كقَوْل الترمذي وغيرِه “حديثٌ حَسَنٌ صحيح” فَلِلترَدُّدِ الحاصِلِ من المجتهد في الناقِل، هل اجتمعَتْ فيه شروطُ الصحة أو قَصرَ عنها، وهذا حيثُ يحصلُ منه التفرُّدُ بتلك الرواية. وَعُرِفَ بهذا جوابُ مَنِ استشكلَ الجَمْعَ بين الوصفَيْن فقال: الحَسَنُ قاصِرٌ عن الصحيح، ففي الجمع بين الوصفين إثباتٌ لذلك القصور ونَفْيُه؟».
Мазмуни: саҳиҳ ва ҳасан васфлари бир ҳадисда жамланса, бу мужтаҳиднинг ровий ҳақидаги иккиланишидан келиб чиқади: унда саҳиҳ шартлари жамланганми ёки улардан қисқа қолганми. Бу ҳукм ровий шу ривоятда ёлғиз қолган ҳолатга тегишли. Шу билан «ҳасан саҳиҳдан паст, демак, икки васфни жамлаш камчиликни бир вақтда тасдиқлаш ва инкор этишдир» деган эътирозга жавоб маълум бўлади. Ибн Ҳажар жавобини икки ҳолатга ажратади:
- Ҳадис битта санад билан келган бўлса, қўшма ҳукм мужтаҳиднинг ровий ҳақидаги иккиланишини билдиради: унда саҳиҳ шартлари тўлиқ борми ёки йўқми. Бу ҳолда «ҳасан саҳиҳ» фақат «саҳиҳ»дан пастроқ, чунки қатъий ҳукм иккиланишдан кучлироқ.
- Ҳадис бир неча санад билан келган бўлса, қўшма ҳукм икки санадга қаратилган: бири саҳиҳ, иккинчиси ҳасан. Бу ҳолда «ҳасан саҳиҳ» фақат «саҳиҳ»дан юқори, чунки йўлларнинг кўплиги ҳадисни кучайтиради.
Ибн Ҳажарнинг бу жавобига эътироз ҳам билдирилган. Британиялик исломшунос олим Муҳаммад Акрам Надвий «Нузҳат ан-назар»га ёзган танқидий изоҳларида («Истидрокот») шундай дейди:
«قلت: من نظر في كتاب الترمذي تبين له أنه لم يحصل له أي تردد، فإنه يطلق هذا الوصف على كثير من الأحاديث التي هي في غاية الصحة وهي في الصحيحين، وكذلك لا يطلق هذا الوصف باعتبار إسنادين».
Таржимаси: «Айтаманки, Термизий китобига назар солган кишига Термизийда ҳеч қандай иккиланиш бўлмагани аён бўлади. Чунки у бу васфни сиҳҳати жуда юқори бўлган ва Саҳиҳайнда келган кўплаб ҳадисларга беради. Шунингдек, бу васфни икки иснодга нисбатан ҳам бермайди» [5].
Шундай қилиб, мумтоз ва замонавий манбаларда «ҳасан саҳиҳ» учун ягона, умумэътироф этилган таъриф йўқ. Бироқ ҳар бир талқин асар матни аниқ эканини, яъни Термизий айнан шу ҳукмни берганини олдиндан фараз қилади.
Нусхалараро фарқлар муаммоси
Ибн ас-Салоҳ ҳукмлардаги фарқни тўғридан-тўғри қайд этган ва амалий йўл кўрсатган [1]:
«وتختلف النسخ من كتاب الترمذي في قول: هذا حديث حسن. أو: هذا حديث حسن صحيح ونحو ذلك. فينبغي أن تصحح أصلك به بجماعة أصول، وتعتمد على ما اتفقت عليه».
Мазмуни: Термизий китобининг нусхалари «бу ҳасан ҳадис» ёки «бу ҳасан саҳиҳ ҳадис» каби ҳукмларда фарқ қилади. Шунинг учун ўз нусхангизни бир неча асл нусха билан солиштириб тузатишингиз ва улар келишган нарсага таянишингиз керак.
Бу огоҳлантиришнинг аҳамиятини кейинги давр ва замонавий олимлар ҳам таъкидлайди:
- Шайх Абдулкарим ал-Хузайр шундай изоҳлайди:
«اختلاف أحكامه على الأحاديث بسبب اختلاف النسخ، ولذلك تجد حتى عند النووي ومن قبل النووي يقول: “قال الترمذي: حسن صحيح”، وفي نسخة “صحيح” فقط، وفي حديث يقال: “قال الترمذي: حسن صحيح”، وفي نسخة “حسن”، هذا تباين في الأحكام على الأحاديث».
Таржимаси: «Термизийнинг ҳадисларга берган ҳукмлари нусхалар фарқи сабабли турлича. Шу боис ҳатто ан-Нававийда ва ундан олдингиларда ҳам „Термизий: ҳасан саҳиҳ, деган“, бошқа бир нусхада эса фақат „саҳиҳ“ дейилгани учрайди. Бошқа бир ҳадисда ҳам „Термизий: ҳасан саҳиҳ, деган“, бошқа нусхада эса фақат „ҳасан“ дейилади. Бу – ҳадисларга берилган ҳукмлардаги тафовутдир».
Олимнинг фикрича, босма ва қўлёзма нусхалар, айниқса ҳукмлар борасида, бир-биридан сезиларли фарқ қилади [6].
- Аддоб ал-Ҳамш ўз тадқиқотида «ал-Жомеъ»ни ишончли қадимий қўлёзмалар асосида илмий таҳқиқ қилишни тавсия этган [3].
- Муборакфурий «Туҳфат ал-аҳвазий» шарҳида нусхалардаги котиб хатоларини кўрсатган: масалан, баъзи нусхаларда «Абу Яъфур» ўрнига хато «Абу Яъқуб» ёзилганини қайд этган [7,1ж , 442–б].
Бу фактлар «ҳасан саҳиҳ» истилоҳига оид юқоридаги талқинларнинг амалий қийматини бевосита чеклайди. Ибн Ҳажар қоидасига кўра, «ҳасан саҳиҳ» бир санадли ҳадисда «саҳиҳ»дан пастроқ, кўп санадлида эса юқорироқ. Агар бир нусхада «ҳасан саҳиҳ», бошқасида фақат «саҳиҳ» ёки фақат «ҳасан» келса, ҳадиснинг даражаси ҳақидаги хулоса ҳам ўзгаради. Демак, истилоҳ талқини матншунослик текширувисиз якуний бўла олмайди.
Ўрганилган манбаларда нусхалардаги фарқлар сони ёки улушини кўрсатувчи ишончли статистик маълумот учрамади. Бундай ҳисоб-китоб ушбу йўналишдаги тадқиқотнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин.
Хулоса ва таклифлар
Термизий ҳукмини тўғри тушуниш икки босқични талаб қилади: аввал ҳукм матнини нусхалар бўйича аниқлаш, кейин уни Термизийнинг ўз истилоҳи асосида талқин қилиш. Мумтоз манбалар иккала босқич зарурлигини кўрсатади.
Манбалардан келиб чиқадиган фактлар:
- Термизий «ҳасан»га ўз таърифини берган ва у кейинги истилоҳдан фарқ қилади (Китоб ал-Илал).
- «Ҳасан саҳиҳ» истилоҳи мумтоз даврдаёқ муаммо сифатида қайд этилган (Ибн ас-Салоҳ) ва унга турли жавоблар берилган (Ибн Ҳажар; унга эътирозлар – М. А. Надвий).
- Асар нусхалари айнан шу ҳукмларда фарқ қилиши VII ҳижрий асрдаёқ қайд этилган ва нусхаларни солиштириш тавсия қилинган (Ибн ас-Салоҳ).
Таклифлар: биринчидан, Термизий ҳукмига таянилганда фойдаланилган нашр ёки қўлёзма аниқ кўрсатилиши лозим; иккинчидан, «ал-Жомеъ»нинг ишончли қадимий қўлёзмалари асосида ҳукмларни солиштирувчи танқидий нашр тайёрлаш долзарб вазифа ҳисобланади; учинчидан, нусхалараро фарқларнинг сони ва улушини аниқлайдиган махсус тадқиқот ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Фойдаланилган адабиётлар
- Ибн ас-Салоҳ, Усмон ибн Абдурраҳмон (в. 643 ҳ.). Маърифат анвоъ улум ал-ҳадис (Муқаддимат Ибн ас-Салоҳ)/Абу Амр Тақийуддин Усмон ибн Абдурраҳмон Ибн ас-Салоҳ ; муҳаққиқ Нуриддин Итр. – Сурия : Дор ал-фикр; Байрут: Дор ал-фикр ал-муосир, 1986 (1406 ҳ.). – 1 ж.
- Ат-Термизий, Муҳаммад ибн Исо (209–279 ҳ.). Ал-Илал ас-сағир / Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ат-Термизий ; таҳрир А. М. Шокир. – Байрут : Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 1938 (1357 ҳ.). – 1 ж.
- Ал-Ҳамш, Аддоб Маҳмуд. Ал-Имом ат-Термизий ва манҳажуҳу фи китобиҳи «Ал-Жомеъ» : дироса нақдийя татбиқийя / Аддоб Маҳмуд ал-Ҳамш. – 1-нашр. – Аммон : Дор ал-Фатҳ, 2003.
- Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, Аҳмад ибн Али (в. 852 ҳ.). Нузҳат ан-назар фи тавзиҳ Нухбат ал-фикар фи мусталаҳ аҳл ал-асар / Абу-л-Фазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқалоний ; таҳқиқ ва изоҳлар Нуриддин Итр. – 3-нашр. – Дамашқ : Матбаъат ас-Саббоҳ, 2000 (1421 ҳ.). – 1 ж.
- Истидрокот ала «Нузҳат ан-назар фи тавзиҳ Нухбат ал-фикар» = استدراكات على نزهة النظر // Ал-Салам Институте. – УРЛ: https://alsalam.ac.uk/nuzhat-al-nadhr/ (мурожаат санаси: 01.10.2026). – Матн : электрон.
- ал-Хузайр, Абдулкарим. Сунан ат-Термизий = سنن الترمذي : [маъруза матни] // Шайх Абдулкарим ал-Хузайрнинг расмий сайти. – УРЛ: https://shkhudheir.com/book-detector/2062348975 (мурожаат санаси: 01.10.2026). – Матн : электрон.
- Ал-Муборакфурий, Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим (в. 1353 ҳ.). Туҳфат ал-аҳвазий би шарҳ Жомеъ ат-Термизий / Абу-л-Уло Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим ал-Муборакфурий. – Байрут : Дор ал-кутуб ал-илмийя. – 10 ж.
Имом Термизий халқаро
илмий тадқиқот маркази
илмий ходими Худойназаров.Ф