
Инсон ҳаётида шундай инсонлар бўладики, уларнинг берган сабоғи йиллар ўтса ҳам унутилмайди. Улар бизга фақат назарий билимларни эмас, балки тўғри сўзлаш, одоб сақлаш, ҳалол меҳнат қилиш, қийинчиликка сабр этиш ва ўз кучимизга ишонишни ҳам ўргатади. Бундай фидойи инсонлар – устозлардир.
Кўпинча бирор кишининг ютуғини кўрганимизда, унинг иқтидори, тиришқоқлиги ва қобилияти ҳақида гапирамиз. Аммо унинг ортида йиллар давомида меҳнат қилган, камчилигини кўрсатган, хатосини тўғрилаган ва унга ишонч билдирган устоз борлигини баъзан унутиб қўямиз.
Аслида эса камол топган ҳар бир шогирд ортида унинг қўлидан тутиб, илм ва тарбия йўлига бошлаган устознинг кўз нури ва беминнат меҳнати ётади.
Ислом дини илм ва таълимга юксак мақом берган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларидаёқ:
«Яратган Роббинг номи билан ўқи!» (Алақ сураси, 1-оят) дейилади.
Инсон дунёга келганида кўп нарсани билмайди. У ўрганади, савол беради, хато қилади ва яна ўрганади. Ана шу жараёнда унга илм ва ҳаёт йўлида тўғри йўлни кўрсатадиган йўлбошчи керак. Бу шарафли вазифани устоз бажаради.
Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:
«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр (илм) аҳлидан сўранглар» (Наҳл сураси, 43-оят).
Демак, билмаганни сўраш айб эмас. Илм аҳлидан таълим олиш эса илм йўлининг муҳим қисмидир. Устоз шогирд англамаган масалаларни тушунтиради, саволларига сабр билан жавоб беради ва унга илм йўлида ҳамроҳ бўлади.
Устоз фақат билим бермайди
Ҳақиқий устознинг вазифаси дарс ўтиш билан чекланмайди. У шогирднинг қалби, дунёқараши ва хулқ-атвори устида ҳам ишлайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен муаллим қилиб юборилдим», деганлар (ИБн Можа ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга илм ўргатиш билан бирга, иймон, одоб, ҳалоллик, сабр ва гўзал хулқни ҳам таълим бердилар.
Шунинг учун ҳақиқий устоз ҳам шогирдига фақат «нимани билиш»ни эмас, балки «қандай инсон бўлиб яшаш»ни ўргатади. У шогирдини ҳалол ва ҳаромга эътиборли бўлишга, ҳалол ризқ топишга, ҳаром ишлардан ўзини тийишга, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка ва ҳар қандай ҳолатда виждон билан иш тутишга чақиради.
Баъзан устознинг бир оғиз сўзи ҳам шогирд ҳаётига катта таъсир қилади:
«Сендан, албатта, яхши инсон чиқади».
«Хато қилишдан қўрқма, яна бир бор ҳаракат қил».
«Илмингда бардавом бўл, асло тўхтама».
«Ҳалол йўлдан оғишма, ҳаромдан ўзингни асра».
Оддий туюлган бу сўзлар шогирдга қийин пайтларда куч ва ишонч беради. Йиллар ўтиб, у қарор қабул қилаётганда ҳам устозининг насиҳатларини эслайди.
Устознинг меҳнати дарҳол кўринмайди
Деҳқон уруғ қадаган куниёқ ҳосил кутмайди. У ерни тайёрлайди, уруғни экиб, сув беради ва ниҳолни сабр билан парвариш қилади. Вақт ўтибгина меҳнатининг самарасини кўради.
Устознинг заҳмати ҳам шундай. Бугун берилган сабоқ ёки айтилган насиҳатнинг таъсири дарҳол кўринмаслиги мумкин. Аммо йиллар ўтиб шогирд етук олим, малакали мутахассис, ҳалол касб эгаси ёки халққа фойдаси тегадиган инсон бўлганда, унинг ютуғида устозининг меҳнати ҳам борлиги намоён бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
«Инсон вафот этганда, унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадангина узилмайди: садақаи жория, фойдаланиладиган илм ва унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд» (Имом Муслим ривояти).
Устоздан илм олган шогирд ўша билимни бошқаларга ўргатса, устоз бошлаган эзгу иш яна давом этади. Шу маънода, устознинг энг қимматли меросларидан бири — унинг тарбиялаган шогирдларидир.
Шогирднинг ютуғи — устознинг қувончи
Ҳақиқий устоз шогирдининг ўзидан ҳам юксак марраларга чиқишини истайди. Унинг мақсади фақат «мендан илм олсин» эмас, балки илм авлоддан авлодга ўтиб, одамларга наф келтирсин деган холис ниятдир.
Шогирд бирор ютуққа эришганда, унинг ортида бир вақтлар дафтарини текширган, хатосини кўрсатган, саволларига жавоб берган ва унга ишонч билдирган устознинг меҳнати борлиги ёдга тушади.
Устозни унутмаслик
Инсон қанчалик юксак мартабаларга эришмасин, унинг илк қадамларини кимдир бошлаб берганини унутмаслиги керак. Устозларни эҳтиром қилиш, ҳолидан хабар олиш, дуоларида эслаш ва улардан олинган илмни бошқаларга етказиш – шогирдлик одобидир.
Қуръони каримда:
«Эҳсоннинг (яхшиликнинг) мукофоти фақат эҳсон (яхшилик)дир» (Раҳмон сураси, 60-оят) дейилади.
Устоз бизга илм ва тарбия берди. Биз эса унинг меҳнатини эҳтиром, хайрли дуолар ва яхши амаллар билан қадрлашимиз лозим. Энг катта миннатдорлик эса устоз ўргатган эзгу йўлни ҳаётимизда давом эттиришдир.
Зеро, бир устоз тарбиялаган шогирд эртага бошқа бир инсонга устоз бўлади. Шу тариқа бир инсоннинг меҳнати авлоддан авлодга ўтиб, яна кўплаб қалбларга илм, одоб ва эзгулик нурини олиб киради.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Олим Жўраев