
Ислом тафаккури ва тасаввуф илми тарихида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий алоҳида мақомга эга сиймодир. Унинг исмига замондошлари ва кейинги авлодлар томонидан берилган «Ҳаким» унвони шунчаки эҳтиром ифодаси бўлмай, балки алломанинг нарса ва ҳодисаларнинг яширин моҳиятини, уларнинг ботиний қонуниятларини англай олиш кароматига берилган юксак баҳодир.
Ҳаким Термизий нафақат зоҳирий илмлар – ҳадис, фиқҳ ва тафсирда пешво бўлган, балки инсон руҳиятининг энг теран қатламларини ёритувчи ботиний илмлар ва маърифат нури соҳасида ҳам беқиёс илмий натижалар қолдирган. Маърифат султонининг буюк мақоми унинг энг мураккаб маънавий мунозараларда яққол намоён бўлади. Унинг «Ғоврул умур» (Ишларнинг туб моҳияти) асари айнан мана шундай ҳикмат пешвосига хос бўлган теран таҳлилларни ўз ичига олган ноёб хазинадир.
«Ғоврул умур» асари инсон қалбининг покланиши ва маънавий юксалиш йўлидаги тўсиқларни тадқиқ этувчи фундаментал манбадир. Асарда Иблиснинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишдан бош тортиши ва бунга келтирган «мантиқий» далиллари ҳам таҳлил қилинган. Жумладан асарда ушбу мавзу қуйидагича таҳлил қилинган.
Иблиснинг хатоси унинг қиёсда адашганлиги бўлди. Унинг биринчи даъвоси «олов ва лой» ўртасидаги унсурлар қиёсига таянган эди. У: «Мен оловдан яратилганман, у эса лойдан. Олов лойдан устундир», деган зоҳирий қарашни илгари сурди. Ҳаким Термизий буни Иблиснинг «устунлик» мезонини нотўғри белгилагани деб баҳолайди. Иблис фақат зоҳирий унсурларнинг ташқи кўринишига қараб, илоҳий амрнинг ботиний ҳақиқатини ва инсонга бахш этилган илоҳий руҳнинг қадрини англай олмади. Бундай юзаки мантиқий хато уни маънавий ҳалокатга ва илоҳий даргоҳдан маҳрум бўлишга олиб келди.
Ҳаким Термизий Иблиснинг «олов лойдан устун» деган даъвосини чиппакка чиқариш учун табиий унсурларнинг ахлоқий табиати ва ҳикматига таянади. Аллома сувнинг (лой асоси сифатида) оловдан устунлигини қуйидагича исботлайди:
Ҳаётбахшлик ва вайронкорлик: Олов ўз табиатига кўра куйдирувчи ва йўқ қилувчидир. Сув эса ҳаёт манбаи бўлиб, у бор жойда кўкариш, ўсиш ва ободончилик бўлади.
Қудрат ва ғалаба: Олов қанчалик баланд кўтарилмасин, сув уни ўчириш хусусиятига эга. Демак, таъсир кучи нуқтаи назаридан ҳам сув оловдан кучлироқдир.
Тавозе ва кибр: Термизий бу ерда табиий унсурларни ахлоқий тушунчалар билан синтез қилади. Оловнинг табиатида «кибр» (юқорига интилиш) бор, сувнинг табиатида эса «тавозе» (пастга интилиш) мавжуд. Инсон яратилган лойнинг асли бўлмиш сувдаги тавозе уни шайтоннинг оловидаги кибрдан юқори қўяди.
Шу тариқа, аллома ҳикмат нуқтаи назаридан лойнинг оловдан нақадар устун ва ҳаётбахш эканини мантиқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлайди.
Ҳаким Термизийнинг илмий салоҳияти шундаки, у Иблис билан бўлган ушбу мунозараларни шунчаки тарихий баҳс сифатида эмас, балки инсон руҳиятининг теран таҳлили сифатида тақдим этади. Алломанинг раддиялари инсониятни нафс кибридан ва шайтоннинг юзаки мантиқий тузоқларидан асрашда беқиёс аҳамиятга эга.
Унинг «ҳикмат» ва «маърифат» орқали эришган натижалари шуни кўрсатадики, ҳақиқий устунлик риёзат муддатининг кўплигида ёки моддий кучда эмас, балки қалбнинг поклиги ва ундаги илоҳий нурнинг зиёсидадир. Ҳаким Термизий мероси бизга нафсни жиловлаш, шайтон макрини англаш ва инсонийлик қадрини ботиний ҳақиқатлар орқали англаш бўйича мукаммал дарс беради.
Қамбаров Иқболжон – Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази кичик илмий ходими.