ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ЎЗИГА КЕРАКЛИ ЖОЙИДАН ЮЛИБ ОЛИБ ТАЛҚИН ҚИЛИШНИНГ ХАВФИ

by Matbuot xizmati
13 👁️

Бугун ижтимоий тармоқларда баъзи кишилар Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг бир қисмини кесиб олиб, ўз қарашларини исботлаш учун «далил» сифатида келтираётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Лекин Қуръондан бир оятни ёки унинг маъноларининг таржимасини ўқиш — уни тўлиқ тушуниш ва ундан ҳукм чиқариш дегани эмас. Қуръонни тўғри англаш учун араб тилини билиш билан бирга, оятнинг контексти, нозил бўлиш сабаби, тафсири ва уламоларнинг шарҳларини ҳам ўрганиш зарур.

Оят ва ҳадисларни тўғри тушуниш учун илм аҳлига мурожаат қилиш зарур. Чунки Қуръон ва ҳадисларнинг маъносини англашда уларнинг контексти, нозил бўлиш сабаби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, саҳобалар тушунчаси ва мўътабар уламоларининг тафсир ва шарҳларига таяниш муҳим. Шунингдек, инсон билмаган ёки тушунишда қийналган масалаларда илм аҳлидан сўраши лозим. Аллоҳ таоло:  

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранглар» (Наҳл сураси, 43-оят), деб марҳамат қилган.

Қуръон ҳақида илмсиз гапиришдан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, шундай деганлар: «Ким Қуръон ҳақида илмсиз (билмасдан) гапирса, дўзахдаги жойини тайёрлайверсин», деб қаттиқ огоҳлантирганлар.

Контекстдан узишнинг фожиаси — Нуҳ алайҳиссалом қавми мисоли

Қуръон оятларини олдинги ва кейинги оятлардан узиб олмаслик қанчалик муҳимлигини Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги оятларда кўришимиз мумкин.

Аввало, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга шундай ваҳий қилган:

وَأُوحِيَ إِلَىٰ نُوحٍ أَنَّهُ لَن يُؤْمِنَ مِن قَوْمِكَ إِلَّا مَن قَدْ آمَنَ فَلَا تَبْتَئِسْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

«Нуҳга: “Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, уларнинг қилаётган ишлари туфайли қайғурма”», деб ваҳий қилинди (Ҳуд сураси, 36-оят).

Нуҳ алайҳиссалом қавмидан энди бошқа ҳеч ким иймон келтирмаслиги маълум қилинганидан сўнг, у зот қавми ҳақида шундай дуо қилганлар:

وَقَالَ نُوحٌ رَّبِّ لَا تَذَرْ عَلَى الْأَرْضِ مِنَ الْكَافِرِينَ دَيَّارًا

«Нуҳ айтди: “Эй Роббим! Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин” (Нуҳ сураси, 26-оят).

Агар киши фақат шу оятнинг ўзини ўқиса, гўёки ер юзидаги барча кофирларни барчасини ҳалок қилиш сўралгандай ва бу умумий қоидадек туюлади. Аммо дарҳол кейинги оят бу дуонинг асл сабабини очиқлайди:

إِنَّكَ إِن تَذَرْهُمْ يُضِلُّوا عِبَادَكَ وَلَا يَلِدُوا إِلَّا فَاجِرًا كَفَّارًا

«Чунки агар Сен уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат фосиқ, ношукур(лар)ни туғарлар» (Нуҳ сураси, 27-оят).

Демак, 26-оятдаги дуони 27-оятдан ажратиб қарамаслик керак. Шунингдек, уни Ҳуд сурасидаги 36-оят билан бирга ўқисак, воқеа янада аниқроқ тушунилади: Нуҳ алайҳиссаломга қавмидан иймон келтирадиганлар қолмагани билдирилган, кейин эса уларнинг узоқ йиллик қаршилиги ва одамларни ҳақдан адаштириши сабабли улар ҳақида дуо қилганлар.

Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмининг келажаги ҳақида шунчаки тахмин қилиб гапирмаяптилар. У зот ўз қавмининг ҳолатини узоқ йиллар давомида кўриб, уларнинг табиатини яхши билганлар.

Уламолар буни узоқ давом этган тажриба билан ҳам изоҳлаганлар. Нуҳ алайҳиссалом қавмлари орасида 950 йил яшаганлар. Шу давр мобайнида уларнинг даъватга қандай муносабатда бўлганини, ҳақдан қандай юз ўгирганини ва авлоддан-авлодга куфр қандай ўтиб борганини кўрганлар.

Тафсирларда келтирилишича, улардан бир киши ўз боласини Нуҳ алайҳиссаломнинг олдиларига олиб келиб: «Эй болам, мана бу кишидан (Нуҳ алайҳиссаломдан) эҳтиёт бўл! У ёлғончидир. Отам ҳам менга худди шуни васият қилган эди», дер эди. Шу тариқа катталар ўзларидан кейинги авлодни ҳам ҳақиқатдан қайтариб борар эдилар. Натижада йиллар ўтиши билан уларнинг авлодлари ҳам куфр ва адашишда давом этарди.

Шунинг учун бу оятларни ўзаро боғлаб ўқиганда, Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоси уларнинг узоқ йиллик ҳолати, давомли қаршилиги ва одамларни ҳақдан адаштиришидан келиб чиққанини англаймиз.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: бу оятни умумий қоида қилиб олиш мумкин эмас. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми ҳақидаги бу тушунтириш муайян қавмнинг муайян ҳолатига тааллуқли бўлиб, уни бошқа одамлар ёки бошқа вазиятларга ўзбошимчалик билан татбиқ қилиш тўғри эмас.

Шунинг учун Қуръондан бир оятни олиб, унинг олдинги ва кейинги оятларини, сабабини ва тафсирини ҳисобга олмасдан хулоса чиқариш жуда хавфли. Оятнинг маъноси кўпинча унинг олдинги ва кейинги оятлари билан бирга ўқилганда тўлиқ намоён бўлади.

Қолаверса, суранинг давомида у зот фақат дуоибад билан чекланмай, мўминлар учун мағфират ҳам сўраганлар (Нуҳ сураси, 28-оят).

Тарихда хорижийлар оқими (хусусан, уларнинг етакчиларидан бири Нафеъ ибн ал-Азрақ) айнан шу оятнинг зоҳирий, ташқи маъносини узиб олган. Улар саҳобаларнинг тафсирини инкор қилиб, шу оят асосида ўзларига мухолиф бўлган мусулмонларнинг ҳатто балоғатга етмаган бегуноҳ гўдакларини ҳам ўлдириш мумкин, деган фожиали хулосага келишган.

Айниқса, бугунги ёшлар ижтимоий тармоқларда турли кишиларнинг оят ва ҳадислар ҳақидаги гапларини эшитганда, «Оятдан гапираяпти, демак, айтгани тўғри», деб дарҳол ишониб кетмасликлари керак. Агар бирор масалани тушунмасалар, ўз атрофларидаги ишончли ва мўътабар уламолардан сўрашлари лозим. Бирор кишининг гапига кўр-кўрона эргашиш эмас, далилни тўғри тушуниш ва уни илм аҳлига текширтириш керак.

Қуръон оятини ўқиб олиш — ундан ҳукм чиқариш ҳуқуқини бермайди. Ҳадисни ўқиб олиш — уни ўзича талқин қилиш дегани эмас. Таржимани ўқиб олиш — тафсир ва фиқҳ илмларини эгаллаш дегани эмас.

Шунинг учун биров оят ёки ҳадис келтириб: «Қуръонда мана шу бор, демак, ҳукм шу!» деса, дарҳол ишониб кетмайлик. Аввало унинг контексти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарҳлари, саҳоба ва тобеинларнинг тушунчаси ҳамда мўътабар мазҳаб уламоларининг изоҳларига мурожаат қилайлик.

Оят ва ҳадисларни контекстидан ажратиб, ўзимизга керакли маънони чиқармайлик. Аввало, уларни тўғри тушунишга ҳаракат қилайлик. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай гапга кўр-кўрона ишониб, эргашиб кетмайлик. Динни ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил маълумотлар, аудио ва видеолардан эмас, атрофимиздаги ишончли илм аҳли ва мўътабар уламолардан ўрганайлик.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жўраев Олим

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика