
Сўз инсоннинг ички дунёсини ошкор этади: у кўнгилни кўтариши ҳам, қалбни жароҳатлаши ҳам мумкин. Шу сабабли сўзлашув маданияти – фақат чиройли гапириш эмас, балки одоб, масъулият ва инсон қадрини асраш санъатидир. Инсоннинг кимлиги фақат унинг ташқи кўриниши, эгаллаган лавозими ёки моддий имкониятлари билан белгиланмайди. Унинг маънавий қиёфаси, аввало, муомаласи ва сўзлашув тарзида намоён бўлади. Баъзан биргина мулойим сўз кишининг кўнглини кўтариб, унга умид ва ишонч бағишласа, ўйламай айтилган қўпол ибора қалбда узоқ йиллар битмайдиган жароҳат қолдириши мумкин. Шу боис исломий таълимотда ҳам, миллий қадриятларимизда ҳам тил одоби инсон тарбиясининг энг муҳим мезонларидан бири сифатида қаралади.
Сўзлашув маданияти ўз ичига сўзнинг мазмуни, оҳанги, айтиладиган ўрни, вақти, суҳбатдошнинг ёши ва руҳий ҳолатини ҳисобга олиш, тинглашни билиш, бошқаларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби кўплаб фазилатларни қамраб олади. Демак, маданиятли сўзлаш учун бой луғатнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун инсонда одоб, фаросат, сабр, масъулият ва меҳр ҳам бўлиши керак.
Ислом динида инсон тилига катта масъулият юкланади. Чунки тил орқали зикр ва дуо ҳам қилинади, ёлғон, ғийбат, туҳмат ва ҳақорат ҳам содир этилади. “Бақара” сурасининг 83-оятида “… одамларга яхши гаплар айтинг, …” – деб буюрилган. Мазкур жумлани Имом Ҳасан Басрий тафсир қилиб, “Яхши гап – амри маъруф, наҳйи мункар, ҳилму афв, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир” – деб айтганлар. Шунингдек, “Исро” сурасининг 53-оятида “Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир.” – дейилади. Бу кўрсатмалар инсоннинг ҳар қандай вазиятда ҳам сўзини назорат қилиши, ўз фикрини эзгулик ва одоб доирасида ифодалаши зарурлигини англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гапирсин ёки сукут сақласин”, деганлар. Ушбу ҳикматли кўрсатмада сўзлашув маданиятининг жуда муҳим мезони мужассам: айтилаётган сўз фойдали, рост ва яхши бўлмаса, уни айтмаганинг маъқул.
Афсуски, кундалик ҳаётда инсонлар баъзан гапиришдан олдин сўзининг оқибатини ўйламайди. Ғазаб устида айтилган ҳақорат, ҳазил ниқоби остидаги масхара, текширилмаган хабарни тарқатиш ёки бир кишининг камчилигини бошқалар олдида муҳокама қилиш оддий ҳолатдек кўриниши мумкин. Аслида эса бундай сўзлар одамлар ўртасидаги ишончни йўқотади, адоватни кучайтиради ва жамият маънавий муҳитига зарар етказади.
Исломий сўзлашув маданиятида ростгўйлик асосий ўрин тутади. Бироқ рост гапириш дегани ҳар қандай ҳақиқатни исталган шаклда айтиш мумкинлигини англатмайди. Ҳақиқатни ҳам одоб, мулойимлик ва ҳикмат билан етказиш лозим. Инсонни бошқалар олдида уялтириш ёки унинг кўнглини оғритиш мақсадида айтилган “рост гап” насиҳат эмас, озор бўлиши мумкин. Чинакам насиҳат инсоннинг обрўсини сақлаган, камчилигини тузатишга ундаган ҳолда, яккама-якка ва самимий тарзда билдирилади.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг маънавий қиёфаси унинг сўзи ва муомаласида яққол намоён бўлади. Шунинг учун ҳар бир сўзни айтишдан олдин унинг мазмуни, оҳанги ва инсон қалбига таъсирини ўйлаш, ҳақиқатни ҳам одоб, мулойимлик ва ҳикмат билан ифодалаш муҳимдир. Яхши сўз инсонга умид ва ишонч бағишласа, ўйламай айтилган бир оғиз сўз унинг қалбига озор етказиши мумкин. Ислом таълимотидаги “яхши гапирсин ёки сукут сақласин” деган ҳикмат ҳам ҳар бир инсонни тилига эътиборли, сўзига масъулиятли бўлишга чақиради. Демак, сўзлашув маданияти – чиройли гапиришдан кўра кенгроқ тушунча бўлиб, у одоб, сабр, фаросат, ростгўйлик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини асраш каби юксак фазилатларни ўзида мужассам этади.
Севаров Олимжон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби