
Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш жараёнида ёш авлоднинг маънавий, интеллектуал ва ғоявий етуклиги давлат сиёсатининг энг муҳим ва ҳаёт-мамот масаласига айланди. Аҳолисининг ярмидан кўпини навқирон ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий онги, маънавий дунёқараши ва диний-маърифий саводхонлигини тизимли равишда шакллантириш, уларни турли мафкуравий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш стратегик вазифа саналади.
Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг маънавий-ахлоқий ва маърифий камолоти учун зарур ҳуқуқий база изчил тарзда такомиллаштириб борилмоқда. Шуниси рамзийки, Президент Шавкат Мирзиёйев томонидан имзоланган энг биринчи қонун ҳужжати 2016-йил 14-сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонундир. Мазкур Қонунда ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни ахлоқий негизларни бузадиган хатти-ҳаракатлардан, экстремизм, радикализм ва фундаментализм ғояларидан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланган.
2023-йилда янгиланган Бош қомусимизда ҳам оила, болалар ва ёшлар масалаларига алоҳида боб ажратилди. Диний-маърифий соҳадаги муносабатларни янги, демократик ва инсонпарварлик асосида йўлга қўйиш мақсадида 2025-йил 25-февралда ЎРҚ-1037-сон Қонун билан “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепсияси” қабул қилинди. Мазкур Консепсиянинг асосий вазифаларидан бири жамиятда диний бағрикенглик ва дунёвийлик принципларини таъминлаш, айниқса, ёшлар онгида маърифий иммунитетни кучайтириш, диний радикаллашув ва экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олишдан иборатдир.
Бугунги мураккаб глобаллашув шароитида ғоявий таҳдидларга қарши курашишнинг энг самарали воситаси куч ишлатиш эмас, балки таълим ва огоҳлик экани ҳаётий ҳақиқатга айланди. Шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати ўзининг диний-маърифий ислоҳотларида “Жаҳолатга қарши маърифат” деган эзгу ғояни асосий йўналиш қилиб олди.
Ушбу ғоянинг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолютсияси 2018-йил 12-декабрда БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Ҳужжатнинг бош мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш ҳамда диний эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишдир.
Янги Ўзбекистон тарихидаги энг катта ислоҳатлардан бири бу – юртимизда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини, буюк аждодларимиз маънавий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёйев ташаббуси билан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом сивилизатсияси маркази ташкил этилди.
Ушбу илмий-маърифий масканлар нафақат бой меросни таҳлил қилмоқда, балки ёшлар онгига маърифий ислом қадриятларини сингдиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари ёшларнинг соғлом дунёқарашини шакллантиришда диний ва дунёвий билимларни оқилона мувофиқлаштириш ва тизимли ўқитиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда қуйидаги муҳим ислоҳотлар ҳам амалга оширилмоқда:
- Диний таълим муассасаларида таълим шакллари замонавий стандартларга мослаштирилди. Диний соҳадаги кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида олий диний таълим битирувчиларининг дипломлари давлат олий таълим даражасига тенглаштирилди, магистратура ва докторантура босқичларига асос солинди;
- Тошкент ислом институти ва унинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси замон талабларига мос, юқори малакали соҳа мутахассисларини тайёрлаш орқали мамлакатимизнинг маънавий хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар таассуб ва радикализмга қарши Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Муин ан-Насафий каби алломалар асарларидаги ақлий ва нақлий далиллар асосида илмий раддиялар тайёрламоқдалар;
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Фатво маркази” ташкил этилиб, аҳолининг диний масалаларга оид мурожаатлари юзасидан онлайн савол-жавобларни амалга ошириш мақсадида “1171” қисқа телефон рақами ишга туширилди;
- Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ижтимоий ва ахлоқий онгини юксалтириш мақсадида “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” фанларини бирлаштирувчи яхлит “Тарбия” фани жорий этилди;
- Дунёвийлик принципларига таяниш кафолатланди яъни давлат таълим тизимида диний бетарафликни сақлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик кафолатланган бўлиб, бутун ижтимоий муносабатлар дунёвийлик асосида тартибга солинади.
Ҳозирги ахборот асрида ёшлар онгини бузғунчи ва ёт ғоялардан ҳимоя қилиш жиддий ижтимоий-психологик муаммога айланди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар бузғунчи кучлар қўлида оммавий манипулятсия воситаси сифатида қўлланилмоқда.
Ушбу глобал хавфларга қарши самарали курашиш ва ёшларни ҳимоялаш мақсадида давлат сиёсати даражасида қуйидаги механизмлар ҳам жорий этилмоқда:
- Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарорларига мувофиқ, интернет тармоқларидаги 500 дан ортиқ экстремистик ва радикал мазмундаги контентлар, аккаунтлар ва веб-сайтлар тақиқланган материаллар рўйхатига киритилиб, уларни мамлакат ҳудудида тарқатиш ва сақлаш қонунан ман этилди;
- Ёшлар ишлари агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимият ва ички ишлар органларининг махсус бўлимлари билан ҳамкорликда ёшларнинг экстремистик ғоялар таъсирига тушишини аниқлаш мақсадида онлайн сотсиологик сўровлар ва илмий-назарий таҳлиллар ўтказиб борилмоқда;
- Интернет тармоғининг миллий “.уз” сегментида ёшларга соғлом диний ва маърифий маълумотларни етказиш, онлайн гуруҳларнинг салбий таъсирини камайтириш учун расмий мутахассислар томонидан бошқариладиган маълумотлар базасини бойитиш ҳамда тизимли тарғибот ишларини йўлга қўйиш зарурати белгиланди;
- Адашиб ёт ғоялар таъсирига тушган шахсларни реабилитатсия қилиш доирасида амалга оширилган “Меҳр” операциялари натижасида Яқин Шарқдаги жанговар ҳудудлардан 300 дан ортиқ аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди ва уларни жамиятга мослаштириш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ёшлар тарбиясини болаликдан бошлаб тизимли режалаштириш мақсадида мамлакатимизда “Узлуксиз маънавий тарбия консепсияси” ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу консепсия оила, боғча ва мактаб ҳамкорлигида ёшларда Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, бағрикенглик ва мафкуравий иммунитет каби фазилатларни босқичма-босқич шакллантиришга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистон шароитида ёшларнинг диний-маърифий онгини шакллантиришга оид давлат сиёсати асрий қадриятлар, миллий ўзликни англаш ва дунёвий тамойиллар уйғунлигига асосланган. Мамлакат тараққиёти ва учинчи Ренессанс истиқболи ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятига бевосита боғлиқдир.
Мавжуд илмий-амалий таҳлиллар асосида диний-маърифий онгни янада юксалтириш учун Мотуридийлик ақидаси ва ҳанафий фиқҳига оид мумтоз асарларнинг академик ва изоҳли таржималарини нашр этишни, рақамли медиа ресурслар ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ёшларбоп, жозибадор диний-маърифий электрон контентларни кўпайтиришни ва ёшлар тарбияси борасида давлат органлари, диний идоралар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро самарали ва тизимли ҳамкорлигини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Соғлом диний эътиқод ва юксак дунёвий билимлар уйғунлиги ёш авлодни жамият тараққиётининг фаол иштирокчисига ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг мустаҳкам таянчига айлантиради.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими Ахматов Самандар Олим ўғли