
Ахлоқий тамойиллар Ислом динининг инсон тарбияси ва жамият ҳаётига оид таълимотида алоҳида ўрин эгаллайди. Ислом дини инсоннинг нафақат эътиқоди ва ибодатларига, балки унинг кундалик ҳаётдаги хулқ-атвори, бошқалар билан муносабати, муомала маданияти, сўзлашиш одоби ва жамият олдидаги масъулиятига ҳам катта аҳамият беради. Шу маънода, ахлоқ инсоннинг ички дунёси билан унинг ташқи хатти-ҳаракатларини боғлаб турувчи муҳим мезондир.
Инсоннинг бошқаларга қандай муносабатда бўлиши, заиф ва муҳтож кишиларга ёрдам бериши, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, ғазабини жиловлай олиши, хатоларни кечира билиши ва турли фикрларга нисбатан бағрикенг муносабатда бўлиши унинг ахлоқий камолотини намоён этади. Шу сабабли гўзал ахлоқ шахснинг маънавий етуклигини белгиловчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади.
Ислом томонидан белгиланган ахлоқий тамойиллар шахс ва жамиятнинг ўзаро вазифа ҳамда масъулиятларини аниқ кўрсатиб беради. Эзгулик билан тарбияланган виждон инсонда бошқаларга нисбатан масъулият ҳиссини шакллантиради. Бундай инсон фақат ўз манфаатини ўйлаб қолмай, атрофидаги кишиларнинг ҳуқуқи, шаъни, қадр-қиммати ва манфаатларини ҳам ҳисобга олади. Натижада жамиятда ўзаро ҳурмат, ишонч, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик муҳити вужудга келади.
Муқаддас динимизнинг асосий мақсадларидан бири инсонни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топтириш, уни юксак маданият ва эзгу фазилатлар соҳибига айлантиришдир. Баркамол жамиятни шакллантириш фақат ташқи тартиб-қоидалар билан эмас, балки инсон қалби ва руҳининг покланиши билан боғлиқ. Шу боис Ислом дини ахлоқ масаласига катта эътибор қаратади.
Пайғамбаримизнинг ҳаётлари мусулмонлар учун гўзал ахлоқнинг энг мукаммал намунаси ҳисобланади. Қуръони каримда ҳам Пайғамбаримизнинг юксак ахлоқлари алоҳида эътироф этилиб: “Албатта, Сен буюк хулқ узрасан” (Қалам, 4-оят), деб таъкидланган. Бу оят Пайғамбаримизнинг шахсий ҳаётлари, инсонлар билан муомалалари, кечиримлилиги, сабр-тоқати, раҳм-шафқати ва бағрикенглиги мусулмонлар учун ибрат намунаси эканини кўрсатади.
Гўзал ахлоқнинг муҳим кўринишларидан бири бағрикенгликдир. Инсонлар табиатан турлича фикрлашлари, турли тажриба ва дунёқарашга эга бўлишлари мумкин. Бундай фарқларни душманлик ёки адоват сабаби сифатида эмас, балки жамиятдаги табиий хилма-хиллик сифатида қабул қилиш лозим. Бошқаларнинг фикрини тинглаш, уларни тушунишга ҳаракат қилиш, ўз қарашини зўрлаб қабул қилдирмаслик ва турли масалаларда мулойим муносабатда бўлиш юксак ахлоқ белгисидир.
Ислом ахлоқида ширинсўзлик ва очиқ чеҳралилик ҳам муҳим ўрин тутади. Инсон билан қандай гаплашиш кўпинча айтилаётган фикрнинг ўзидан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин. Тўғри фикрни қўпол ва ҳақоратли тарзда баён қилиш инсонни ҳақиқатдан узоқлаштириши мумкин. Аксинча, мулойим сўз, чиройли муомала ва самимий муносабат инсон қалбига ижобий таъсир кўрсатади.
Қуръони каримда: “Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир” (Исро, 53-оят), деб марҳамат қилинади. Ушбу оят инсонлар ўртасидаги мулоқотда сўзнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Жамият аъзолари ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик асосида муносабатда бўлсалар, турли келишмовчиликларнинг олдини олиш имконияти ортади. Аксинча, қўполлик, кибр, адоват, ҳақорат, муросасизлик ва таассуб кучайган муҳитда жамият аъзолари ўртасидаги ишонч заифлашади. Бу эса гуруҳбозлик, ижтимоий ажралиш ва низоларнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Айниқса, бугунги ахборот маконида гўзал ахлоқ тамойилларига амал қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Ижтимоий тармоқларда инсонлар турли диний ва ижтимоий масалалар юзасидан фикр билдирадилар. Бундай муҳитда бошқаларнинг фикрини ҳақорат қилиш, асоссиз айблаш, ёлғон ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш, муайян гуруҳ ёки мазҳаб вакилларини камситиш таассубнинг замонавий кўринишларига айланиши мумкин. Шу сабабли диний масалаларда фикр билдираётганда илмий асосланганлик, одоб, холислик ва масъулият тамойилларига риоя қилиш зарур.
Гўзал ахлоқ инсонлар ўртасидаги фарқларни йўқ қилишни эмас, балки фарқлар билан бирга тинч ва ҳамжиҳат яшаш маданиятини шакллантиришни назарда тутади. Инсонлар турлича фикрлаши мумкин, аммо бу уларнинг бир-бирини ҳурмат қилишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Айниқса, умумий эътиқод, миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, тинчлик ва жамият фаровонлиги каби муштарак жиҳатлар инсонларни бирлаштирувчи асосий омиллар бўлиб хизмат қилади.
Шундай қилиб, гўзал ахлоқ фақат шахсий фазилат эмас, балки жамият барқарорлиги ва маънавий хавфсизлигининг муҳим омили ҳамдир. Ахлоқан етук, бағрикенг, кечиримли, мулойим ва масъулиятли инсонлар кўпайган сари жамиятда ўзаро ишонч, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик мустаҳкамланади. Аксинча, таассуб, муросасизлик, кибр ва нафратнинг кучайиши жамиятнинг ички бирлик ва барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтайи назардан, ахлоқнинг асосий тамойилларини ёш авлод тарбиясига, жамиятдаги кундалик муносабатларга изчил татбиқ этиш муҳимдир. Гўзал ахлоқ инсонни инсон билан, жамиятни эса ҳамжиҳатлик ва эзгулик билан боғлайдиган маънавий кўприкдир.
Сарвар Саидов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)