БАҒРИКЕНГЛИК УЛУҒ ФАЗИЛАТДИР

by Matbuot xizmati
12 👁️

Бағрикенглик – инсон юксак маданият даражасига эришиши натижасида шаклланадиган фазилатлардан биридир. Жамиятни ташкил этувчи ҳар бир шахснинг ўзига хос характери, мойиллиги ва ҳаётга бўлган қарашлари мавжуд. Инсонларнинг бир-бирининг турлича қараш ва тушунчаларини ҳурмат билан қабул қилиши бағрикенглик деб аталади. Бағрикенглик инсонларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш демакдир.

Бағрикенгликнинг акси таассубдир. Таассуб муайян фикрга кўр-кўрона боғланиб қолиш демакдир. Таассубнинг “сиёсий таассуб”, “касбий таассуб”, “илмий таассуб”, “миллий таассуб”, “диний таассуб”, “мазҳабий таассуб” каби турлари мавжуд.

Таассуб жамиятда яшаётган кишиларнинг ўз қарашларида ҳаддан ташқари қатъий туриб олиши бошқа инсонлар билан улар ўртасида турли муаммолар юзага келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қилинган ёмонликни кечириш етук шахсга хос бўлган хулқ-атвордир. Бу борада пайғамбаримиз мусулмонлар учун гўзал намуна ҳисобланади. У зот ўзларига нисбатан кўрсатилган турли қаршилик ва озорларга қарамай, барчага бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ўзларига озор берган ва ёмонлик қилган кишиларни кечирганлар ҳамда уларнинг тўғри йўлга киришлари учун дуо қилганлар. Чунки у зот инсониятга раҳмат сифатида юборилганлар. Анбиё сурасининг 107-оятидаги “Биз Сизни фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” мазмунидаги оят ҳам айни ҳақиқатни тасдиқлайди.

Пайғамбаримиз бағрикенгликнинг энг гўзал намуналаридан бирини Макка фатҳида намоён этганлар. У зотга Маккада яшаш имконини бермаган, турли зулм ва ёмонликларни қилган маккаликлар қаршисида Пайғамбаримиз: “Мен сизларга нима қилишим мумкин деб ўйлайсизлар?” деганларида, улар: “Сен яхши биродарсан ва яхши биродарнинг ўғлисан”, деб жавоб берганлар. Шунда Пайғамбаримиз: “Боринглар, сизлар озодсизлар”, деб уларни кечирганлар.

Яхши ният тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлган бағрикенглик жамиятдаги тинчлик ва ўзаро келишувни таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Жамиятда яшовчи инсонларнинг турли қарашлари ва масалаларга нисбатан турлича ёндашувлари бўлиши мумкин. Бироқ бундай фарқларга сабр билан муносабатда бўлиш, уларни ҳурмат қилиш, тушуниш ва бағрикенглик билан ёндашиш лозим. Зеро, жамият сифатида бизни бирлаштириб турадиган умумий эътиқодлар, умумий қадриятлар ва муштарак жиҳатлар мавжуд.

Бундан ташқари, биргаликда яшаш жараёнида инсонлар баъзан бир-бирларига нисбатан хато қилиши ёки ранжитиши мумкин. Қаршимиздаги инсоннинг хатосини кечириш мақбул хатти-ҳаракатдир. Чунки бунинг натижасида ўзаро хафагарчиликлар барҳам топади ва жамиятда тинчлик ҳамда тотувлик қарор топади. Қуръони каримдаги қуйидаги оят бу масалани жуда чиройли баён этади:

“Афвни қабул қил, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир.”
(Аъроф сураси, 199-оят)

Ушбу ояти карима ҳам бағрикенгликнинг ҳар бир инсон, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаётидаги асосий тамойил эканлигини, ушбу хислат энг гўзал фазилатлардан ҳисобланишини далиллайди.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика