Ҳадисларни инкор қилувчиларнинг ғоя ва фикрлари

by Matbuot xizmati
5 👁️

Ҳар бир фирқанинг ўз олдига қўйган режаси ва мақсади бўлади. Юқорида зикри ўтганларнинг қандай режалари бор? Бу учта нарсадан иборат. Уларнинг баъзиси мана шу учта нарсани бирданига даъво қилади, айримлари бировини даъво қилиб чиқади.

Уларнинг биринчи ботил ғоялари, номақбул фикрларича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифаси Қуръонни етказиш, холос. У зотнинг пайғамбарлик сиймоси, яъни суннатлари, топширадиган вазифа ва кўрсатмалари йўқ. Шунинг учун фақат Қуръони каримга итоат қилиш вожиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга пайғамбарлик юзасидан на саҳобага ва на кейинги умматга вожиб» эмиш. Аллоҳ бундай эътиқоддан ўзи асрасин!

Яна бунга қўшимча: улар «матлув ваҳий» бор, «ғайриматлув ваҳий» йўқ дейдилар. Бизлар эса «ғайриматлув» ваҳий ҳам бор деймиз. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръондаги ояти карималардан бошқа ҳам ваҳий кўрсатмалари бўлган деймиз. Улар асосида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатни бизларга шакллантириб берганлар.

Ҳозирги Қуръони каримга киритилган оятлар «матлув» – тиловат қилинадиган оятлардир. Бу аҳли суннат ва жамоатнинг ижмоъси билан собит бўлган нарсалардир. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга махсус ваҳий орқали шариатнинг айрим ҳукмларини баён қилиб берган кўрсатмалари мавжуддир. Уларни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатга асло хиёнат қилмаган ҳолда умматларига тўлалигича етказганлар. Бироқ ушбу ҳақиқатларни инкор этаётган адашган тоифалар бугун Аллоҳ таолога ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам хиёнат қилмоқдалар.

Уларнинг «ғайриматлув»ни инкор этишлари Қуръони каримни тушуниш учун бошқа нарса керак эмас, хусусан, ҳадиси шарифлар керак эмас, уларга эҳтиёж йўқ дейишлари учун керак эди.

Иккинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иршодлари, кўрсатмалари саҳобаларга вожиб бўлган, бизга вожиб эмас, у зотга итоат этиш унинг давридаги саҳобаларгагина вожиб бўлган, қолган умматларга вожиб эмас» эмиш.

Учинчи ботил ғоялари, уларнинг номақбул фикрлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмалари, иршодлари ҳаммага вожиб эди, барча умматга вожиб бўлган, бироқ ҳозирда бизгача етиб келган ҳадислар ҳужжат бўлишга яроқли эмас. Сабаби, ҳадисларнинг бизларгача етиб келган силсилаларида, иснодларида турли-туман гап-сўзлар мавжуд. Қисқаси, бизга саҳиҳ ва ишончли санад билан биронта ҳадис етиб келмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги саҳобалар кўрсатмаларни ўзларидан олгани учун уларга итоат этиш вожиб, бироқ кейингиларга, хусусан, бизларга кўрсатмалар ишончли бўлиб етиб келмагани боис итоат асло вожиб эмас», – дейдилар.

Ҳадисларни инкор этадиганларнинг барчаси қандай тоифа бўлишидан қатъи назар, юқорида айтилган учта ғоянинг бировини даъво қиладилар.

Уларнинг бу бузиқ ғояларига аҳли суннат ва жамоат олимлари етук маърифат билан жавоблар беришган.

Абу Исо ат -Темризий“Суноний Термизий шарҳи” 1-жилд муқаддима китобидан

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика
Hakim Termiziy 1200 yilligi xalqaro ilmiy konferensiyasi