Оилалар бузилиш сабаби нимада ?????

by Matbuot xizmati
9 👁️

Оила – муқаддас тушунча. Ҳар бир одам ўзини оиласиз тасаввур қила олмайди. Оила жамиятнинг бир бўлаги.  Барча нарса жуфт-жуфт бўлиб яратилган экан, жуфт бўлиб яшаш табиат қонунидир. Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир” (Аъроф сураси, 189-оят).

Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир. Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир. Умр йўлдошини танлашда ҳар икки томон ҳам тенг ҳуқуққа эгадир.  Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Оиладаги тотувлик эса кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Яъни оила маънавий жиҳатдан бутун бўлсагина, мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оилалардан ташкил топган мамлакат эса, албатта, қудратли бўлади.Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни яраштириш куни бўлгани учун биз отинойилар ҳам яраштириш комисияси аъзоларимиз.Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир. Ҳозирги кунда тобора авжига чиқиб келаётган оиладаги ажримлар муаммоси ҳеч кимга сир эмас албатта. Баъзи ёшларимизнинг оила деб аталмиш муқаддас тушунчани англай олмаганлиги ва натижада ўртада туғилган фарзандлар “тирик етим” бўлиб қолаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Aрзимаган важлар сабаб оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. “Боланинг уволи тутади”, деган гаплар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Aфсуски, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини уйламайдиган ота-оналар ҳам орамизда йўқ эмас.

Хўш, нима учун бундай ҳолатнинг вужудга келяпти? Aсл сабаби нимада? Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили — уларнинг ҳуқуқий билимга етарли даражада эга емасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан далолат беради. Шунинг учун улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар.

Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, фарзандсизлик, хиёнат, эрларнинг четга аёлисиз чиқиб кетиб узоқ йил бирга яшамаслик,  оилавий келишмовчиликлар ва қолган ҳолатларда ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, талоқ хукмини билмасликлари,  рўзғорни моддий таъминлаш, фарзандларни маънан ҳамда жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари, деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди.

Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиққан.

Биламизки, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигида оила бошлиғи — эркакларнинг ўрни ҳамда масъулияти жуда катта. Чунки ҳаётнинг қийинчиликларини улар ўз елкаларига оладилар. Aфсуски, амалиётда кўриб турибмизки, эркакларнинг оилавий муносабатларда ўз ўрнини йўқотиб қўяётгани, яъни иккинчи даражага тушиб қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Аллохим ҳар бир оила барқарор бўлишини, фарзандлар ота-она бағрида ўсишини насиб айласин.

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Касимова.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика
Hakim Termiziy 1200 yilligi xalqaro ilmiy konferensiyasi