
IX–X асрларда яшаб ижод қилган Ҳаким Термизий ислом тафаккури ва тасаввуф тарихида ўзига хос ўрин эгаллаган мутафаккирлардан биридир. Унинг илмий-маънавий мероси инсоннинг ички дунёси, ахлоқий камолоти, билим ва маърифатга эришиш йўллари ҳақидаги қарашлари билан аҳамиятлидир.
Аллома асарларида инсоннинг ўзини англаши, нафсини тарбиялаши ва маънавий етукликка интилиши масалалари кенг ёритилган. Ҳаким Термизийнинг қарашлари, айниқса, валийлик — вилоя тушунчасини изоҳлашга бағишланган мулоҳазалари билан тасаввуф тарихида муҳим из қолдирган. У ушбу мавзуни тизимли равишда таҳлил қилган мутафаккирлардан бири бўлиб, “Хатм ал-авлиё” асарида валийликнинг моҳияти, маънавий камолот мезонлари ва инсоннинг Яратганга яқинлашуви билан боғлиқ масалаларни ёритади.
Хусусан, Ибн ал-Арабий ижодида Ҳаким Термизий илгари сурган айрим ғоялар билан муштарак жиҳатлар ва улардан ижодий фойдаланиш аломатлари кузатилади.
Аллома қалб ва нафс муносабати ҳамда валийлик масалаларини чуқур таҳлил қилиб, ушбу йўналишдаги назарий қарашларнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган олим сифатида эътироф этилиши лозим.
Қалб, нафс ва маърифат уйғунлиги Ҳаким Термизий меросининг муҳим жиҳатларидан бири — инсоннинг ташқи хатти-ҳаракатлари билан ички дунёси ўртасидаги муносабатга эътибор қаратилганидир. Унинг қарашларида қалб инсоннинг маънавий англаши ва идрок этиш жараёнида алоҳида ўрин тутади. Нафсни тарбиялаш, истакларни бошқариш, ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш ва маърифатга интилиш эса инсон камолотининг муҳим шартлари сифатида намоён бўлади.
Бу ёндашувда билимнинг ўзи кифоя эмас: инсон олган билимини англаб, уни хулқ-атвори ва кундалик ҳаётида намоён эта олиши керак. Шунинг учун маърифат фақат маълумот тўплаш билан чекланмайди. У инсоннинг ўзини, масъулиятини ва бошқаларга муносабатини қайта кўриб чиқиши билан ҳам боғлиқ.
Мазкур фикрларни бугунги таълим ва тарбия жараёни нуқтайи назаридан ҳам таҳлил қилиш мумкин. Ҳозирги даврда ёшларнинг билимини ошириш билан бир қаторда, уларда мустақил фикрлаш, ўзини бошқариш, масъулиятни ҳис этиш ва жамият билан соғлом муносабат ўрнатиш кўникмаларини шакллантиришга эҳтиёж катта. Ҳаким Термизий мероси айнан шу масалаларни тарихий-маънавий нуқтайи назардан мушоҳада қилиш имконини беради.
Албатта, ўрта аср тасаввуф таълимотини замонавий психология ёки педагогика билан айнан тенглаштириш тўғри эмас. Уларнинг шаклланган тарихий шароити, мақсади ва методлари турлича. Бироқ инсоннинг ички олами, ўзини англаш, ахлоқий танлов ва шахсий масъулият каби мавзуларни қиёсий ўрганиш икки давр қарашлари ўртасидаги муштарак жиҳатларни очиш мумкин.
ХХ асрда шаклланган инсон капитали назариясида Гари Беккер ва Теодор Шултс каби иқтисодчилар билим, таълим, касбий тайёргарлик ва кўникмаларни иқтисодий тараққиётнинг муҳим омиллари сифатида таҳлил қилган. Амартя Сен ва Марта Нуссбаум билан боғлиқ имкониятлар ёндашуви эса инсон тараққиётини фақат даромад ёки моддий фаровонлик билан ўлчамасдан, инсоннинг танлаш, фаолият юритиш ва муносиб ҳаёт кечириш имкониятларига ҳам эътибор қаратади.
Ҳаким Термизий қарашларини мазкур назариялар билан қиёслашда уларнинг ўртасидаги фарқни сақлаш зарур. Аллома меросида маънавий камолот, қалб тарбияси ва маърифатга эришиш масалалари марказий ўринда турса, замонавий инсон капитали назарияси кўпроқ таълим ва кўникмаларнинг иқтисодий самарасини ўрганади. Имкониятлар ёндашуви эса инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар ва реал имкониятларни таҳлил қилади.
Шунга қарамай, бу қарашларни қиёсий ўрганиш муҳим саволни юзага чиқаради: инсон тараққиётини фақат касбий билим, иқтисодий самарадорлик ва моддий натижалар билан баҳолаш етарлими? Ёки билим ва кўникмалар билан бир қаторда ахлоқий масъулият, ўзини англаш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва маънавий етуклик ҳам эътиборга олиниши керакми? Ҳаким Термизий мероси ушбу саволга замонавий иқтисодий назария ўрнини босувчи тайёр жавоб бермайди. Бироқ у инсон камолотининг маънавий-ахлоқий томонларини чуқурроқ англаш учун муҳим тарихий манба бўла олади. Шу маънода, аллома қарашларини бугунги инсон тараққиёти ҳақидаги илмий мунозаралар билан қиёслаш тарихий мероснинг замонавий аҳамиятини очишга хизмат қилади.
Ҳаким Термизий илмий меросини кенгроқ ўрганиш учун, аввало, унинг асарларини манбашунослик асосида тадқиқ этиш, мавжуд қўлёзма ва нашрларни қиёслаш, тушунчалар мазмунини ўз даври илмий-маънавий муҳити билан боғлиқ ҳолда талқин қилиш зарур. Бу ёндашув аллома фикрларини замонавий тушунчаларга сунъий мослаштиришнинг олдини олади ва унинг меросини илмий асосда баҳолаш имконини беради.
Шунингдек, Ҳаким Термизий қарашларини таълим ва тарбия амалиёти билан боғлашда ҳам пухта ёндашув талаб этилади. Унинг асарларидаги ўзини англаш, нафсни тарбиялаш, билим ва амал бирлиги каби ғоялар тарихий мазмуни сақланган ҳолда таҳлил қилиниши, замонавий педагогик мақсадлар билан боғлиқ жиҳатлари эса алоҳида асосланиши лозим. Бунда аллома қарашларини шунчаки замонавий атамалар билан қайта номлаш эмас, балки уларнинг мазмуни, имкониятлари ва қўлланиш чегараларини аниқлаш муҳим.
Рақамлаштириш ишлари ҳам бу йўналишнинг муҳим қисмидир. Асарларнинг ишончли электрон нусхаларини яратиш, таржималар ва илмий изоҳларни бир жойда жамлаш, тадқиқотчилар учун очиқ маълумот базаларини ривожлантириш меросни халқаро илмий муомалага кенгроқ олиб киришга ёрдам беради. Шу билан бирга, таржима ва оммабоп материалларда тарихий атамалар маъносини сақлаш, манбалар ва талқинларни бир-биридан фарқлаш зарур.
Термиз заминидан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда Ҳаким Термизий халқаро миқёсда ҳам эътибор қозонган илмий-маънавий мерос соҳибларидан бири сифатида муҳим аҳамиятга эга. Бунда халқаро илмий ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар, таржима лойиҳалари ва мутахассислар ўртасидаги тажриба алмашинуви жиҳатларни очиш мумкин.
Ҳаким Термизий меросининг бугунги аҳамияти унинг қарашларини замонавий назарияларнинг айнан ўзи сифатида кўрсатишда эмас, балки инсоннинг маънавий камолоти, ахлоқий масъулияти ва ўзини англаши ҳақидаги фикрларини илмий асосда ўрганишдадир. Тарихий мерос замонавий ҳаёт билан ана шундай қиёс, далилларга таянган ва мазмунли мулоқотга киришгандагина жамият учун янги маъно касб этади.
Худойназаров Фахриддин – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими