ИСТИҚЛОЛ — ЎЗЛИК, ИЛМ ВА МАЪРИФАТ ТАЯНЧИ

by Matbuot xizmati
10 👁️

Баъзи саналар тақвимдаги оддий рақам эмас. Улар миллат тақдирига муҳрланган тарихдир. 1991 йил 31 август ана шундай улуғ сана — халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан, Ўзбекистон ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритган тарихий кундир. Мустақилликнинг қадрини йиллар ўтгани сари янада теранроқ англаймиз. Чунки истиқлол бизга нафақат сиёсий эркинлик, балки ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш, тарихимизни холис ўрганиш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий хазинани эркин тадқиқ этиш ва уни дунёга танитиш имконини ҳам берди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган даврга назар ташлар эканмиз, истиқлол йилларида юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Бу ислоҳотлар нафақат иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни, балки халқимизнинг маънавий ҳаётини ҳам тубдан янгилади. Айниқса, миллий тарихимиз ва қадриятларимизни қайта тиклаш, буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, илм-фан ва маърифатни жамият тараққиётининг муҳим таянчига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса миллий ўзлигимизни янада чуқур англашимизга, аждодларимизга муносиб ворис бўлиш туйғусининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Бу жараён, айниқса, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганишда яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон замини асрлар давомида жаҳон илм-фани ва маданиятининг йирик ўчоқларидан бири бўлиб келган. Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф, Шош, Кеш, Фарғона каби тарихий шаҳарларнинг марказларда ҳадис, фиқҳ, тафсир, калом, тасаввуф, фалсафа, астрономия, математика, тиббиёт, адабиёт каби илмлар кенг ривож топгани тарихий манбаларда ўз аксини топган. Бу заминдан етишиб чиққан Имом Бухорий (810–870), Имом Термизий (824–892/893), Имом Мотуридий (тахминан 870–944), Аҳмад Фарғоний (тахминан 797–865), Абул Муин Насафий (1027–1114), Абу Юср Паздавий (1030–1099), Қаффол Шоший (904–976), Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) сингари алломаларнинг номлари бугун нафақат мамалакатимизда, балки халқаро доирада доимий тилга олинади.

Бу улуғ зотлар ҳар бири ўз соҳасида улкан илмий-маънавий мактаб яратди. Энг муҳими, уларнинг бой маънавий меросида илм билан ахлоқ, билим билан масъулият, тафаккур билан маънавият уйғунлашган. Шу боис бугун аждодлар меросини ўрганиш фақат ўтмишга қизиқиш эмас, балки келажак авлоднинг дунёқарашини бойитиш, илмга ҳурмат ва маърифатга интилишни кучайтиришнинг муҳим воситасидир.

Мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва ёш авлодга етказиш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Бунинг учун зарур ҳуқуқий ва илмий-институсионал асослар яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2855-сон қарори асосида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2017 йил 14 февралдаги ПҚ-2774-сон қарори асосида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4802-сон қарори асосида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Мазкур марказлар фаолияти юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини тизимли тадқиқ этиш, асарларини ўрганиш, таржима ва нашр қилиш ҳамда улардаги эзгу ғояларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шу кенг кўламли маърифий жараёнда қадимий Термиз заминининг ўрни ва ундан етишиб чиққан алломаларнинг бой мероси алоҳида аҳамиятга эга. Қадимги Термиз асрлар давомида Шарқнинг муҳим илм ва маданият марказларидан бири бўлиб келган. Бу заминда ҳадисшунослик, фиқҳ, тафсир, калом ва тасаввуф соҳаларида ўзига хос илмий муҳит шаклланган. Термизийлар номи билан танилган алломаларнинг асарлари Мовароуннаҳр ва Хуросон илм-фани тараққиётида муҳим ўрин тутган.

Бу маънавий мактабнинг энг улуғ вакилларидан бири — Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (824–892/893) дир. Имом Термизий ҳадис илмининг буюк намояндаларидан бири сифатида илм талабида турли юртларга сафар қилди, машҳур муҳаддислардан таълим олди ва ўзидан бой илмий мерос қолдирди. Унинг «Ал-Жомиъ» («Сунани Термизий») асари ҳадис илмининг муҳим манбаларидан бири саналади. «Аш-Шамоил ан-Набавийя» («Шамоили Муҳаммадия») асари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоби, фазилатлари ва ҳаёт тарзини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Имом Термизий асарларининг бугунги кунда ҳам ўрганилаётгани уларнинг илмий ва маънавий қиммати юксаклигидан далолат беради.

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Термиз заминидан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларини ўрганиш, таржима ва нашр қилиш, илмий натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида иш олиб бормоқда. Марказ фаолиятининг муҳим аҳамияти шундаки, Термизийлар мероси энди алоҳида-алоҳида сиймолар фаолияти доирасидагина эмас, балки яхлит илмий мактаб ва маънавий муҳит сифатида тадқиқ этилмоқда. Термизий нисбаси билан ижод қилган 230 га яқин аллома ҳаёти ва фаолияти бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу рақам Термиз заминида шаклланган илмий-маърифий муҳитнинг кўламини тасаввур қилиш имконини беради. Улар орасида Ҳаким Термизий (820–932), Абу Бакр Варроқ Термизий (вафоти 907), Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Термизий (816–909), Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий (1165–1240), Хожа Самандар Термизий (тахминан 1638–1740), Адиб Собир Термизий (1078–1147), Мунжик Термизий (Х аср) каби аллома ва адиблар бор. Бугунги кунга қадар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси томонидан Термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий-маънавий мероси ва асарларига бағишланган 50 дан ортиқ китоб ва рисола тайёрланиб, нашр этилди ҳамда илмий ва маърифий муомалага киритилди.

Термизий алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ўрганиш жараёни шуни кўрсатадики, улар фақат биргина илм соҳаси билан чекланиб қолмаган. Аксинча, ҳадис, фиқҳ, тафсир, калом, тасаввуф, адабиёт ва бошқа илм йўналишларида самарали ижод қилиб, ислом маърифатининг юксалишига муносиб ҳисса қўшганлар. Шу жиҳатдан, Термизий алломалар мероси яхлит ҳолда ўрганилганда, уларнинг илм-фан ва маънавият тараққиётида тутган ўрни янада яққол намоён бўлади.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Термизий (816–909) шофеъий мазҳаби фақиҳи, олим ва муҳаддис сифатида танилган. Манбаларда унинг ҳижрий 200, милодий 816 йилда таваллуд топгани ва 295/909 йилда вафот этгани қайд этилади.

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий (1165–1240) эса тасаввуф тарихида алоҳида ўрин тутади. У Мавлоно Жалолиддин Румийнинг устози сифатида машҳур. Унинг маънавий-ирфоний қарашлари кейинги тасаввуф мактаблари ривожига таъсир кўрсатган.

Адиб Собир Термизий (1078–1147) Мовароуннаҳр адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, шеърларида илм-фан, одоб-ахлоқ, таълим-тарбия ва инсон камолоти масалаларига кенг ўрин берган. Унинг девонида қасида, ғазал, қитъа, таржибанд ва рубоийлар жамланган.

Хожа Самандар Термизий (тахминан 1638–1740) эса тарихчи олим, шоир, уламо ва давлат арбоби сифатида танилган. Унинг «Дастур ал-мулук» асари 1695 йилда ёзилган бўлиб, давлат бошқаруви, ахлоқ ва жамият ҳаётига оид фикрларни қамраб олган.

Аждодлар меросини ўрганишда Ҳаким Термизий номи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр бўлиб, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва тасаввуф соҳаларида 80 дан ортиқ асарлар ёзган. «Наводир ал-усул», «Таҳсил назоир ал-Қуръон», “Хатмал авлиё” каби асарлари муҳим илмий аҳамият касб этади.

Ҳаким Термизий меросини ўрганишга бугун ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ-275-сон қарори билан аллома таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш белгиланган. Бу ташаббус Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий меросини янги тадқиқотлар асосида кенг ўрганишга хизмат қилади.

Термизийлар илмий-маънавий меросини ўрганиш ишлари алломаларнинг ҳаёт йўлини ёритиш билан чекланиб қолмаяпти. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси томонидан Термиз заминида шаклланган илмий мактабларни яхлит тизим сифатида тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, «Термизийлар ҳадис мактаби», «Термизийлар фиқҳ мактаби», «Термизийлар тафсир мактаби», «Термизийлар калом мактаби», «Термизийлар тасаввуф мактаби» каби илмий рисолалар тайёрланиб, нашр этилди. Мазкур тадқиқотлар орқали Термиз заминида асрлар давомида шаклланган илмий анъаналарнинг ўзига хос жиҳатлари, Термизий алломаларнинг турли илм соҳалари ривожига қўшган ҳиссаси очиб берилмоқда. Айни пайтда уларнинг асарларида мужассам бўлган илм-маърифат, юксак ахлоқ, бағрикенглик, эзгулик ва инсон камолотига оид ғояларни бугунги авлодга етказишга хизмат қилмоқда.

Шу маънода «Буюк Термизийлар» рукни остида халқимизга тушунарли, содда ва мазмунли услубда 20 та халқчил рисола тайёрланиб, нашр этилди. Уларда Термиз заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти, илмий фаолияти, бой маънавий мероси ва асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар кенг ёритилди. Мазкур рисолаларни тайёрлашдан асосий мақсад — илмий тадқиқотларда жамланган маълумотларни кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга яқин ва тушунарли шаклда етказиш, уларда аждодлар меросига ҳурмат ва илм-маърифатга қизиқишни кучайтиришдан иборат.

Тайёрланган 20 та рисола Сурхондарё вилоятидаги 900 дан ортиқ умумтаълим мактаблари, давлат ва жамоат ташкилотларига тақдим этилди. Шу тариқа Термизий алломаларнинг бой илмий-маънавий мероси нафақат соҳа мутахассислари, балки кенг китобхонлар оммаси, хусусан, ёшлар орасида ҳам тарғиб қилинмоқда. Зеро, буюк аждодларимиз қолдирган илмий мерос қанчалик кенг ўрганилмасин, уни халққа тушунарли тилда етказиш ва ҳаётбахш ғояларини ёш авлод қалбига сингдиришгина унинг маърифий аҳамиятини янада оширади.

Бугун мамлакатимизда аждодлар меросини ўрганиш билан боғлиқ илмий-маърифий муассасалар тармоғи ҳам кенгайиб бормоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом сивилизатсияси маркази, шунингдек, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий ислом институти каби муассасаларда илм ва маърифатни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, тарихий ва диний-маърифий меросни тадқиқ этишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ислом сивилизатсияси марказининг аҳамияти ҳам беқиёс. Унда юртимиз ҳудудида шаклланган ислом сивилизатсияси, алломалар мероси ва илм-фан тараққиёти тарихини яхлит тарзда намоён этиш мақсади кўзланган.

Аждодларимиз илмий-маънавий меросини ўрганишдан мақсад фақат уларнинг ҳаёти ва асарлари ҳақида маълумот бериш эмас. Асосий мақсад — уларнинг илм-фан ва маърифат тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур англаш, илмий изланишларидаги ибратли жиҳатларни бугунги авлодга етказишдир.

Масалан, Имом Бухорий ҳадисларни тўплаш ва саралашда юксак илмий мезонларга таянган бўлса, Имом Термизий ҳадисларни жамлаш, таснифлаш ва шарҳлашда ўзига хос илмий услуб яратди. Имом Мотуридий ақл ва нақлни уйғунлаштирган ҳолда инсоннинг эътиқодий масалаларини чуқур таҳлил этди. Аҳмад Фарғоний аниқ фанлар, хусусан, астрономия соҳасида муҳим илмий кашфиётлар қилди. Ҳаким Термизий эса инсон маънавияти, ахлоқи ва руҳий камолоти масалаларига катта эътибор қаратди.

Истиқлол йилларида халқимизнинг тарихий хотираси тикланиб, буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни холис ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилди. Бугун Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Аҳмад Фарғоний сингари алломаларнинг асарлари қайта тадқиқ этилаётгани, Илмий Марказлар фаолияти йўлга қўйилаётгани ана шу имкониятларнинг амалий самарасидир. Айниқса, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Термизий алломалар меросини тизимли ўрганишга қаратилган фаолияти бу жараёнга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Аждодлар меросининг қадри унинг бугунги авлодга бераётган маърифий сабоғи билан белгиланади. Имом Термизийнинг «Сунан Термизий» асарида илм излаш фазилатига бағишланган ҳадисда: «Ким илм талаб қилиб бир йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади», дея ривоят қилинган. Ҳаким Термизийнинг «Наводир ал-усул» асарида эса ҳадислар нафақат ривоят сифатида келтирилиб, уларнинг инсон маънавий ҳаётидаги мазмуни ва ҳикмати ҳам таҳлил қилинган. Тадқиқотларда алломанинг қалб тарбияси, сабр, ният поклиги ва инсон камолотига оид қарашлари муҳим аҳамиятга молик эканлиги алоҳида таъкидланади.

Шу маънода, мустақилликнинг 35 йиллиги — босиб ўтилган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, истиқлол берган имкониятларни қадрлаш ва унинг неъматини янада теран англаш учун муҳим маънавий палладир. Тинчликни асраш, илм ва маърифатни улуғлаш, тарихий меросимизни ўрганиб, уни келажак авлодга етказиш истиқлолга садоқат ва шукронанинг муҳим ифодасидир. Зеро, аждодлар меросини асраш фақат ўтмишни ёд этиш эмас, балки уларнинг илмга, маърифатга ва эзгуликка интилиш анъаналарини давом эттиришдир. Ана шу масъулият туйғуси истиқлол неъматини қадрлаш, уни асрабавайлаш ва келажак авлодларга муносиб Ватанни мерос қолдиришга ундайди.

Жамаҳматов Каромиддин Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори–

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика