Тинчлик ва тотувлик – Имом Термизий меросидаги эзгу ғоя

by Matbuot xizmati
7 👁️

Инсоният тараққиёти тарихига назар ташласак, халқлар ва давлатларнинг юксалиши, аввало, тинчлик ва барқарорлик билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрамиз. Тинчлик бор жойда илм ривожланади, маърифат юксалади, оила ва маҳалла фаровонлиги таъминланади. Аксинча, адоват, низо ва муросасизлик илм-фан, иқтисодиёт ва маънавий ҳаёт тараққиётига жиддий тўсиқ бўлади. Шу маънода, асрлар давомида Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудида яшаб, жаҳон илм-фани ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугун ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, буюк муҳаддис Имом Абу Исо Термизий асарларида инсонни эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, кечиримлилик ва ўзаро ҳурматга чорловчи ғоялар муҳим ўрин тутади.

Имом Термизийнинг “Ал-Жомиъ” (“Сунани Термизий”) асари нафақат ҳадис илмининг муҳим манбаларидан бири, балки инсоннинг маънавий-ахлоқий камолотини таъминлашга хизмат қилувчи улкан хазинадир. Асарда инсонлар ўртасидаги муносабат, яхшилик қилиш, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, кечиримлилик, раҳм-шафқат ва низоларни бартараф этишга оид кўплаб ҳадислар келтирилган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш, яъни келиштиришнинг нақадар улуғ амал эканини таъкидлайдилар. Унда одамлар орасида ярашувга сабаб бўладиган яхши гапни айтиш ёки яхши хабар етказиш қораланмаслиги баён қилинади. Имом Термизий ушбу ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ” деб баҳолаган.

Бу ҳадисдан жуда муҳим ҳаётий хулоса чиқади: тинчлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, уни инсонлар ўзаро яхши муносабат, оқилона мулоқот ва муроса орқали барпо этадилар. Айниқса, бугунги ахборот тез тарқаладиган даврда ушбу ғоянинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Бир оғиз салбий гап, асоссиз миш-миш ёки ҳақорат инсонлар ўртасидаги муносабатни бузиши мумкин. Аксинча, яхши сўз, самимий мулоқот ва холис тушунтириш келишмовчиликнинг олдини олади.

Имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадисда ўзаро адоват ва нафратдан сақланишга чақирилади. Ҳадисда инсонлар ўртасидаги ёмон муносабат, адоват ва нафрат “ҳалок қилувчи” иллат сифатида таърифланади. Демак, Имом Термизий меросида тинчлик фақат уруш ёки жанжалнинг йўқлиги сифатида эмас, балки инсон қалбида адоватнинг ўрнини меҳр, ҳурмат ва бағрикенглик эгаллаши билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади.

Имом Термизийнинг “Ал-Жомиъ” асарида инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтиришга хизмат қиладиган оддий, аммо чуқур маъноли амалларга ҳам катта эътибор берилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисда инсонларнинг ўзаро муҳаббатини кучайтирувчи омиллардан бири сифатида саломни кенг ёйиш таъкидланган. Ҳадисда ўзаро муҳаббат иймон билан боғлиқ экани, уни мустаҳкамлаш йўлларидан бири эса саломни тарқатиш экани айтилган. Салом – оддий сўз эмас. Унда тинчлик, омонлик ва эзгу ният мужассам. Киши бошқа инсонга “Ассалому алайкум” деганида, аслида унга тинчлик ва хотиржамлик тилайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, оилада, маҳаллада, таълим муассасасида ва иш жойида саломлашиш маданиятини юксалтириш ҳам жамиятда ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Имом Термизий меросида инсонга меҳр билан муносабатда бўлиш масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади. У зот ривоят қилган ҳадисда: “Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга раҳм қилмайди”, деган мазмундаги ҳикмат келтирилган. Имом Термизий ушбу ҳадисни “ҳасан-саҳиҳ” деб баҳолаган. Бу тамойил жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларига дахлдор. Ота-онанинг фарзандига меҳри, устознинг шогирдига ғамхўрлиги, каттанинг кичикка ҳурмати, қўшниларнинг бир-бирига ёрдами – буларнинг барчаси жамиятда тотувликни қарор топтиради.

Тинчликни фақат давлат ёки жамоат ташкилотлари таъминлайди, деб ўйлаш нотўғри. Тинчлик ҳар бир хонадондан бошланади. Оилада бир-бирини эшитиш, кечириш ва ҳурмат қилиш одатга айланса, маҳаллада ҳам, жамиятда ҳам ўзаро ишонч мустаҳкамланади.

Имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадис инсонни вазиятга қараб эмас, ўзининг ахлоқий тамойилларига асосланиб иш тутишга чақиради. Унда одамлар яхшилик қилса яхшилик қилиш, ёмонлик қилса ёмонлик билан жавоб қайтариш каби кайфиятдан сақланиш, ҳатто ёмон муносабатга дуч келганда ҳам адолатсизлик қилмаслик таъкидланади.

Бу фикр бугунги кунда, айниқса, ижтимоий тармоқлар ва интернет мулоқоти шароитида жуда долзарб. Кимдир ҳақорат қилса, унга янада оғир сўз билан жавоб қайтариш низони кучайтиради. Аксинча, вазминлик, маданиятли муносабат ва ҳақиқатга асосланган мулоқот низонинг авж олишига йўл қўймайди. Шунинг учун Имом Термизий меросидан бугунги ёшлар учун муҳим бир сабоқ олиш мумкин: инсоннинг маданияти уни бошқалар қандай муносабатда бўлганида эмас, ўзи қандай муносабатда бўлишида намоён бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Термизийнинг бой илмий-маънавий меросида тинчлик ва тотувлик инсон ҳаётининг муҳим маънавий асоси сифатида намоён бўлади. Аллома ривоят қилган ҳадисларда инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, раҳм-шафқат, кечиримлилик ва ярашувни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, низолашаётган инсонларни яраштириш, яхши сўз айтиш, саломлашиш, бошқаларга раҳм-шафқат кўрсатиш каби оддий, аммо юксак инсоний фазилатлар жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим воситалари сифатида талқин этилади. Демак, тинчлик фақат низо ва урушнинг йўқлиги эмас, балки инсон қалбида адоват ўрнига меҳр, нафрат ўрнига бағрикенглик, муросасизлик ўрнига ўзаро тушуниш ва ҳурмат қарор топишидир.

Бугунги кунда Имом Термизийнинг мазкур ғоялари айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда. Ахборот оқими жадаллашган, ижтимоий тармоқларда турли фикр ва қарашлар тўқнаш келаётган шароитда ҳар бир инсон сўзи ва муносабати учун масъулиятни ҳис қилиши зарур. Асоссиз хабар тарқатмаслик, ҳақорат ва адоватга адоват билан жавоб бермаслик, келишмовчиликларни мулоқот ва муроса орқали ҳал этиш, оила ва жамоада меҳр-оқибат муҳитини шакллантириш — тинчликни асрашнинг амалий кўринишларидир. Шу боис Имом Термизий меросидаги эзгулик, раҳм-шафқат, яхши муомала ва инсонлар ўртасини ислоҳ қилишга доир ғояларни бугунги авлод тарбиясига сингдириш, уларни кундалик ҳаёт мезонига айлантириш барқарор ва тотув жамият барпо этишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Севаров ОлимжонИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий котиби

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика