Ҳадис инкорчилари “Қуръонийлар” хуружи хавфи

by Matbuot xizmati
8 👁️

Ислом динида иккинчи манба ҳисобланган ҳадисларни таг-туги билан инкор этувчи бу тоифа Аслам Жайражпури, Ғулом Аҳмад Парвез, Абдуллоҳ Жакарулвий сингари Британия кучлари Ҳиндистонда  тарбиялаган уч-тўртта залолат бошчилари томонидан яратилган.

Уларнинг даъвоси: “Фақат Қуръонгагина ишонамиз, зеро, Аллоҳ таоло фақат Қуръоннигина сақлашга ваъда қилган!”, деган ўта маккорона даъволарини илгари суриб, қанчадан-қанча илмсиз кишиларни адаштирдилар.

Уларнинг кўринишдан ҳақиқат бўлиб кўринган бу сўзлари Али розияллоҳу анҳунинг таъбири билан айтганда; «ботил ирода қилинган ҳақ сўз» дейишга ҳам арзимайди. Чунки, Али розияллоҳу анҳу бу машҳур сўзларини «Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилайлик!», деган адашган хаворижларга қарата айтган эдилар. Ваҳоланки, Хаворижлар бесуннат “Қуръонийлар” сингари Суннатни тўлалигича инкор қилмас эдилар.

 Динимиз бизга фақат Қуръоннинг ўзи билан эмас, балки, қолган манбаларнинг барчаси (ҳадис, ижмоъ, қиёс) орқали асрлар давомида етиб келмоқда. Мазкур манбаларга таяниб, асрлар давомида Ислом уламолари динимизнинг барча замону барча маконга тўлақонли жавоб бера олишини амалий равишда исботлаб келмоқдалар.

Қуръондан бошқасини инкор қилувчи кимса, Исломни тўлиқ инкор қилувчи ҳисобланади. Ундай инсон Қуръонни ҳам тўғри тушуна олмайди. Чунки, барча ояти карималарнинг тафсири ҳадиси шарифлар орқали баён қилинган, саҳобаю тобеинлар сўзларида ўз ифодасини топган ва муфассир уламолар томонидан китобларда нақл қилинган.

Қизиқ бир ҳолат: Ижтимоий тармоқларда ўзини “Қуръоний” деб таништирган бир кимса: “фақат Қуръонга ишониш керак, ҳадисларга ишонч йўқ, биз ҳадисларга ишонмаймиз, ҳадис имомлари ёлғончи” деб, Қуръон оятлари ҳақида сўз очиб: “Алақ сурасининг беш ояти биринчи нозил бўлган оятлар” деб маърузасини давом эттиряпти. Эси паст нодон англамаяптики, дастлабки нозил бўлган “Алақ” сурасининг оятлари ҳақидаги маълумотлар фақатгина ҳадислар орқали бизгача етиб келган. Ўзинг ҳадисни инкор этар экансан, нега ҳадисдан гапирасан? Бу қандай аҳмоқлик! Ўша ҳадислардан бири:    

عن مجاهد، قال: أوّل ما نزل من القرآن: (اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ)

Имом Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Қуръони каримдан энг аввал нозил бўлган оят бу: “Сени яратган парвардигоринг номи билан ўқи!” (Алақ сўраси, 1).

Ўзларини “Қуъронийлар”миз деб таништираётган бундай ақлсиз кимсалар ҳадисларсиз бир қадам ҳам олдинга юролмайдилар. Аслида улар даъво қилаётган шайтоний ғоя даҳрийликнинг бир кўриниши ҳисобланиб, булар Исломга шу тарзда зарба бермоқчи. Билишни хоҳламайдиларки, Аллоҳ ҳақ субҳонаҳу ва таоло улар ҳақида нима деган:                                                                                               

“Улар ҳидоятнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалардир”. (Бақара, 16)

Улжаев УмаралиИмом Термизий илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика