
Тинчлик инсоният учун энг улуғ неъматлардан бири, жамият тараққиёти ва фаровон ҳаётнинг муҳим шартидир. Осойишта юртда инсонлар эртанги кунига ишонч билан қарайди, фарзандларини муносиб тарбиялайди, таълим олади, меҳнат қилади, ўз орзу ва мақсадларини рўёбга чиқаришга интилади. Шу боис тинчликни асраш, жамиятда барқарорликни таъминлаш, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаларидан биридир. Бугунги глобаллашув даврида бу масаланинг аҳамияти янада ортмоқда. Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши натижасида дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлаётган воқеа ҳақида қисқа вақт ичида маълумот олиш имконияти пайдо бўлди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш билим ва дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ахборот маконида ишончсиз маълумотлар, адоват ва муросасизликни кучайтирувчи чақириқлар, зўравонликни оқловчи қарашлар ҳам учраб туради. Бундай шароитда ҳар бир инсоннинг ахборотга онгли ва танқидий муносабатда бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Экстремизм жамиятда муросасизликни кучайтирадиган, инсонлар ўртасидаги қарама-қаршиликни авж олдирадиган хавфли ҳодисалардан биридир. Унинг олдини олишда фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмасдан, жамиятда соғлом дунёқарашни шакллантириш, ёшларнинг билим ва тафаккурини ривожлантириш, инсоний қадриятларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Зарарли ғоялар кўпинча инсоннинг билим ва ҳаётий тажрибасидаги бўшлиқлардан фойдаланишга уринади. Шунинг учун ёшларнинг саводхонлигини ошириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, турли ахборотларни таҳлил қилишга ўргатиш экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади. Айниқса, интернетдан фойдаланишда ҳушёрлик талаб этилади. Ҳар қандай хабарни текширмасдан қабул қилиш ёки тарқатиш нотўғри тасаввурларнинг кенгайишига сабаб бўлиши мумкин. Ахборотнинг манбасига эътибор бериш, унинг мазмунини таҳлил қилиш, ҳиссиётга берилмасдан хулоса чиқариш замонавий инсон учун зарур кўникмалардандир. Экстремистик қарашларга қарши курашишда маърифатнинг ўрни ҳам беқиёс. Билимли, мустақил фикрлайдиган, воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бера оладиган инсон турли манипулятсияларга нисбатан анча эҳтиёткор бўлади. Шу сабабли таълим ва тарбия жараёнида ёшларнинг нафақат билим олиши, балки ҳаётий масалаларга онгли муносабатда бўлиши, ўз фикрини эркин ва асосли ифодалаши, бошқаларнинг қарашларини ҳурмат қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимдир. Бунда бағрикенглик алоҳида аҳамиятга эга. Бағрикенглик ўзгаларнинг фикри, дунёқараши, маданияти ва ҳаёт тарзига ҳурмат билан муносабатда бўлишни англатади. Жамиятда инсонларнинг қарашлари турлича бўлиши табиий. Ҳар бир инсоннинг фикрлаш тарзи, ҳаётий тажрибаси ва дунёқараши ўзига хос. Ана шу хилма-хилликни қарама-қаршилик манбаи сифатида эмас, жамиятнинг табиий хусусияти сифатида қабул қилиш ўзаро тотувликни мустаҳкамлайди. Бағрикенглик ҳар қандай фикрни кўр-кўрона маъқуллаш дегани эмас. У ўз нуқтаи назарини сақлаган ҳолда бошқа инсоннинг ҳуқуқи, қадр-қиммати ва фикрини ҳурмат қилишни назарда тутади. Турли қарашлар ўртасидаги фарқни душманликка айлантирмаслик, келишмовчиликларни мулоқот ва ўзаро тушуниш орқали ҳал этиш тинчлик маданиятининг муҳим кўринишидир. Бундай маданият аввало оилада шаклланади. Фарзанднинг инсонларга муносабати, турли фикрларга қараши, муаммоларни ҳал этиш усули кўп жиҳатдан оиладаги тарбия ва муҳит билан боғлиқ. Ота-онанинг фарзанд билан самимий суҳбатлашиши, унинг фикрини тинглаши, қизиқишлари ва муаммоларига эътибор қаратиши ёш авлоднинг соғлом дунёқарашини шакллантиришга ёрдам беради. Таълим муассасаларида ҳам ёшларни мустақил фикрлашга, турли нуқтаи назарларни таҳлил қилишга, баҳс ва мунозараларда маданиятли иштирок этишга ўргатиш муҳимдир. Ёш инсон ўз фикрини асослай олса, бошқаларнинг фикрини тинглай олса, турли ахборотларни солиштириб хулоса чиқара олса, зарарли таъсирларга нисбатан онгли муносабат шаклланади. Тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш фақат алоҳида шахснинг эмас, бутун жамиятнинг вазифасидир. Оила, таълим муассасалари, маҳалла, жамоатчилик ва давлат ташкилотларининг ҳамкорлиги бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширади. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни илм-фан, спорт, маданият ва ижодга жалб қилиш ҳам ижобий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Ўз олдига аниқ мақсад қўйган, билим олишга интилган, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларнинг келажакка қараши бунёдкорлик ғоялари билан бойийди. Тинчликни асраш кундалик ҳаётдаги оддий муносабатлардан бошланади. Бошқаларга ҳурмат билан муомала қилиш, низоли вазиятларда вазминликни сақлаш, муаммоларни зўравонликсиз ҳал этишга интилиш, ижтимоий тармоқларда масъулият билан фикр билдириш жамиятдаги барқарорликка ижобий таъсир кўрсатади.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
Абдувахидов Абдуллазиз Абдусаттор Ўғли