ГУНОҲ САБАБЛИ КУФРГА ҲУКМ ҚИЛИШ АҚЛГА ҲАМ НАҚЛГА ҲАМ ЗИДДИР

by Matbuot xizmati
8 👁️

Ҳар бир воқеа ва ҳолатнинг ўзига хос сабаби бўлади. Диний таълимотларнинг нотўғри талқин қилинишининг асосий сабаби эса, шубҳасиз, жоҳиллик ва билимсизликдир. Ана шундай билимсизликнинг энг хавфли кўринишларидан бири – гуноҳ сабабли мўминни куфрда айблашдир.

Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида “жиҳод” шиори остида содир этилаётган қон тўкишларнинг замирида ҳам айнан шу хато ёндашув ётади. Чунки ислом таълимотида мусулмоннинг қони, моли ва обрўси ҳаром ҳисобланади. Ўзини мусулмон деб билган инсон бундай муқаддас чегарани ўзбилармонлик билан бузишга журъат қилолмайди. Бироқ, бунга ўзига асос топиш учун аввало қаршисидаги инсонни куфрда айблайди, сўнг эса унинг қонини ўзича “ҳалол” деб билиб, “жиҳод” шиори остида қотиллик ва бошқа жиноятларни содир этади.

Бундай хатти-ҳаракатларни жисмоний тазйиқ ёки куч билан тўхтатиш деярли имконсиздир. Чунки бу каби зўравонликлар кўпинча акс таъсир кўрсатиб, шахс ўз нотўғри йўлини “тўғри” деб билишда янада қатъийлашиши мумкин. Ҳаётда бундай ҳолатлар кўплаб учрайди.

Бундай ҳолатларнинг ягона давоси илм ва маърифатдир. Агар адашган инсонларга илмий асосда, мантиқий далиллар ва тушунарли услубда хатоларини тушунтира олсак, улар бу қабиҳликка қўл урмайдилар. Чунки биз уларни бундай жирканч ишларга ундаган асл сабаб бўлган жоҳилликни йўқ қилган бўламиз.

Шундай экан, диний таълимотларни соф ва ҳаққоний шаклда умматга тақдим этиш, нотўғри тушунчаларни илм ва маърифат орқали бартараф этиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Зеро, маърифат бор жойда жаҳолатга ўрин қолмайди.

Шу мақсадда, қуйида ушбу муаммони ўзгача услубда таҳлил қилиб, имкон қадар адашганларга ҳақиқатни кўрсатиш ва тўғри йўлга қайтишларида кўмаклашишга ҳаракат қиламиз. Шояд, қилаётган саъй-ҳаракатларимиз кимнингдир залолатдан нажот топишига сабаб бўлса.

Аввало, гуноҳлардан муродтил ва аъзолардан содир бўладиган амаллар эканини аниқ билиб олишимиз зарур. Ана шу амаллар мўминни иймондан чиқармаслигини аҳли сунна уламоларимиз ақл, нақл ва ижмо асосида мустаҳкам далиллар билан баён қилганлар.

Амал сабабли куфр собит бўлмаслигини тўлиқ тушуниш учун эса, аввало, иймоннинг ҳақиқатини англашимиз лозим. Чунки иймон ва амал ўртасидаги боғлиқликни тўғри тушуниш, гуноҳ ва куфр ўртасидаги чегарани аниқлашда муҳим омилдир.

Иймон нима?

Иймон луғатда тасдиқлашдир. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари оталарига айтганларидек: “Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан”[1] , яъни: Бизнинг гапимизни тасдиқловчи эмассан.

Истилоҳий маъноси борасида аҳли сунна уламолари ва мазҳаблари ўртасида ихтилоф бор. Аммо бу ихтилоф воқеликда иймон ва куфрга ҳукм қилишда таъсир қилмайди. Иймон шаръий истилоҳда: Аллоҳнинг ҳузуридан келгани аниқ бўлган барча нарсаларда Набий алайҳиссаломни қалб билан умумий тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш. Бу аксар Мотуридийя уламоларининг таърифи бўлиб, унга кўра иймоннинг иккита рукни[2] бўлади: Тасдиқ ва иқрор. Яъни шу иккала рукн топилмаса, иймон бўлмайди. Ашъарийя мазҳаби ва баъзи Мотуридийя уламоларига кўра тил билан иқрор бўлиш рукн эмас, балки дунё аҳкомларини юргазиш учун шарт[3] ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб иймонда битта рукн бўлади: Тасдиқ. Асосий мавзудан чалғимаслик учун иккала мазҳаб ихтилофлари сабаблари ва далиллари тафсилотларига киришмадик. Чунки бу алоҳида мавзу ҳисобланади. Баҳсимизга керакли бўлган жойи ҳар иккала мазҳабда ҳам амал иймон рукнидан эмаслигидир.

Хулоса қилиб айтганда, гуноҳ сабабли мусулмонни куфрда айблаш – соф ислом таълимотини билмаслик ва жоҳиллик маҳсулидир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, амал иймоннинг ажралмас рукни бўлмагани боис, содир этилган гуноҳ инсонни диндан чиқармайди ва унинг қонини ҳалол қилмайди. Бундай бузғунчи ва адашган ғояларга қарши энг таъсирчан чора эса куч ишлатиш эмас, балки чуқур илм, соғлом мантиқ ва маърифат билан курашишдир. 

Давоми бор…

Қамбаров Иқболжон Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази кичик илмий ходими


[1] Yusuf surasi 17-oyat.

 Qur’oni Karim ma’nolarining tarjimasi Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning “Qur’oni Karim va o’zbek tilidagi ma’nolar tarjimasi” kitobidan olindi.

[2] Amalning mohiyatiga kirib, uning yo‘qligidan amalning ham yo‘qligi kelib chiqadi. Masalan: Namozdagi sajda rukndir.

[3] Amalning mohiyatiga kirmaydi uning yo‘qligidan amalning ham yo‘qligi kelib chiqadi. Masalan: Tahorat namozning shartidir.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика