Амал имондан эмаслигига далил борми?
Албатта, бир қанча оят ва ҳадислар амаллар имон ҳақиқатига кирмаслигига далолат қилади. Қуйида шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا
Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар[1]! Биринчидан, тавба шаръий истелоҳда маъсиятдан тоат (итоатсизликдан итоатга)га қайтишга айтилади[2]. Иккинчидан, тавба гуноҳи кабирада (кечирилиши учун) шарт қилинади[3]. Гуноҳи сағиралар учун тавба шарт қилинмайди. Шундан маълумки оятдаги тавбага буюрилаётганлар гуноҳи кабира соҳибларидир. Катта гуноҳ содир қилган инсонни Аллоҳ Таоло мўмин деб номлаяпти. Демак, амал имондан эмас экан. Агар амал имон моҳиятига кирганида эди Аллоҳ Таоло уларга мўминлар деб хитоб қилмаган бўлар эди.
وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا
Агар мўминлардан икки тоифа уришиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг[4]. Уришиш ва қатл гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Бу оятда ҳам Аллоҳ Таоло гуноҳкорларни мўминлар эканини айтмоқда. Амал имондан эмаслигини ифодаловчи энг ёрқин далиллардан бири:
وَمَن يَعۡمَلۡ مِنَ ٱلصَّٰلِحَٰتِ مِن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤۡمِنٞ فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ نَقِيرٗا
Эркакми, аёлми – ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас[5]. Ушбу оятда Аллоҳ Таоло яхши амалларга имонни шарт қилиб қўйди. Шарт билан шарт қилинган нарсаларнинг бошқа-бошқа экани ҳеч кимга сир эмас[6]. Агар амал иймондан ҳисобланганида эди, оят бундай услубда келтирилмаган бўлар эди. Бу маънодаги ояти карималар Қуръонда жуда кўп. Биз эса юқоридаги оятлар билан кифояланамиз. Амал иймондан эмаслигига ҳадислардан ҳам далиллар бор:
قال أبو ذر قال: أَتَيْتُ النبيَّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ وعليه ثَوْبٌ أبْيَضُ، وهو نَائِمٌ، ثُمَّ أتَيْتُهُ وقَدِ اسْتَيْقَظَ، فَقالَ: ما مِن عَبْدٍ قالَ: لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ، ثُمَّ مَاتَ علَى ذلكَ إلَّا دَخَلَ الجَنَّةَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ ثم في الرابعة: علَى رَغمِ أنْفِ أبِي ذَرٍّ. رواه البخاري ومسلم[7].
Абу Зар розияллаҳу анҳу айтиб берди: Набий соллаллаҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордим. Эгниларида оқ кийим бор эди. У зот ухлаб ётар эдилар. Кейин келсам, уйг’онган эканлар. Шунда у зот: “Қайси бир банда “Лаа илааҳа иллаллаҳ” деса, сўнг ўшанга биноан ўлса, албатта жаннатга киради”, дедилар. “Зино қилса ҳамми? Ўг’ирлик қилса ҳамми?” дедим. “Зино қилса ҳам, ўг’ирлик қилса ҳам”, дедилар. “Зино қилса ҳамми? Ўг’ирлик қилса ҳамми?” дедим. “Зино қилса ҳам, ўг’ирлик қилса ҳам”, дедилар. “Зино қилса ҳамми? Ўг’ирлик қилса ҳамми?” дедим. “Зино қилса ҳам, ўг’ирлик қилса ҳам”. Сўнгра тўртинчисида: “Абу Зар хоҳламаса ҳам”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти. Ушбу ҳадисда амалсиз ҳам жаннатга кириш мумкинлиги айтилмоқда. Жаннатга эса фақатгина имони бор инсон кириши маълум. Амалсиз ҳам имон бўлишидан амал имондан эмаслиги келиб чиқади.
Хулос ўрнида, Қуръони Карим оятлари ҳамда ҳадисларнинг далолати амаллар иймоннинг ажралмас моҳиятига кирмаслигини қатъий исботлайди. Катта гуноҳ содир этган, ҳатто ўзаро қон тўкишгача борган кишиларга ҳам Аллоҳ таоло томонидан «мўминлар» деб хитоб қилиниши ҳамда тавҳид калимаси билан вафот этган гуноҳкорнинг охир-оқибат жаннатга кириши ҳақидаги башоратлар бунинг очиқ далилидир. Шундай экан, содир этилган маъсият ёки камчилик туфайли мусулмонни диндан чиққанга чиқариш (кофир деб эълон қилиш) ақлга ҳам, нақлга ҳам бутунлай зиддир.
Қамбаров Иқболжон
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази кичик илмий ходими
[1] Ta’hrim surasi, 8-oyat.
[2] Alloma Abdulaziz Farhoriy. Nibros ala sharhi aqoid. – Istanbul, Maktabatu Yosin: 1433-2012. – B. 485.
[3] Abul Main Nasafiy. Bahrul kalom. – Damashq: Dor al-farfur. 1421-2000. – B. 161.
[4] Hujurat surasi, 9-oyat.
[5] Niso surasi, 124-oyat.
[6] Abul Main Nasafiy. Bahrul kalom. – Damashq: Dor al-farfur. 1421-2000. – B. 376.
[7] Alloma Abdulaziz Farhoriy. Nibros ala sharhi aqoid. – Istanbul, Maktabatu Yosin: 1433-2012. – B. 90.
