ТААССУБНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

by Matbuot xizmati
13 👁️

Муайян диний тушунча ёки ёндашувни қабул қилиб, кейинчалик уни ҳақиқатнинг ягона йўли деб билиш таассубдир. Бирор фикр ёки мазҳаб мутлақ ҳақиқат даражасига кўтарилганда, ушбу қараш доирасидан ташқаридаги барча тушунча ва мазҳаблар ботил тоифасига киритилади. Бошқача айтганда, бу бир қарашни ҳаддан ташқари улуғлаш ва бошқа талқинларни қадрсизлантиришни англатади. Чунки “ягона тўғри йўлни топган, ягона нажотга эришган ёки ягона тўғри фикр бизники” деган мантиқ бошқа ҳақиқат изловчиларини камситиш, уларни четлатиш ва улардан узоқлашишни англатади.

Ҳар қандай қарашнинг догматик шаклга айланиши қадриятларни догматизм билан, догматизмни эса муросасизлик билан тенглаштиришга олиб келади. Бундай муҳитда бир гуруҳга мансуб кишилар ўзларини нажот топган жамоа сифатида кўрсалар, бошқаларни адашган, хато қилган ва ҳалокатга юз тутувчи гуруҳлар сифатида баҳолай бошлайдилар. Ҳолбуки, мутлақ ҳақиқат Қуръондир. Ижтиҳод ва талқинга асосланган қарашларни эса мутлақ ҳақиқат даражасига кўтариб бўлмайди. Уларнинг хато қилиш эҳтимоли мавжудлиги, танқид қилиниши мумкинлиги ҳамда ҳақиқатга турли йўллар орқали етиб бориш имконияти борлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Ўз мазҳаби, тариқати ёки жамоасини танқиддан холи деб билиш, унинг тўғри ёки нотўғрилигига қарамасдан, унга кўр-кўрона итоат қилиш таассубдир. Мазҳабларнинг мавжудлиги қанчалик табиий бўлса, инсоннинг ушбу фикрий мактаблардан бирига эргашиши ҳам шунчалик табиий ва нормалдир. Бироқ соғлом ва меъёрий бўлмаган ҳолат  ўзи эргашган мазҳабни мутлақ ва мунозарасиз ҳақиқат деб билиш, ҳақиқатга олиб борувчи бошқа йўлларни эса душман деб ҳисоблашдир. Бундай таассуб динимизда мутлақо маъқулланмайди. Чунки диннинг муайян бир талқинини мутлақ ҳақиқат деб билиш, уни диннинг ўзи билан тенглаштиришни англатади.

Ислом тарихи давомида диний матнларни англаш, Қуръон ва суннатни кундалик ҳаёт билан боғлаш масаласида мазҳабларнинг ҳиссаси катта бўлган. Бугунги кунда бизнинг вазифамиз ана шу илмий мерос устига яна бир ғишт қўйиш, тўпланган илмий тажрибани янада ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқишдир. Бунинг ўрнига бирор фикрга, жамоага ёки мазҳабга кўр-кўрона боғланиб, уни мунозара қилиб бўлмайдиган даражага кўтарсак, диний тафаккурни қотириб қўйган ва уни гўё тарих қаърига қамаб қўйган бўламиз.

Мазҳабга оид таассубнинг тарихдаги изларига назар ташласак, мазҳаби йўлида саҳобаларни ҳақорат қилган, бошқа мазҳаб вакилларини камситган ва ҳатто ўз қарашларини қўллаб-қувватлаш учун ҳадислар ҳам тўқиган кишиларни учратишимиз мумкин.

Хатосиз деб қараладиган ва мутлақлаштириладиган ҳар қандай фикр, табиий равишда, ўзидан бошқаларни “ўзга” сифатида кўргани сабабли мусулмонларнинг бирлик ва ҳамжиҳатлигига путур етказади. Тарихдан маълумки, ўзидан бошқаларни Ислом доирасидан ташқарига чиқариб қўядиган хорижийлик (хаворижий) тафаккури мусулмонларнинг бир-бири билан танишиши ва ўзаро яқинлашишига тўсқинлик қилган. Бугунги кундаги ўзига ўхшамаганларни душман деб биладиган ва уларни йўқ қилиш режаларини тузадиган турли радикал, экстремистик ёндашувлар ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бугунги кунда юзаки, саёз, ҳикматдан маҳрум ва такфирга асосланган эътиқодий қарашлар келтириб чиқараётган вайронкор оқибатлар ҳақида эса, назаримизда, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.

Бошқа томондан, фикрий оқимларни мутлақлаштириш каби шахсларни ҳам мутлақлаштириш, уларни бегуноҳ ва дахлсиз деб эълон қилиш Ислом таълимотига зиддир. Бирор инсонга бўлган садоқат унинг ҳар қандай ҳолати, сўзи, қарори ва даъвосини ҳеч қандай шартсиз қабул қилиш даражасига етиб борса, бу инсоннинг идрокини чеклаб қўяди.

Инсон зоти хато қилиши, унутиши ва нотўғри иш тутиши мумкинлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Шундай экан, ҳеч ким ўзини хатосиз ва гуноҳдан пок деб даъво қилиши мумкин эмас. Фикрларга ҳам, инсонларга ҳам нисбатан таассуб шакллантириш жамиятда ажралиш, гуруҳбозлик ва вайронкорликка сабаб бўлади. Турли ижтимоий муҳитларда яшайдиган ва инсон сифатида табиатан турлича фикрлаш имкониятига эга бўлган мусулмонлар ўзларидаги бу хилма-хилликни бойлик ва имконият сифатида кўришлари ҳамда бир-бирларини қабул қилиб, ўзаро аҳилликни мустаҳкамлашлари лозим. Акс ҳолда, ҳар бир гуруҳ ўзининг йўли ва қарашларини мукаммал деб билиб, бошқаларга нисбатан вайронкор танқидлар билдира бошлаши ва уларни йўқ қилишга интилиши охир-оқибат бутун жамиятга зарар етказадиган оқибатларга олиб келади.

Умарали Улжаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика