ТААССУБНИНГ МУОЛАЖАСИ ВАҲДАТДИР

by Matbuot xizmati
16 👁️

Ислом тақдим этган фикр эркинлиги ҳамда унга ҳамроҳ бўлган турли қарашлар ва мазҳаблар динни англаш ва унга амал қилишда бир қанча муқобил ёндашувлар мавжудлигини кўрсатади. Таассуб эса ушбу фикр эркинлиги, қарашлар хилма-хиллигига нисбатан муросасизликдир. Таассубнинг энг оғир оқибатларидан бири тафриқадир. Тафриқа бўлиниш ва фитна, мусулмонлар ўртасидаги тавҳид ришталарининг узилиши, суннат билан уйғунлашган қалбларнинг бир-биридан ажралиши, беғараз ва ёлғиз ҳолга тушишидир. Тафриқа зулмати жамиятни қоплаганда, инсонларнинг қалб кўзи кўр бўлиб қолади. Раҳмат ва барака кетади, тартибсизлик ва нафрат кенг тарқалади.

Ҳолбуки, тафриқанинг акси ваҳдат, яъни бирликдир. Ваҳдат сон-саноқсиз мўминларнинг ўз эркинлигини йўқотмаган ҳолда бир-бири билан боғланиши, ўз иродасидан айрилмаган ҳолда бирликка бўйсунишидир. Ваҳдатнинг асосида, шубҳасиз, тавҳид, яъни Аллоҳнинг ягона ва тенгсиз эканига бўлган иймон ётади. Ваҳдат биносининг деворлари эса Аллоҳ Расулининг йўл-йўриғи асосида қурилади. Ҳар бир мўмин ана шу бинонинг бир ғиштидир. Севимли Пайғамбаримиз қўлларининг бармоқларини бир-бирига кириштириб, бу бирликни шундай ифодалаганлар:

“Мусулмоннинг бошқа мусулмонлар билан муносабати бир-бирига маҳкам бириктирилган бинонинг ғиштлари кабидир.” (Имом Бухорий ривояти).

Таассубнинг яна бир оқибати – такфир, яъни бошқаларни кофирга чиқаришдир. Такфир уммат бирлигига таҳдид солувчи энг зарарли даъволардан биридир. Исломда иймон асослари диннинг қатъий мезонларини ташкил этади. Улар очиқ-ойдин насслар билан тасдиқланган ва баҳс-мунозарага ўрин қолдирмайдиган масалалардир. Диннинг мақсад ва асосини ташкил этувчи ушбу эътиқодларни рад этиш иймонга хавф туғдиради. Бунинг ташқарисидаги масалалар эса ақида соҳасига нисбатан тафсилот ҳисобланади. Демак, эътиқод масалалари асос, бошқа соҳалар эса унинг тармоқларидир.

Иймон ёки куфр каби кескин ажратиш фақат иймон асосларига тааллуқли масалаларда қўлланиши мумкин. Агар бирор киши Аллоҳни тан олмаса, пайғамбарларни инкор этса, илоҳий китобларнинг мавжудлигига шубҳа билан қараса, охиратга ишонмаса ёки диннинг қадриятларини масхара қилса, ана шунда куфр ҳақида сўз юритиш мумкин. Аммо эътиқоднинг моҳиятига дахлдор бўлмаган тафсилотларда турлича фикрда бўлиш иймон-куфр масаласининг доирасига кирмайди.

Шундай экан, бундай масалалардаги баҳсларни асосий масалалар даражасига кўтариш ва кейинчалик бошқача фикрлайдиган инсонларни кофир деб эълон қилиш на тўғри, на адолатли, балки энг содда ифода билан айтганда, инсонларга нисбатан инсофсизликдир.

Иймон асослари борасида иттифоқ қиладиган ва кўплаб умумий қадриятларга эга бўлган мусулмонларнинг тафсилотга оид масалалар сабабли бир-бирларини такфир қилиши ва ажратиши ниҳоятда ташвишлидир. Аксинча, турли мусулмон жамоалари аввало ўзаро келишилган масалалардан келиб чиқишлари, ана шу умумий жиҳатлар асосида шаклланадиган биродарлик ва бағрикенглик эса ихтилоф қилинган масалаларни ҳал этишга ҳам муҳим ҳисса қўшиши мумкин.

Умарали Улжаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика