ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 1200 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТАФСИЛОТЛАРI

by Matbuot xizmati
3 👁️

2026 йил 20 ноябрь куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ–275-сон қарори ижроси доирасида буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган ”Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман қадимий Термиз заминида турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, уламолар, муфтийлар, исломшунос ва тасаввуфшунос мутахассислар, халқаро илмий муассасалар вакилларини бир майдонда жамлади.

Конференцияда Миср, Малайзия, Италия, Сурия, Қирғизистон ва Афғонистон давлатларидан 20 га яқин хорижий олим ва уламолар, шунингдек, мамлакатимиз давлат ва жамоат арбоблари, олий таълим ва илмий муассасалар вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросими Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов конференция иштирокчиларини табриклаб, юртимизда буюк аждодлар илмий меросини чуқур ўрганиш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш ва илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

Шунингдек, Президент Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Малайзиянинг Сабаҳ вилояти муфтийси Датук Бунгсу Абд Азиз бин Жаъфар, Қирғизистон Ислом академияси ректори Эрмамат Эргешев ҳамда Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов сўзга чиқиб, конференциянинг аҳамияти ва ташкилотчиларга миннатдорликларини билдирдилар.

Конференциянинг ялпи мажлиси ва икки шўъба йиғилишида Ҳаким Термизий ва Термизийлар мактабининг ислом цивилизацияси ривожидаги ўрни, алломанинг ҳадис, тасаввуф, ақида, маънавий тарбия ва инсон камолотига оид қарашлари, илмий меросининг замонавий жамият ҳаётидаги аҳамияти юзасидан жами 26 та илмий маъруза тингланди.

Маърузаларда, жумладан:

Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий мероси ва уни замонавий тадқиқотлар асосида ўрганиш;

алломанинг тасаввуф, ахлоқ, маърифат ва комил инсон тарбиясига оид қарашлари;

Ҳаким Термизий ва Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий қарашлари;

Термизий алломаларнинг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси;

буюк мутафаккирлар меросининг замонавий глобал таҳдидларга қарши маърифий ечим сифатидаги аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинди.

Конференция икки шўъбада ўз ишини давом эттирди:

Анжуман доирасида юртимизнинг буюк алломалари илмий меросига оид китоблар, илмий нашрлар ва тадқиқотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Халқаро конференция хорижлик иштирокчиларда Ҳаким Термизий меросига бўлган қизиқишни янада ошириб, Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий меросини халқаро миқёсда намоён этишга хизмат қилди. Буни қуйида келтирилган эътирофлардан ҳам билиш мумкин.

Датук Бунгсу Абд Азиз бин Жаъфар – Малайзиянинг Сабаҳ штати муфтийси“Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жанобларининг Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорини юксак баҳолайман.

Термиз номи Малайзия мусулмонлари учун ҳам қадрли. Бу замин ислом оламига буюк алломаларни етиштириб берган. Хусусан, Имом Абу Исо ат-Термизийнинг “Сунан” ва “Шамоили Муҳаммадия” асарлари Малайзия масжидлари ва диний таълим муассасаларида ҳозиргача ўқитиб келинмоқда.

Ҳаким Термизийнинг энг буюк хизматларидан бири — турли илмларни ўзаро уйғунлаштира олганидир. Алломанинг “Наводир ал-усул” асарида ҳадисларнинг теран маънолари, “Риёзат ан-нафс” асарида эса нафс тарбияси ва руҳий покланиш масалалари ёритилган”.

Ребекка Никастри (Италия) – Нидерландиядаги Лейден университети тадқиқотчиси – “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсатида илм-фанни ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим ўрин тутади. Бу борада амалга оширилаётган ишлар илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий меросига бағишланган ушбу халқаро конференцияда иштирок этиш мен учун катта имкониятдир. Анжуман давомида буюк аллома меросини янада чуқурроқ ўрганиш, турли мамлакатлар олимлари билан илмий фикр алмашиш имконига эга бўламан.

Конференция давомида орттирган билим, тажриба ва таассуротларимни Италиядаги ҳамкасбларим ҳамда Лейден университети илмий жамоаси билан баҳам кўраман.”

Конференцияда сўзга чиққан маърузачилар Ўзбекистонда буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳоладилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг
72-сессиясида илгари сурган ”Маърифат ва диний бағрикенглик” ташаббуси, шунингдек, 78-сессиядаги буюк алломалар меросини ўрганиш ва исломнинг инсонпарварлик ғояларини халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.

Маърузачилар Ўзбекистонни буюк алломалар ва мутафаккирлар ватани, муқаддас илм-маърифат замини сифатида таърифлаб, мамлакатимизда тарихий илмий-маърифий салоҳиятни қайта тиклаш, диний меросни холис ва илмий асосда ўрганиш йўлида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.

Шунингдек, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида илм-маърифат, эзгулик, тинчлик, бағрикенглик ва гўзал ахлоқни тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Ҳаким Термизий ва Термиз заминидан етишиб чиққан алломаларнинг бой илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Конференция иштирокчилари мазкур нуфузли анжуманни ташкил этиш ташаббуси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорликларини билдирдилар.

Мазкур ҳалқаро конференция жараёнида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қирғизистон Республикасининг Ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлари имзоланди.

Конференция доирасида хорижлик ва маҳаллий иштирокчиларнинг Ҳаким Термизий мажмуасига зиёрати ташкил этилди. Меҳмонлар буюк алломанинг ҳаёти, илмий-маънавий мероси ва унинг номини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган ишлар билан танишдилар.

Шунингдек, конференция якунида хорижлик иштирокчиларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Конференция жараёнлари республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.

Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамиятига бағишланган халқаро конференция буюк ватандошимиз меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, хорижий ва маҳаллий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий ҳиссасини янада кенг намоён этишга хизмат қилди.

Хорижлик нуфузли меҳмонлар конференциянинг юқори ташкилий савияда ўтказилганини эътироф этиб, ўзбек халқининг юксак меҳмондўстлиги, самимий муносабати, уларга кўрсатилган алоҳида ҳурмат-эҳтиром ва иззат-икром учун чуқур миннатдорчилик билдирдилар.

Анжуман Ҳаким Термизий илгари сурган маърифат, ахлоқ, инсон камолоти, руҳий тарбия ва эзгулик ғояларининг бугунги глобаллашув даврида ҳам долзарб эканини яна бир бор тасдиқлади.

Имом Термизий ХИТМ Матбуот хизмати

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика
Hakim Termiziy 1200 yilligi xalqaro ilmiy konferensiyasi