Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги халқаро конференцияда иштирок этди

by Matbuot xizmati
3 👁️

#Ўзбекистон #Афғонистон #Марғиноний #Термиз #Конференция

Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги халқаро конференцияда иштирок этди

Ўзбекистонлик диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегация Афғонистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги делегация “Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Afg‘onistonda bo‘lib turibdi.

Ташрифнинг дастлабки куни делегация аъзолари Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги қатор тарихий, илмий ва маданий-маърифий масканларга ташриф буюрди.

Жумладан, делегация “Калимот” илмий-тадқиқот маркази, Қобул Миллий музейи ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида бўлиб, ушбу масканларнинг фаолияти ва тарихий аҳамияти билан танишди.

4-октябр куни эса Кобул шаҳрида “Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари, Афғонистонлик уламолар, олимлар ва диний-маърифий соҳа вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳабибуллоҳ Жўрабойев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Каромиддин Жамаҳматов, марказнинг Халқаро алоқалар ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Анвар Жўрайев, Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Меърожиддин Аманов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Шукрулло Умаров, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Расулжон Абдуллойев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ижтимоий ва ҳуқуқ фанлари кафедраси ўқитувчиси Мир Одил Ҳайдаров, Тошкент ислом институти Ақида ва фиқҳ фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов, Тошкент давлат шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси катта ўқитувчиси Обиджон Абдураҳмонов, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Исломшунослик бўлими мудири Адилжон Рўпийев ҳамда бошқа мутахассислар қатнашди.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқди. У ўз нутқида Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини асрлар давомида боғлаб келаётган тарихий, илмий ва маънавий алоқаларнинг аҳамиятини таъкидлади.

Шунингдек, умумий илмий меросни чуқур ўрганиш, буюк алломалар асарларини тадқиқ этиш ва икки мамлакат ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим экани қайд этилди.

Конференциянинг илмий қисмида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Каромиддин Жамаҳматов “Термиз уламолари ва фиқҳ илми: илмий мерос ва анъаналар” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада Термиз заминидан етишиб чиққан уламо ва муҳаддисларнинг фиқҳ илми ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг илмий меросини ўрганиш ва авлодларга етказиш анъаналари ҳақида сўз юритилди. Мазкур мавзу конференциянинг асосий йўналиши — Имом Марғиноний ва Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг илмий меросини тадқиқ этиш билан бевосита боғлиқ экани билан аҳамиятлидир.

Анжуман давомида Ўзбекистон ва Афғонистон уламолари ҳамда олимлари ўртасида илмий фикр алмашинуви бўлиб, умумий тарихий, илмий ва маънавий меросни чуқур ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур ташриф ва халқаро конференция икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маданий ҳамда илмий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш, умумий илмий меросни тадқиқ этиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон делегациясининг Афғонистонга ташрифи 7-октябрга қадар давом этади. Сафар дастуридан қатор илмий-маърифий учрашувлар ва ташрифлар ўрин олган.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика