МУТААССИБЛИКНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

by Matbuot xizmati
4 👁️

Диний бир қараш ёки ёндашувни қабул қилиб, кейинчалик уни ҳақиқатнинг ягона ифодачиси деб билиш мутаассибликдир. Бирор фикр ёки қараш мутлақ ва ўзгармас ҳақиқат даражасига кўтарилса, ундан ташқаридаги барча қарашлар ботил деб баҳоланиши мумкин.

Бошқача айтганда, бу  бирор қарашни ҳаддан ташқари улуғлаш ва бошқа талқинларни қадрсизлантириш деганидир. Чунки «ягона тўғри йўлни топган, ягона нажотга эришган ёки энг тўғри фикр бизники» деган ёндашув бошқа ҳақиқатни изловчи инсонларни камситиш, уларни четлаштириш ва улардан узоқлашишни англатади.

Ҳар қандай диний тушунча ёки ёндашув шаклининг догматик тус олиши қадриятларни догматизм билан, догматизмни эса муросасизлик билан тенглаштиришга олиб келади. Бундай муҳитда унинг тарафдорлари ўзларини нажот топган гуруҳ деб билиб, бошқаларни эса адашган, нотўғри йўлдаги ва ҳалокатга олиб борувчи гуруҳлар сифатида қабул қила бошлайдилар.

Мутлақ ҳақиқат Қуръони каримдир. Ижтиҳод ва талқинга асосланган қарашларни эса мутлақ ҳақиқат даражасига кўтариб бўлмайди. Уларнинг хато қилиш эҳтимоли борлиги, танқид қилиниши мумкинлиги ҳамда ҳақиқатга турли йўллар орқали етиб бориш имконияти мавжудлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Ўз мазҳаби, тариқати ёки жамоасини танқид қилиб бўлмайдиган мутлақ ҳақиқат деб билиш, унинг тўғри ёки нотўғрилигига қарамасдан кўр-кўрона эргашиш мутаассибликдир. Мазҳабларнинг мавжудлиги қанчалик табиий бўлса, инсоннинг ушбу фикрий мактаблардан бирига эргашиши ҳам шунчалик табиий ва нормал ҳолатдир.

Аммо соғлом ва меъёрий бўлмаган ҳолат ўзи мансуб бўлган мазҳабни мутлақ ва мунозара қилиб бўлмайдиган ҳақиқат деб билиш, ҳақиқатга элтувчи бошқа йўлларни эса душман сифатида кўришдир. Бундай мутаассиблик динимиз томонидан асло маъқулланмайди.

Ислом тарихи давомида диний матнларни англаш, Қуръон ва Суннатнинг кундалик ҳаёт билан боғлиқлигини таъминлашда мазҳабларнинг ўрни катта бўлган. Бугун бизнинг вазифамиз — ана шу илмий мерос ва тафаккур устига яна бир «ғишт» қўйиш, мавжуд илмий тажрибани янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишдир. Бунинг ўрнига бирор фикр, жамоа ёки мазҳабга кўр-кўрона боғланиб, уни мутлақ ва муҳокама қилиб бўлмайдиган даражага кўтарсак, диний тафаккурни қотириб қўйган ва уни гўё тарих қаърига қамаб қўйган бўламиз.

Мазҳаб масаласидаги мутаассибликнинг тарихдаги изларига назар ташласак, ўз мазҳаби йўлида саҳобаларга нисбатан номақбул сўзлар айтган, бошқа мазҳаб вакилларини камситган, ҳатто ўз қарашларини қўллаб-қувватлаш учун ҳадислар ҳам тўқиган кишилар бўлганини кўришимиз мумкин.

Тарихда ҳам ўзидан бошқаларни Ислом доирасидан ташқарида деб ҳисоблаган хорижийлик тафаккури мусулмонларнинг бир-бирини таниши, ўзаро яқинлашиши ва ҳамжиҳат бўлишига тўсқинлик қилган. Замонавий дунёда ҳам ўзига ўхшамаганларни душман деб биладиган ва уларни йўқ қилишни мақсад қиладиган турли экстремистик қарашлар бунга яққол мисол бўла олади. Бугунги кунда юзаки, тор доирадаги, ҳикматдан йироқ ва такфирчиликка асосланган эътиқодий тушунчалар жамиятда қандай вайронкор оқибатларни келтириб чиқараётганини алоҳида таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Бошқа томондан, худди турли фикрий оқимларни мутлақлаштириш каби, муайян шахсларни ҳам мутлақ ва хатосиз деб билиш, уларни танқид қилиб бўлмайдиган ёки дахлсиз шахс сифатида кўриш Ислом таълимотига зид. Чунки Ислом эътиқодига кўра, Мутлақ Ҳақиқат фақат Аллоҳ таолодир. Ундан бошқа барча мавжудлик нисбий, ўткинчи ва айрим ҳолларда инсонни янглиштириши мумкин.

Бирор инсонга бўлган садоқат унинг ҳар бир сўзи, қарори ва даъвосини ҳеч қандай шубҳа ва мулоҳазасиз қабул қилиш даражасига етиб борса, бу инсоннинг мустақил фикрлаш қобилиятини йўқотишига олиб келади. Инсон хато қилиши, унутиши ёки нотўғри қарорга келиши мумкинлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Шунингдек, ғоялар ёки шахсларга нисбатан мутаассибликнинг кучайиши жамиятда ажралиш, қарама-қаршилик, гуруҳбозлик ва низоларни юзага келтиради. Турли ижтимоий муҳитларда яшайдиган ва инсон сифатида турлича фикрлаш имкониятига эга бўлган мусулмонлар ўзаро фарқларини камчилик эмас, балки бойлик ва хилма-хиллик сифатида қабул қилишлари, бир-бирини ҳурмат қилишлари ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашлари лозим.

Акс ҳолда, ҳар бир гуруҳ ўзининг йўли ва қарашларини мутлақ тўғри деб билиб, бошқаларга нисбатан кескин ва вайронкор танқид билан ёндашса, бу нафақат алоҳида гуруҳлар, балки бутун жамият учун зарарли оқибатларга олиб келади. Шу боис Исломнинг асл моҳиятига мос равишда илм-маърифат, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш муҳимдир.

Умарали Улжаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика