
Ислом – аввало, тавҳид, тинчлик, бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликка асосланган диндир. У барча мўминларни ягона эътиқод атрофида бирлашишга, бир-бирига меҳр-оқибатли ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради. Шу сабабли жамиятда адоват, низо, ўзаро душманлик ва бўлинишга сабаб бўладиган қарашлар динимиз томонидан маъқулланмайди.
Шу билан бирга, инсонларнинг фикрлаши, дунёқараши ва айрим масалаларни турлича тушуниши табиий ҳолатдир. Илмий ва диний масалаларда турли қарашларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан ёмон ёки хавфли ҳодиса ҳисобланмайди. Муҳими, бундай қарашлар Исломнинг асосий тамойилларига зид бўлмаслиги, бошқаларга нисбатан адоват ва нафратни келтириб чиқармаслиги ҳамда инсонларни бўлинишга ундамаслигидир.
Ислом тарихига назар ташласак, мусулмон олимлари кўплаб масалаларни илмий изланиш, далил ва тафаккур асосида ўрганганларини кўрамиз. Турли давр ва ҳудудларда яшаган уламолар айрим масалаларга турлича ёндашганлар. Бу эса Ислом тафаккурининг бойлиги ва кенг қамровлилигини кўрсатади. Демак, бир масалада турлича фикрга эга бўлиш ҳар доим ҳам ихтилоф ёки қарама-қаршилик дегани эмас.
Асосий диний масалаларда Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари барча мусулмонлар учун муҳим мезон ҳисобланади. Шу асосда шаклланган мазҳаблар ва илмий мактаблар Ислом маданияти ва тафаккурининг муҳим қисмидир. Улар мусулмонларнинг динни англаш ва ҳаётга татбиқ этиш борасидаги кўп асрлик илмий тажрибасини акс эттиради.
Мазҳаблар ўртасидаги айрим фарқлар, асосан, диннинг тафсилотларига оид масалаларда юзага келган. Бундай фарқларни тўғри тушуниш, бир-бирини ҳурмат қилиш ва бағрикенглик билан муносабатда бўлиш муҳимдир. Бирор масалада бошқа фикр мавжудлигини кўрган заҳоти уни нотўғри, бегона ёки душманона қараш сифатида баҳолаш тўғри эмас.
Шуни унутмаслик керакки, ҳеч бир мазҳаб Ислом динининг ўзи эмас. Мазҳаб – Қуръон ва Суннат асосида динни англаш, шарҳлаш ва амалий масалаларда қўллашнинг муайян илмий йўналишидир. Шунинг учун бир мазҳабга мансуб бўлиш бошқа мазҳаб вакилларини инкор этиш ёки уларга нисбатан салбий муносабатда бўлиш учун асос бўла олмайди.
Айниқса, бугунги ахборот маконида турли диний қарашлар интернет орқали тез тарқалаётган бир шароитда диний билимни ишончли манбалардан олиш, ҳар қандай маълумотни танқидий фикрлаш асосида баҳолаш ва мутаассибликка берилмаслик муҳим аҳамият касб этади. Диний билимнинг етарли эмаслиги айрим ҳолларда инсоннинг бир томонлама ёки кескин қарашларга берилишига сабаб бўлиши мумкин.
Исломнинг буюк алломалари мероси ҳам бизга илм, маърифат, одоб ва бағрикенглик йўлини кўрсатади. Имом Термизий, Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг илмий мероси мусулмонларни чуқур билим олишга, диний масалаларни илмий асосда англашга ва жамиятда эзгуликни қарор топтиришга хизмат қилади. Уларнинг меросини ўрганиш ёшларни турли мутаассиб ва радикал қарашлардан ҳимоя қилишда ҳам муҳим маънавий-маърифий манба бўла олади.
Бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири ҳам аҳолининг, айниқса ёшларнинг маърифий саводхонлигини ошириш, аждодларимизнинг бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашдан иборат. Динни тўғри англаш инсонни эзгулик, бунёдкорлик, ватанпарварлик ва тинчликка хизмат қилишга ундаши лозим. Шу боис диний эътиқод масаласида ҳурмат, илмий масалаларда фикр хилма-хиллиги, жамият ҳаётида эса ўзаро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳим тамойил бўлиб қолади. Турли қарашдаги инсонлар бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда тинч ва фаровон жамият қуришга ҳисса қўшишлари мумкин.
Умуман айтганда, Ислом бизни бўлинишга эмас, бирликка, адоватга эмас, меҳр-оқибатга, жаҳолатга эмас, илм-маърифатга, мутаассибликка эмас, бағрикенгликка чорлайди. Шу маънода бағрикенглик, диний масалалардаги тўғри ёндошув, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ қолиш ҳамда аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш жамиятимизда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Умарали Улжаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими