
#Yangiliklar #Uchrashuv #Taqdimot #Ziyorat
✅Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, маънавий-маърифий учрашувда иштирок этдилар.

✅Меҳмонларни Марказ катта илмий ходими Жўрабек Чўтматов кутиб олиб, уларга Марказ фаолияти, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

✅Учрашув давомида меҳмонлар Марказ томонидан нашр этилган китоб ва рисолалар билан танишдилар. Хусусан, Имом Термизий ва термизий алломалар илмий меросига бағишланган 80 дан ортиқ нашрлар тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Марказ илмий ходимлари томонидан аниқланган 226 нафар термизий аллома ҳақидаги маълумотлар талабаларда катта таассурот қолдирди.

✅Тадбирнинг амалий қисми доирасида меҳмонлар Султон Саодат мажмуаси ҳамда Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилдилар. Ташриф давомида Жўрабек Чўтматов мазкур қадамжоларнинг тарихи, уларнинг маънавий аҳамияти, шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва бой илмий-маърифий мероси ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

✅Мазкур учрашув талабаларнинг буюк алломалар мероси ҳақидаги билимларини янада бойитиш, миллий ва диний-маънавий қадриятларга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилди.
