МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ВА УНИНГ «АР-РАДДУ АЛА-Л-МУАТТИЛА» АСАРИ

by Admin
52 👁️

Хосилмурат Парманов
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими

Аннотация. Ушбу мақолада Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди, алломанинг ижтимоий ҳаётда юксак аҳамият касб этган ҳикматли сўзлари ҳамда у зот ҳақида уламолар томонидан билдирилган ижобий фикрлар ёритилган. Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ноёб асарларидан бири бўлган «Ар-Радду ала-л-муаттила» асари мазмуни таҳлил қилиниб, ундаги асосий ғоя – ўша даврдаги «Муаттила» (Аллоҳнинг исм ва сифатларининг айримларини ёки барчасини инкор қилувчилар) қарашларига раддия бериш ҳамда уларни аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мувофиқ тўғри йўлга бошлаш экани очиб берилган. Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг илмий мероси бугунги кунда турли ақидавий хуружлар ва таҳдидлар кузатилаётган шароитда мусулмонларнинг соғлом эътиқодини асрашда муҳим мафкуравий иммунитет вазифасини бажаради.

Калит сўзлар: Ҳаким Термизий, Ар-Радду ала-л-Муаттила, Хатму-л-Авлиё, тасаввуф, фақиҳ.

Биз ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ва уларнинг илмий меросига эътибор қаратсак, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳазратлари нафақат Ўрта Осиё халқлари, балки бутун дунё илм-маърифати ривожига салмоқли ҳисса қўшган аллома эканига гувоҳ бўламиз.

Етук тасаввуф намояндаси, машҳур муҳаддис ва фақиҳ сифатида танилган Ҳаким Термизийнинг тўлиқ исм-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Баширдир. Алломанинг таваллуд ва вафот саналари ҳақида тарихий манбаларда турлича маълумотлар учрайди. Жумладан, Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака Ҳаким Термизийнинг «Одобул муридин ва баёнил касб» асари муқаддимасида қуйидагиларни қайд этади: «Тарихий манбаларда бу зотнинг аниқ туғилган ва вафот этган йиллари кўрсатилмаган. Бироқ тадқиқотчиларнинг фикрича, Ҳаким Термизий тахминан ҳижрий 205/820 йилларда туғилган ва 115 йил умр кўриб, 320/932 йиллар атрофида вафот этган».

Ҳаким Термизий бошланғич илмларни отаси Алидан олгани ҳамда «Ар-Радду ала-л-муаттила» асарида онасидан ҳадис ривоят қилгани ҳақидаги маълумотлардан келиб чиқиб, уни зиёли оилада тарбия топган, деб айтиш мумкин. Аллома илм талабида Макка, Мадина, Балх ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилган. У кўплаб асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг аксар қисми бизгача етиб келган, бироқ қўлёзмаларининг катта қисми хорижий мамлакатлар кутубхоналарида сақланмоқда.

Марҳум тадқиқотчи Маҳмуд Нормуродов ўзининг «Ҳаким Термизийнинг илмий мероси» номли мақоласида алломага нисбат берилган ўттиз олтита асарни санаб ўтади ва мазкур рўйхат нисбий эканини таъкидлайди.

Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг «Ар-Радду ала-л-муаттила» ва «Ар-Радду ала-р-рофиза» асарлари ўз давридаги эътиқодий адашишларга қарши, аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида тўғри ақидани баён этишга бағишланган. Хусусан, «Ар-Радду ала-л-муаттила» асарининг ноёб қўлёзма нусхаси Мадинаи Мунавварада сақланади. Ушбу асар 1439 ҳ./2017 м. йилда бир гуруҳ тадқиқотчи олимлар томонидан ўрганилиб, Мадина шаҳридаги «Ар-Равза» нашриёти томонидан қайта нашр этилган. Асар муқаддимасида Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари келтирилган:

Дунёда яхшиликдан оғир юк йўқ, чунки сизга яхшилик қилган киши ишончингизга киради, сизга жафо қилган эса узоқлашади.

Инсоннинг ўзига зарарли нарсадан хурсанд бўлиши унинг айбдор эканига кифоядир.

Бандалик сифатларини билмаган киши Раббоний васфларни ҳам англамайди.

Беш тоифа инсоннинг ислоҳи беш жойдадир: болалар – мактабда, ёшлар – илмда, қариялар – масжидларда, аёллар – уйда, жиноятчилар – зиндонда.

Мўъминнинг хурсандлиги юзида, ғам-ғуссаси қалбида бўлади; мунофиқнинг эса ғам-ғуссаси юзида, хурсандлиги қалбида бўлади.

Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг ҳақиқати Унинг зикрида бардавом бўлишдадир.

Инсон ҳақида сўралганда, Ҳаким Термизий: «Инсон очиқ-ойдин заиф, аммо даъвоси кенг», – деб жавоб берган.

Асарнинг бошланиш қисмида аллома ҳақида уламоларнинг қуйидаги фикрлари келтирилади. Абу Наъим «Табиъун лил-асар» асарида: «У ҳадисларни мустаҳкам усулда тўплаб, муржиа ва бошқа адашган тоифаларга раддиялар берган», деб ёзади. Ибн ан-Нажжор эса «Зайлу таърихи Бағдод» асарида: «У мусулмонлар имомларидан бири бўлиб, усулуд-дин ва ҳадис маъноларига оид кенг қамровли асарлари мавжуд», дея таъкидлайди.

Ҳаким Термизий «Хатму-л-авлиё» асарини ёзганидан сўнг айрим замондош олимлар билан келишмовчиликлар юзага келиб, Термизни тарк этади ва Балх шаҳрига кўчиб ўтади. Бу ҳақда Ибн Таймия: «Термизий илмли ва фазилатли зот эди. “Хатму-л-авлиё” асарини ёзганида айримлар уни инкор қилдилар, аммо у қадри улуғ, иймони мустаҳкам инсон эди», деб ёзган.

«Ар-Радду ала-л-муаттила» асарининг тўққизинчи саҳифасида қуйидаги фикр баён этилади: «Илмий далил билан собит бўлган тавҳиднинг икки зидди бор: бири – таътил (Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиш), иккинчиси – ташбеҳ (Аллоҳни махлуқотга ўхшатиш). Кимки Аллоҳнинг сифатларини инкор этса, у тавҳидни инкор этган бўлади; кимки Аллоҳни махлуқотга ўхшатса, у ҳам тавҳидни инкор этган бўлади». Ушбу мулоҳазалар ақида илмидаги мўътадиллик тамойилини ифодалайди.

Асар бир неча бобдан иборат бўлиб, ҳар бир бобда Аллоҳ таолонинг муайян сифатлари Қуръон оятлари ва ҳадислар асосида исботлаб берилган. Жумладан, биринчи бобда «важҳ», иккинчи бобда «калом», учинчи бобда эса «айн» сифати баён қилинган.

Тадқиқотчи Зафар Фахриддинов «Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг ақидавий қарашлари» номли мақоласида алломанинг ҳанафий мазҳабига мансублигини далиллар билан асослайди. Шунингдек, Абулҳасан Ҳужвирий ўзининг «Кашфу-л-маҳжуб» асарида: «Ал-Ҳаким фиқҳни Абу Ҳанифанинг хос шогирдларидан бири қўлида ўрганган», деб ёзади.

Юқоридаги маълумотларга таянилган ҳолда айтиш мумкинки, Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг юртимиз ва хорижда сақланаётган асарларини аниқлаш, уларни илмий тадқиқ этиш бугунги кун тадқиқотчилари олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Имом Термизий илмий меросининг Ислом цивилизациясида тутган ўрни. Мақолалар тўплами. «ILM-21» босмахонаси, Термиз, 2025.
  2. Ҳаким Термизий. Ар-Радду ала-л-муаттила. Мадина: «Ар-Равза» нашриёти, 2017.
  3. Буюк Термизийлар: Ҳаким Термизий. Термиз: «ILM-21» босмахонаси, 2018.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика