Қурбонлик ва унинг фазилатлари

by Matbuot xizmati
6 👁️

Қурбонлик – Аллоҳ таолога яқинлашиш ва Унинг розилигини қозониш  мақсадида, шаръий шартларга жавоб берадиган ҳайвонни муайян вақтда қурбонлик нияти билан сўйиш ибодатидир.

Қурбон байрамида ибодат мақсадида Ийдул адҳо куни эрталаб сўйилган ҳайвонга “удҳийя”, ҳажда сўйиладиган ҳайвонга “ҳадй”, гўшти учун сўйилган ҳайвонга эса “забиҳа” дейилади.

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида шундай марҳамат қилади:

Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деган.

Уламолар ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод Ийдул адҳо намози, “жонлиқ”дан мурод эса қурбонликка сўйиладиган ҳайвон эканини таъкидлаганлар.

Қурбонлик вақти

Қурбонлик қилиш вақти “Ийдул адҳо” — Қурбон ҳайити кунида бошланади. Бу вақт Зулҳижжа ойининг 10-куни тонги отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан тугайди.

Қурбонлик ҳайит намози ўқилгандан кейин сўйилади. Агар ким қурбонлигини ҳайит намозидан олдин сўйган бўлса, унинг қурбонлиги қабул бўлмайди ва қайтадан қурбонлик қилиш лозим бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким намоздан олдин жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин”, деганлар.

Қурбонлик одоблари

Ийд намозидан кейин қурбонлик учун тайёрланган ҳайвонга озор берилмасдан, сўйиладиган жойга олиб борилади ва қиблага қаратиб чап томони билан ётқизилади. Қурбонлик қилувчи киши имкони бўлса, жониворни ўзи сўйиши мустаҳабдир. Агар ўзи сўя олмаса, бошқа бир кишига ваколат бериши жоиз. Қурбонлик вақтида ўзи ҳозир бўлиши ҳам мустаҳаб саналади.

Сўйиш тартиби

Сўйиш жараёнида қассоб ҳайвонни қийнамаслиги, пичоқни унга кўрсатмаслиги ва олдиндан ўткирлаб қўйиши керак. Сўювчи ўнг қўли билан пичоқни, чап қўли билан ҳайвоннинг бошини ушлаб туриб, қуйидаги зикрни айтади: “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар” ёки “Бисмиллаҳи валлоҳу акбар, Аллоҳумма ҳаза минка ва лака”.

Бу зикрнинг маъноси:

“Аллоҳнинг номи билан сўяман. Аллоҳ буюкдир. Эй Аллоҳим, бу қурбонлик Сен тарафингдан ва Сенга аталгандир”.

Қуръонда бу ҳақда шундай марҳамат қилинади:

Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсадан еманглар” (Анъом, 121-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда қурбон намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор кетирилди. У зот уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: “Бисмиллаҳи валлоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилмаган умматимдан”, дедилар”.(Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга етган, ақлли, муқим ва нисоб миқдорига етган мусулмонга вожибдир. Мусофир учун вожиб эмас.

Қурбонлик ҳайвонига қўйиладиган шартлар

Қурбонлик қилиш учун ҳайвон танлаш пайтида бемор, ғилай, очиқ-ойдин чўлоқ каби камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор бериш керак. Камчилиги аниқ билиниб турадиган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар сезилар-сезилмас бўлса, бўлади, дейди уламоларимиз. Шунингдек, кўзи кўр, оёғи чўлоқ, шоҳи тагидан синган, қулоғи тагидан бутунлай кесилган ва мияси чатоқ бўлса, у қурбонликка яроқли ҳисобланмайди. Бу ҳақда Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси чатоқ ҳайвон”, дедилар” (Сунан эгалари ривоят қилганлар).

Қурбонлик қилинаётган қўйнинг қулоғига қаралади, агар қўйнинг қулоғини учдан бир ёки учдан биридан озроқ қисми кесилган бўлса ёки қулоғи тешиб қўйилган бўлса, бу қўйни қурбонлик ёки ақиқа учун сўйса бўлади. Агар қўйнинг қулоғини учдан биридан кўп қисми кесилган бўлса, қурбонлик ва ақиқа учун сўйиб бўлмайди.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар туя, қорамол, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Етти киши биргалашиб битта туя ёки қорамолни қурбонлик қилади.

Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, туя беш ёш, қўй ва эчки бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди. Бир ёшга кирган қўйнинг жуссаси кичик бўлса-ю, лекин бир ёшга тўлганлиги аниқ бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиш мустаҳаб саналади. Бир қисмини ўзи аҳлу оиласи билан истеъмол қилади. Яна бир қисмини фақир, бева-бечораларга садақа қилади. Учинчи қисмини қариндош-уруғ, ёру биродарлари, қўни-қўшниларига ҳадя қилади.

Агар у одамнинг қарамоғидагилар кўп бўлса ёки эҳтиёжлари бўлса, қурбонлик гўштини уйда ҳеч кимга тарқатмасдан истеъмол қилса ҳам жоиздир.

Қурбонлик фақат Аллоҳнинг розилигини қозониш учун кесилгани учун унинг гўштини сотиш жоиз бўлмаганидек, терисини, юнгини, ичакларини, суякларини ва ёғини ҳам сотиш жоиз эмас. Қурбонлик қилган киши хоҳласа уни ўзи уйида ишлатади, хоҳласа бошқаларга ҳадя қилади. Агар уларни сотиб қўйган бўлса, пулини садақа қилади.

Қурбонликни сўйган кишига хизмат ҳаққи сифатида қурбонликнинг гўшти ёки териси берилмайди. Бунга далил шуки, Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга у зотнинг қурбонликларига қарашимни, гўштлари, терилари ва жабдуқларини садақа қилишимни ва у нарсалардан қассобга бермаслигимни амр қилдилар. Унга биз ўзимиз берамиз”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).

Қурбонликни сўйган кишига хизмат ҳаққи сифатида пул берилганидан кейин, қурбонликнинг гўшти ёки терисини ҳадя сифатида берса жоиз бўлади.

Қурбонлик амаллари якунлангач, атроф-муҳитни тоза сақлаш, ҳайвондан қолган бўлакларни тупроққа чуқур кўмиб ташлаш ва имкони борича ҳеч бир қисмини очиқ ҳолда қолдирмаслик лозим. Бу ҳолат қурбонлик қилинган ҳайвонга нисбатан ҳурмат ва атрофдагиларга нисбатан озодаликни таъминлаш белгисидир.

Қурбонлик ибодати нафақат охиратдаги савоби, балки дунёда ҳам катта манфаатларга эга. У инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.

Қурбонлик гўштини муҳтож оилалар, қийналган инсонлар, қариндош-уруғ ва қўни-қўшнилар ўртасида тарқатиш орқали ижтимоий алоқалар янада кучаяди, жамиятда ўзаро ёрдам ва бирдамлик руҳи ортади.

Аллоҳ таоло буюрган ушбу ибодат замирида инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр ва ҳамдардлик каби юксак инсоний фазилатлар мужассамдир. Бундай амалларни доимий равишда бажариш инсонни яхшилик ва тақво сари етаклайди ва тақвони мустаҳкамлайди.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, Аллоҳ таоло барчамизнинг ибодатларимизни қабул этсин, юртларимизни тинч, оилаларимизга эса доимий барака ва файз ато этсин.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Олим Жўраев

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика