
Аннотатсия. Ушбу мақолада ислом дунёсида ўз ўрнига эга бўлган ҳадисшунос олим Имом Термизийнинг ҳаёт йўли, ҳадис тўплашдаги изланишлари, у зотнинг асарлари, хусусан, «Сунани Термизий» ҳақида сўз боради.
Калит сўзлар: Имом Термизий, Буғ қишлоғи, Жайҳун, Марв, Макка, Мадина, «Сунани Термизий».
Abstract. This article tells about the life of Imam Tirmidhi, a researcher of hadiths, who has a place in the Islamic world, his research in the fiyeld of collecting hadiths, his works, in particular, «Sunani Tirmidhi».
Keywords: Imam Tirmidhi, the village of Bug, Jayhun, Marv, Mecca, Medina, «Sunani Tirmidhi».
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги ПҚ- 2774-сонли «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 14 мартда давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берган эди.
Марказнинг асосий мақсад ва вазифалари Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганишга, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз- авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишга, миллий-диний қадриятларимизни асраб- авайлаш ва ривожлантиришга, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашга, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга қўмаклашишга қаратилган эди.
Буюк ҳадисшунос олим имом Бухорийнинг севимли шогирди Абу Исо Муҳаммад ат-Термийдир. Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий. Куняси Абу Исо (яъни Исонинг отаси)578.
Термизийнинг насаби кўпгина манбаларда ана шундай зикр қилинган. У зот насаби ҳақида яна икки хил қавл бор. Биринчиси –Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод. Иккиничиси – Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн ас-Сакан. Термизий ҳижрий 209 йил (милодий 824-825) йил таваллуд топган. Ҳофиз аз-Заҳабий «Мийзон ул-иътидол» китобида Термизийнинг ҳижрий 279 (милодий 892-893) вафот этганини зикр қилиб: «Вафот атган вақтларида етмиш ёшда эдилар», дейди. Аллома Мулла Али ал-Қорий ҳазратлари ҳам «Аш-Шамоил» асари шарҳида ҳам худди шу гапни айтади. Имом Термизий туғилган ватани Ўзбекистондир. Термизий Термиз шаҳридан олти фарсах (тақрибан 40 км) нарида жойлашган Буғ қишлоғида таваллуд топди. Ал-Буғий деб Буғ қишлоғига нисбат берилиши шу ерда яшаб вафот этгани сабаблидир. Бўлажак алломанинг беғубор болалиги, шўх ёшлиги жўшқин ва сокин Жайҳун соҳилларида ўтди. Оиладаги илмга чанқоқ муҳит, шаҳардаги чинакам покиза шароит Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийнинг Қуръон тиловатига, Расулуллоҳ ҳадисларига рағбатини оширди. Илмга чанқоқлик Термизийни Бухоро ва Самарқанд ҳамда Марв ва Нишопур шаҳарларига чорлайди. Илм фанга ташна Имом Термизий 850 йилдан бошлаб узоқ юртларга, кўплаб хорижий мамлакатлар ва шарларга саёҳат қилди. У киши 20 ёшга етганда Хуросонга бориб, шайх Исҳоқ ибн Роҳавайх Марвазий ва бошқалардан илм ўрганади. Сўнг 25-26 ёшларида Ироққа (Басрага) бориб у ердаги алломалардан дарс олади, кейин Макка ва Мадинага кетади У ерда кўплаб уламолар билан мулоқотда бўлиб, таълим олади. Бу саёҳатлари кўп йиллар давом этади. Имом Термизий Термизга ҳижрий 250 (милодий 864) йилда қайтиб келади. Шунга қараганда, тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб йиғиб юрган.
Имом Бухорий билан Нишопурда (ҳижрий 250 йил) учрашиб, кўп ҳадислар ҳақида музокаралар олиб боргани ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» («Сунани Термизий») китобини ёза бошлаган. Имом Термизий ёшлигидан ҳадис йиғишга иштиёқи баланд бўлган, ҳар бир ҳадисни ёзиб олганда унга алоҳида эътибор берган. ўзлари ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисларни асли ва иснодини диққат ва огоҳлик билан аниқлаб қайта-қайта текшириб, тўғрилигига ишонч ҳосил қилгандан кейин, асл ҳадисларни алоҳида қоғозга кўчирган, шубҳа қилганларини ҳам алоҳида қоғозга ёзиб қўйган. Ана шу тариқа саҳиҳ ва шубҳали ҳадисларни табақаларга бўлиб, саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб сифат ва хилларга ажратган. Имом Термизийнинг хотираси жуда кучли бўлган, бир марта эшитган ҳадисини ёдлаб қолиш қобилияти бор эди, у ҳақида ўзи ҳам ҳикоя қилган. Имом Термизий ислом оламида ўзининг асарлари билан машҳур. Олимлар Имом Термизий ислом оламига турли асарлар тортиқ қилганини айтишади. Уларнинг фикрича у зотнинг асарлари қуйидагилар:
- «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» («Сунани Термизий»).
- «Аш-Шамоил ал-Маҳаммадия» («Аш-Шамоил ал-Набавия» деб ҳам юритилади).
- «Ал-Ҳол».
- «Ат-Тарих».
- «Аз-зуҳл».
- «Ал-Асмо ва ал-куно» («Исмлар ва кунялар»).
- «Ал-Илал фи-л-ҳадис» («Ҳадис санадларидаги иллатлар ёки нуқсонлар»). Бу тасниф икки мустақил асардан иборат: 1) «Ал-илал ас- сағир»; 2) «Ал-илал ал-кабир» ёки «Ал- муфрад». Термизийнинг бошқа асарлари ҳам бўлиши мумкин579.
Имом Термизийнинг энг машҳур асари «Сунани Термизий» ҳисобланиб, асар Имом Бухорий билан учрашувдан ҳижрий 250 (864 йил) дан кейин ёзилган. «Сунани Термизий» китоби ҳақида кўплаб уламолар ўз фикрларини билдириб ўтганлар. Термизийнинг «Сунан» китоби ҳақидаги фикрлар Ибн Асийр ўз «Тарих»ида бундай дейди: «Термизий имом ва ҳофиз эди. Бебаҳо асарлар тортиқ қилди. «Ал-жомеъ ул-кабир («Катта тўплам» яъни «Сунани Термизий») бу асарларнинг энг мукаммалидир.
Ҳофиз Абул-Фазл Мақдисий айтади: «Ҳиротда имом Абу Исо ал- Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: “Менинг учун Термизийнинг китоби Имом Бухорий ва Имом Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки уларнинг китобларидан фақат теран илмли мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».
Аллома Тошкўпрукзода Термизийнинг таржимаи ҳоли ҳақида шундай дейди: (Термизий) ҳадис илмида кўпгина асарлар тақдим этди. Унинг «Ал- жомеъ ас-Саҳиҳ» китоби бўлиб, у асарлар орасида фойдаси энг кўп, тартиби ихчам такрори энг оз китобдир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар бор.
Биз сўзимиз давомида бу китоб ҳақида бир қанча фактларга тўхталмоқчимиз. Имом Термизийнинг ёзган асарлари жуда кўп, лекин улар ичида энг таниқлиси ва шоҳ асари «Сунани Термизий»дир. Муҳаддис китобларни 51 та мавзуга бўлганлар. Мавзулар ичидаги жами боблар сони 2231 тани ташкил қилади. Ҳадислар сони эса 3956 тадир. Турли хил нусхалар эътиборидан фарқланиши мумкин. Имом Термизий бу китобдаги услублари биринчи ҳадисни келтирадилар кейин фиқҳий ҳукмга алоқадор масалаларни келтириб, олимларнинг шу борасида қандай йўл тутганини ҳам ёритиб ўтадилар. Яна қўшимча қилиб саҳобий ва тобеинларнинг ҳам тутган йўлларини келтирган580.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки Имом Термизий илмий фаолиятини ўрганиш ҳозирги замон ёшларининг кўнглида ислом оламида машҳур олимларидан фахрланиш туйғусини уйғотади. Айниқса бу биз Сурхондарё фарзандлари учун ғурурдир.
Муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илмининг дарғаларидан бири, буюк ватандошимиз Имом Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб- қувватлаш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Имом Термизийнинг бой маънавий меросини ўрганишда юртбошимиз томонидан қабул қилинган «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарор асосида Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида 12- сентябрь санасида «Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди581.
Хулоса қилиб айтганда, буюк бобокалонимизнинг шахсий ҳаёти ва унинг бой маънавий меросини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳам илмий ҳам амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.
Ясмина Олимова, Термиз Давлат Университети Тарих факультети талабаси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
- Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. – Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2017.
- Турсунов С., Муртазоев Б. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Тошкент: «Ўзбекистон», 2016.
- Саидов С. «Термизийлар мероси жаҳон олимлари олимлар нигоҳида». Янги Ўзбекистон газетаси.
4. https://kun. уз/уз/82723093
578 Турсунов С., Муртазоев Б. Термизийларнинг илмий тафаккури. – Тошкент: «Ўзбекистон», 2016. – Б. 86.
580 Саидов С. «Термизийлар мероси жаҳон олимлари олимлар нигоҳида». Янги Ўзбекистон газетаси. № 192 (1253), 2024 йил 20-центабр. – Б. 5.
581 Саидов С. «Термизийлар мероси жаҳон олимлари олимлар нигоҳида». Янги Ўзбекистон газетаси. № 192 (1253), 2024 йил 20-центабр. – Б. 5.
579 Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. – Тошкент: «Ўбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2017. – Б. 123.