
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уларнинг асарларини тадқиқ этиш ва жаҳон илм-фанидаги ўрнини кенг ёритиш борасида муҳим илмий маскан сифатида фаолият юритмоқда. Бугун марказда олиб борилаётган изланишлар нафақат маҳаллий, балки хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Яқинда марказга ташриф буюрган Туркиянинг Анқара ижтимоий фанлар университети исломшунослик факултети профессори, доктор Селчук Жошқун ҳамда доцент, доктор Ҳасан Сўзенман ушбу илмий муассасада яратилган имкониятлар ва амалга оширилаётган тадқиқотлар билан танишдилар.
Марказ директори Музаффархон Жониев меҳмонларга термизий алломаларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини илмий муомалага киритиш ҳамда ёш авлодга етказиш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, марказ олимлари томонидан 226 нафар термизий аллома ҳақида маълумотлар аниқланиб, ўрганилаётгани туркиялик олимларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ташриф давомида меҳмонларга Имом Термизий ва бошқа алломаларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ҳамда маънавий меросига бағишланган 80 дан ортиқ китоб ва рисола тақдим этилди. Ушбу нашрлар аждодларимиз қолдирган бебаҳо мероснинг кўлами ва уни ўрганиш борасидаги изланишлар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Учрашув якунида термизий алломаларнинг илмий меросини халқаро миқёсда янада кенг тадқиқ этиш, хорижлик олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва қўшма илмий изланишларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.
Яхяев Зохир – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот котиби