Ёшлар маънавиятни юксалиришда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги

by Matbuot xizmati
8 👁️

Ёшлар онгида миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантиришда уларнинг ўзаро боғлиқлигини очиб бериш муҳим. Ёш инсон миллий қадриятни фақат “бизнинг анъанамиз” сифатида эмас, унинг инсонпарварлик, ахлоқий ва ижтимоий мазмунини англаган ҳолда қабул қилиши керак. Бундай ёндашув қадриятнинг маънавий таъсир кучини оширади. Умуминсоний қадриятлар миллий маданий контекстдан узиб тушунтирилса, улар ёш онгида мавҳум тушунчалар сифатида қолиши мумкин.

Қадриятларнинг шахс онгида шаклланиши ижтимоийлашув жараёни билан бевосита боғлиқ. Ижтимоийлашув шахснинг жамиятда мавжуд бўлган меъёрлар, билимлар, маданий кодлар, роллар ва муносабатларни ўзлаштириши ҳамда улар асосида мустақил ижтимоий позицияни шакллантириш жараёнидир[1]. Ёшлик даврида мазкур жараён айниқса фаол кечади. Бу даврда инсон ўз “Мен”ини англайди, ҳаётий мақсадларини белгилайди, касбий ва ижтимоий танловларни амалга оширади, дунёқарашини мустақил равишда шакллантиради.

Оила қадриятларни шакллантиришнинг биринчи ва энг таъсирчан ижтимоий муҳити ҳисобланади[2]. Боланинг меҳр, ҳурмат, масъулият, меҳнат, ҳалоллик, катталарга муносабат, кичикларга ғамхўрлик каби тушунчалар ҳақидаги дастлабки тасаввурлари оилада пайдо бўлади. Оиладаги реал муносабатлар таълим муассасасидаги тарбиявий таъсир каби муҳим аҳамиятга эга. Ёшларга ҳалоллик ҳақида гапиришнинг ўзи етарли эмас. Улар катталарнинг ҳалолликка муносабатини кўриши ва ҳис қилиши керак. Қадриятларни шакллантиришда шахсий намуна педагогик таъсирнинг муҳим механизмларидан биридир.

Оилавий тарбиянинг ўзига хослиги шундаки, қадриятлар унда расмий таълим объекти сифатида эмас, кундалик ҳаёт тажрибаси орқали ўзлаштирилади. Оила аъзолари ўртасидаги мулоқот, қарор қабул қилиш жараёни, меҳнат тақсимоти, низоларни ҳал этиш усуллари ёшнинг қадриятларга муносабатини белгилайди. Оилада ҳурмат, ишонч ва масъулият устувор бўлса, ёшда мазкур қадриятларнинг ички психологик модели шаклланади. Сўз ва амал ўртасидаги тафовут эса тарбиявий таъсирни заифлаштиради.

Таълим муассасаси қадриятларни шакллантиришнинг муҳим институционал муҳитларидан биридир. Мактаб, академик лицей, профессионал таълим муассасаси ва олий таълим ташкилоти ёшларни нафақат касбий ва академик билимлар билан таъминлайди, балки уларнинг ижтимоий позицияси ва фуқаролик маданиятини ҳам шакллантиради. Замонавий педагогикада таълим натижасини фақат билим ва кўникмалар билан ўлчаш етарли эмас. Мулоқот қилиш, ҳамкорлик қилиш, муаммони танқидий таҳлил этиш, бошқа нуқтаи назарни тушуниш, масъулиятли қарор қабул қилиш ва ижтимоий фаоллик кўрсатиш қобилиятлари ҳам таълим сифатининг муҳим кўрсаткичларидир.

Ёшлар онгида қадриятларни шакллантириш жараёнида билим, муносабат ва фаолият бирлиги таъминланиши зарур. Аввало, ёш миллий ёки умуминсоний қадриятнинг мазмуни ва ижтимоий аҳамиятини билиши керак. Кейин унда мазкур қадриятга шахсий муносабат шаклланади. Якуний босқичда қадрият реал хулқ-атвор ва ижтимоий фаолиятда намоён бўлади. Қадриятнинг ички эътиқодга айланганини айнан амалий фаолият кўрсатади.

Масалан, ёш инсон “ватанпарварлик” тушунчасининг таърифини билиши унинг ватанпарвар шахс эканини англатмайди. У ватанпарварлик мазмунини англаши, мамлакат ва жамият тақдирига шахсий масъулиятни ҳис қилиши, жамоат манфаатларига дахлдор масалаларга бефарқ бўлмаслиги, ўз фаолияти билан ижтимоий фойда яратишга интилиши керак. “Қадриятнинг ҳақиқий ўзлаштирилиши билимдан эътиқодга, эътиқоддан амалий хулқ-атворга ўтиш билан белгиланади”[3].

Имом Термизий Халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ


[1] Bandura A. Social Foundations of Thought and Action: A Social Cognitive Theory. — Englewood Cliffs, NJ: Prentice-Hall, 1986.

[2] Vygotsky L. S. Mind in Society: The Development of Higher Psychological Processes. — Cambridge, MA: Harvard University Press, 1978. — 159 p.

[3] UNESCO. Global Citizenship Education: Topics and Learning Objectives. — Paris: UNESCO, 2015. — 67 p. — ISBN 978-92-3-100102-4.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика