ОТА-ОНАНИНГ ҲАҚЛАРИ

by Admin
9 👁️

Фарзандларнинг ота-оналарига меҳр ва ҳурмат кўрсатишлари, уларнинг сўзларига қулоқ тутишлари ҳамда муҳтож бўлган пайтларида уларга ғамхўрлик қилишлари фарзандлик бурчидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди (Аҳқоф сураси, 15-оят).

Яна шундай марҳамат қилади:

Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! (Исро сураси, 23-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўрадилар:

– Яхши муомаламга энг ҳақли киши ким?

У зот дедилар:

Онанг.

– Кейин ким?

Онанг.

– Кейин ким?

Онанг.

– Кейин ким?

Отанг.

Яна Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар:

“Сизларга гуноҳларнинг энг катталарини айтиб берайми?”

Саҳобалар:

– Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! – дедилар.

Шунда у зот дедилар:

“Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага итоатсизлик қилиш…”

Сўнг суянган жойларидан тўғриланиб ўтириб:

“Огоҳ бўлинг! Ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, — дедилар.

Яна бири ривоятда жиҳодга чиқиш учун Расулуллоҳ (с.а.в.)дан рухсат сўраган бир кишига у зот:

Ота-онанг ҳаётми? – деб сўрадилар.

У:

Ҳа, – деди.

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.):

“Ундай бўлса, уларга хизмат қилиш ва уларни рози қилиш йўлида ҳаракат қил. Сенинг жиҳодинг – уларга хизмат қилишдир.” – дедилар.

Ислом динининг муқаддас манбалари – Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан келтирилган ушбу мисоллардан ойдинлашадики, муқаддас динимизда ота-онани ҳурмат қилиш, уларнинг хизматларини қилиш ва шу орқали уларнинг розиликларига эришиш мўмин-мусулмонликнинг энг асосий аломатларидан ҳисобланади.

Сарвар Саидов

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика