
Қурбон ҳайити асрлар давомида шаклланган диний ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган улуғ байрамдир. Бу айём инсон қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик туйғуларини кучайтириши билан янада аҳамиятли.
Қурбон ҳайити нафақат диний маросим, балки жамиятда тинчлик, барқарорлик ва бирдамликни мустаҳкамлайдиган маънавий омил сифатида ҳам қадрланади. Ўзбекистонда ҳар йили Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ва байрам дам олиш куни этиб белгиланиши халқимизнинг диний қадриятларга бўлган ҳурмат ва эътиборини яна бир бор намоён этади. Бу эса байрамнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Ислом таълимотига кўра, ҳар бир амалнинг асл қиймати унинг ташқи кўринишида эмас, балки унинг ортидаги ният, ихлос ва тақводадир. Шу маънода қурбонлик ибодати ҳам инсон қалбини поклаш, уни руҳий жиҳатдан тарбиялаш воситаси сифатида қаралади.
Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳга уларнинг гўшти ҳам, қони ҳам етмас. Лекин Унга сизларнинг тақвойингиз етар” (“Ҳаж” сураси). Уламолар ушбу оятни инсон амалларининг ҳақиқий мезони тақво эканини таъкидловчи муҳим далил сифатида шарҳлайдилар.
Қурбонлик ибодати Зулҳижжа ойининг 10-кунидан бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни аср вақтига қадар давом этади. Ушбу амални бажаришда шариат қоидаларига риоя қилиш, ҳайвонга озор етказмаслик, уни шафқат билан сўйиш каби ахлоқий талаблар муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, қурбонликни адо этувчи шахс имкони бўлса, бу ибодатни шахсан ўзи бажариши афзал ҳисобланади. Агар бу имконият бўлмаса, вакил орқали амалга ошириш ҳам шариатда жоиздир.
Ислом уламолари қурбонлик ибодатининг бир қатор ҳикматларини таъкидлаганлар. Уларнинг энг асосийлари сифатида Ислом шиорларини улуғлаш, Аллоҳга бўлган тақвони кучайтириш ҳамда муҳтожларга ёрдам бериш каби жиҳатлар кўрсатилади. Бу амал орқали жамиятда раҳм-шафқат, саховат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.
Қурбонлик гўштининг белгиланган тартибда тақсимланиши ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Одатда у уч қисмга бўлинади: бир қисми оила эҳтиёжи учун, иккинчи қисми муҳтожларга, учинчи қисми эса қариндошлар ва қўни-қўшниларга тарқатилади. Бу эса жамиятда ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат ва ҳамкорлик муҳитини кучайтиради.
Байрам кунларида исрофгарчиликдан сақланиш, турли асоссиз маросимларни ўтказмаслик ҳам муҳим масалалардан ҳисобланади. Чунки Қурбон ҳайитининг асосий моҳияти тантана ёки ортиқча дабдабада эмас, балки маънавий покланиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам беришда намоён бўлади. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда учрайдиган “янги ҳайит”, “ҳайит ёъқлови” каби маросимларнинг диний асосга эга эмаслиги ҳақида уламолар томонидан алоҳида таъкидланади. Бу каби одатлар байрамнинг асл мазмунидан узоқлашишга олиб келиши мумкин.
Қурбонлик амалини бажаришда атроф-муҳит тозалигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Санитария қоидаларига риоя этиш ҳам Ислом ахлоқининг бир қисми сифатида қаралади.
Қурбон ҳайити инсонни маънавий покликка, жамиятни эса бирлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибатга етаклайдиган улуғ байрамдир. Шу боис ҳам, бу айём халқимиз ҳаётида шукроналик, инсонийлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаб, келажак авлод тарбиясида ҳам муҳим ўрин тутади.
Олим ЖЎРАЙЕВ, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими