АЛОМАЛАР МАъНАВИЙ МЕРОСИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА ОИД ҲИКМАТЛАР: “АДАБ УЛ-ВАЖИЗ” АСАРИ МИСОЛИДА

by Matbuot xizmati
8 👁️

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Бир ота ўғлига берадиган энг афзал ҳадя – бу гўзал одобдир”. (Имом Термизий ривояти)

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанд тарбиясининг нақадар улуғ эканини баён қиладилар. Ҳадисда “Бир ота ўғлига берадиган энг афзал ҳадя – бу гўзал одобдир” дейилади. Бу сўзлар ота-она томонидан фарзандга бериладиган энг қиммат ва энг фойдали неъмат моддий бойлик эмас, балки яхши хулқ-атвор, одоб-ахлоқ ва тўғри тарбия эканини англатади. Чунки мол-мулк вақт ўтиши билан тугаши ёки ёʻқолиши мумкин, аммо одоб ва тарбия инсон ҳаёти давомида унга ёʻлдош бўлади, уни жамиятда ҳурматли қилади ва охиратда ҳам фойда келтиради. Шунинг учун Ислом таълимотида ота-онанинг энг муҳим вазифаларидан бири фарзандини гўзал хулқ, ҳалоллик, ҳурмат ва масъулият руҳида тарбиялаш ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, фарзанд тарбияси Ислом динида, унинг муқаддас манбаи Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда энг кўп эътибор қаратилган мавзулардан биридир. Фарзанд инсон умрининг давомчиси сифатида, ота-онанинг хайрли ишларини давом эттиришга, уларнинг яхши ном билан зикр этилишларига сабаб бўлувчи асосий кишидир. Шу нуқтайи назардан фарзандларни гўзал тарбия асосида вояга етказиш, уларни жамиятнинг хушхулқ ва яхши фазилатлар билан зийнатланган аъзоси қилиб тарбиялаш ота-оналар олдидаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

Дунё мутафаккирлари таъкидлаганларидек, бу ёруғ оламга келган бола онги оппоқ, тоза варақ кабидир. Ота-она тарбияси ва атроф-муҳит таъсири остида ушбу варақ турли ранглар билан бўялиб боради. Мана шу жараёнда тарбиянинг ўрни беқиёсдир.

ВИИИ аср Ислом тамаддунининг истеъдодли вакили, таржимон, котиб ва файласуф Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқаффанинг “Адаб ул-важиз ли-л-валади-с-сағир” номли рисоласи айнан фарзанд тарбияси, унинг ахлоқий-маънавий хислатларини юксалтириш, диёнатли, руҳан ва жисмонан етук инсон қилиб вояга етказиш масаласига қаратилганлиги билан диққатга сазовордир. Рисоланинг ҳар бир банди Ей фарзанд хитоби билан бошланиб, таълим-тарбиянинг маълум бир масаласига қаратилган. Муаллиф панд-насиҳат асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб мисоллар келтириб, ўз насиҳатларининг таъсири янада ошишига, рисоланинг эса янада гўзалроқ кўриниш касб этишига эриша олган.

Ушбу рисоланинг асл араб тилида ёзилган нусхаси бизнинг кунларимизга қадар етиб келмаган. Фақатгина ХИИИ асрда форс олими Носируддин Тусий томонидан рисоланинг форс тилига қилинган таржимаси ушбу бебаҳо тарбия намунасининг буткул ёʻқолиб кетишининг олдини олди.

Рисоланинг бошланиш қисмларида ибн Муқаффа ёш авлодга мурожаат қилиб шундай дейди:

“Ей фарзанд: Мен сенга одоб намуналаридан эгаллашинг, ўзингда захира қилишинг лозим бўлган, ҳеч қандай шак-шубҳасиз, сабр-тоқат ва бор қувватинг билан интилишинг шарт бўлган васият шудирки, Аллоҳ таолонинг ризолиги ёʻлида ижтиҳод қилгин, Унинг ёʻлида хизмат қилишни ҳамма нарсадан афзал кўргин. Чунки “Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир” .

Ақл-фаросатни ўз қалбингда мустаҳкам қилиб жойлагин, Аллоҳдан қўрқишни ўзингга одат ва шиор қилиб олгинки, бугунги азоб эртанги роҳат олдида арзимас аҳамият касб этсин. Зеро, қиёмат осойишталигини талаб қилувчи ақл соҳиблари наздида тез ўтиб кетувчи машаққатнинг қадри ёʻқдир, боқий жаннатдан умидвор бўлган оқил киши кўз олдида эса фоний кулфат ҳеч бир аҳамиятга эга эмас. Ҳар кимки Аллоҳ таолодан қўрқса, тақвони ўзи учун мустаҳкам қўрғонга айлантирса, турли бало ва офатлардан ўзини эҳтиёт қилган, ғам-қайғуга сабаб бўлувчи воқеа-ҳодисалардан ҳимояланган бўлади”.

Бугунги глобаллашув даврида, ёш авлод онгига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган турли маънавий таҳдидлар, мафкуравий хуружларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда, униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни чуқур тарихий илдизларга эга бўлган маънавий қадриятларимизга содиқ шахс сифатида тарбиялашга бу каби бебаҳо китоб ва рисолаларнинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, “Адаб ул-важиз” рисоласи моддий лаззатлардан маънавий лаззатларни устун қўювчи фикрлар, ахлоқий покликка даъват этувчи ғояларга бойлиги билан аҳамиятлидир. Шу сабабли ушбу рисоладан ёш авлодни маънан ва ахлоқан баркамол шахс сифатида тарбиялаш мақсадида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Сарвар Саидов

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика