Амир Темурнинг Ислом дини, илм-фан ва уламоларга муносабати

by Matbuot xizmati
7 👁️

Амир Темур (1336–1405) жаҳон тарихида нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки маънавият, дин ва илм-фанни қўллаб-қувватлаган йирик сиёсий ва маданий шахс сифатида ҳам алоҳида ўрин тутади. Унинг ҳукмронлиги даврида Марказий Осиё, айниқса Самарқанд нафақат сиёсий марказ, балки илм-фан ва маданиятнинг муҳим ўчоғига айланган. Унинг сиёсий қарашларида дин, илм ва давлат бошқаруви ўртасидаги уйғунлик марказий ўринни эгаллайди.

Амир Темур ўзини Ислом дини ҳомийси сифатида намоён этган. У давлат бошқарувида шариат қоидаларига амал қилишга интилиб, адолатни энг муҳим тамойил сифатида белгилаган. Унинг “Тузуклари”да бу масала алоҳида таъкидланади: “Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи қудрати ва тартиби йўқолади”.

Амир Темур ёшлигиданоқ диний илмларга катта қизиқиш билдирган. У ёшлигида Қуръони Каримни ёд олган, уни нафақат тўғри, балки тескарисига ҳам қироат қилиш қобилиятига эга бўлгани ҳақида ривоятлар мавжуд. Бу ҳолат унинг қори сифатида ҳам юқори даражада бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, у фақат қироат билан чекланмаган, балки Қуръон маъноларини ҳам чуқур англаган. Айниқса, фиқҳ соҳасида ҳам билимли бўлгани таъкидланади.

Амир Темур Исломни фақат шахсий ибодат эмас, балки жамиятни бошқарувчи тизим сифатида тушунган. У фуқароларни динни ўрганишга чақирган, амалдорлар ва аскарларни ҳам диний тарбияга жалб қилган, жамиятда ахлоқий тартибни таъминлашга интилаган.

Унинг машҳур мисолларидан бири — бир куни, саҳрода ҳарбий машқ ўтказилаётганида қор ёғиб қолади. Машқларни тўхтатишга тўғри келади. Шунда, Амир Темур ўз одамларини чодирга тўплаб туриб, ким Қуръони Каримдан қор ҳақидаги оятни топиб берса, бир миқдор олтин мукофот беришини эълон қилади. Одамлар чодирларга тарқалиб, кун бўйи Қуръон ўқиш билан овора бўладилар. Сўнг Соҳибқирон уларни қайта тўплайди ва Қуръони Каримга алоҳида эътибор ила ёндашмасликда танқид қилади. Қуръони Карим иссиқ, қор ёғмайдиган ўлкада нозил бўлгани учун унда қор ҳақида оят бўлиши мумкин эмаслигига эътибор бермаганларини эслатади. Уларни Қуръони Каримга, Ислом динига ихлосини кучайтиришга чақиради ва турли диний саволларига жавоб беради. Бу орқали у одамларни Қуръонни чуқур ўрганишга ундаган ва юзаки билимни танқид қилган.

Амир Темурнинг жамият ва фуқаролар билан алоқасининг асосий қисми уламолар орқали бўлар эди. У киши уламоларни ҳаддан зиёд ҳурматлар ва уларни ўзига яраша тақдирлар эди. Бу борада амирнинг ўзлари амал қилган аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари бўлиши шарт эмас эди. Шийа, рофизий мазҳаблари ҳатто насроний ёки бошқа динларнинг уламоларини ҳам тақдирлар эди.

Тeмур ўзи забт этган мамлакатларда ҳам дин уламоларини ҳимоясига оларди. Кўпинча улар шахсан Соҳибқирон ҳузурига кeлтириларди. Амир Тeмурда катта таассурот қолдирсалар, уларни ўз саройида ёки Самарқандда хизмат қилишга таклиф этар ёки ўз мамлакатларида қолишларига бағрикeнглик билан рухсат бeрарди.

Амир Темур қаерга борса, машҳур ва ўзи китобини ўқиган уламоларнинг вафот этганлари бўлса, қабрини ҳам зиёрат қилар эди. Соҳибқирон томонидан уламоларнинг эҳтиром қилишининг яна бир кўриниши, уруш бўлган жойларда яшайдиган уламоларнинг уйига кирганларга омонлик берар, уларга тегмас эди. Амир Темур олим киши сифатида ўз давридаги китобларни ўқиб ва таҳлил қилиб борарди. Ана ўша ўзи китобини ўқиган уламоларни тирик бўлсалар ҳам, вафот этган  бўлсалар ҳам ҳурматларини жойига қўярди.

Амир Темур уламоларни жамиятнинг маънавий устуни деб билган. Унинг саройида кўплаб машҳур олимлар фаолият юритган, жумладан: Саъдуддин Тафтазоний — мантиқ, калом ва фиқҳ соҳасида йирик олим, “Шарҳ ал-Ақоид” каби асарлар муаллифи, Саййид Шариф Журжоний — фалсафа ва мантиқ соҳасида машҳур, “Таърифот” асари билан танилган; Ибн Халдун — машҳур тарихчи ва социолог, “Муқаддима” асари муаллифи; Низомиддин Шомий — “Зафарнома” асари муаллифи; Шарафиддин Али Яздий — Амир Темур ҳаётини ёритган тарихчи.

Амир Темур бу уламоларни нафақат ҳурмат қилган, балки улар билан мунозаралар ўтказган, уларнинг фикрларига таянган ҳолда қарорлар қабул қилган.

Амир Темур тасаввуф аҳлига катта эҳтиром билан қараган. Унинг маънавий шаклланишида Баҳоуддин Нақшбанд — нақшбандия тариқати асосчиси; Шамсиддин Кулол — пири ва Саййид Барака — маънавий қўлловчиси сифатида муҳим роль ўйнаган.

Соҳибқирон ўз ўгитларининг бирида шундай дейди: “Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Кам егин, кам ухла, кам гапир”, деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларимга ҳам айтар сўзим шу бўлди, кам енглар – очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар – мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар, доно бўласизлар”.

Амир Тeмур пири муршидлар, маънавий устозларга ўз саройининг тўридан жой бeрди. Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг қайд этишича, шайх Шамсиддин Кулолдан олган дуосини Соҳибқирон доимо ўз муваффақиятларининг энг биринчи сабаби дeб билган.

Амир Тeмур пирларидан бири, Муҳаммад пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Саййид Барака 1370 йилда Балх қалъаси эгалланишидан олдин Тeмурнинг олдига кeлади. Улуғ шайх Тeмурга ҳокимият рамзи ҳисобланган ноғора ва байроқ тутқазиб, унинг порлоқ кeлажагидан башорат қилади. Бундан ташқари, Саййид Барака ўз дуоси билан Соҳибқироннинг ғанимларга қарши курашида ҳам уни қўллаб-қувватлайди. Масалан, Ибн Арабшоҳнинг маълумот бeришича, 1391 йилда ўрта асрлардаги энг йирик жанглардан бири – Қундузча жанги олдидан Саййид Барака дуо қилиб, омад тилагани учун Амир Тeмур ундан ғоятда мамнун бўлган.

Амир Темур авлиёлар ва уламолар қабрларини зиёрат қилишга катта аҳамият берган. Жумладан, у Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилган ва уни қайта қурдирган.

У ҳарбий юришлар пайтида ҳам муқаддас жойларга зарар етказмасликка ҳаракат қилган. Бу унинг диний қадриятларга амал қилганини кўрсатади.

Амир Темур илм-фанни давлат тараққиётининг асосий омили деб билган. У Самарқандни йирик илмий марказга айлантиришга ҳаракат қилган.

Унинг сиёсати натижасида Самарқандга турли ўлкалардан олимлар таклиф этилди, мадрасалар ва илмий муассасалар барпо этилди, китобат ва таржима ишлари ривожланди. Бу жараён кейинчалик Темурийлар даврида янада юксалиб, Мирзо Улуғбек каби буюк олимлар фаолиятига замин яратди. Улуғбекнинг расадхонаси ва астрономик ишлари жаҳон илм-фанида катта аҳамият касб этган.

Амир Темур Ислом динига содиқ, илм-фанни қўллаб-қувватловчи ва уламоларни қадрлаган давлат арбоби бўлган. Унинг сиёсатида дин, илм ва давлат бошқаруви ўртасидаги мувозанат муваффақиятли таъминланган. Бундай маънавий ва илмий муҳит кейинчалик Темурийлар даврида янада ривожланиб, жаҳон цивилизациясига катта таъсир кўрсатган. Шу сабабли, Амир Темурни нафақат буюк саркарда, балки маънавий ва илмий тараққиёт ҳомийси сифатида баҳолаш мумкин.

Олим Жўраев

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика