ИЛМНИ ҲИКМАТ, ЭЪТИҚОДНИ АХЛОҚ, ҲУҚУҚНИ МАСЪУЛИЯТ БИЛАН УЙҒУНЛАШТИРГАН АЛЛОМА

by Matbuot xizmati
16 👁️

Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига

Кейинги йилларда янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш, буюк алломаларимизнинг муборак номларини улуғлаш, улар қолдирган бой илмий меросни чуқур тадқиқ этиш ва жаҳон жамоатчилигига етказишга хизмат қилмоқда. Бу эзгу ишлар ўтмишни хотирлаш билангина чекланмай, миллий ўзликни англаш, ёшларни соғлом эътиқод ва теран тафаккур руҳида тарбиялаш, илм-маърифатга асосланган жамиятни шакллантиришдек улуғ мақсадларга қаратилган.

Президентимизнинг 2026 йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ана шу изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур тарихий ҳужжатда Ҳаким Термизийнинг ибратли ҳаёт йўли, исломий тафаккур тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ва бой илмий-маънавий меросини миллий ҳамда халқаро миқёсда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Ушбу қарор қабул қилиниши арафасида мамлакатимизда яна бир йирик маърифий воқеа юз берди. 2026 йил 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “Ислом цивилизацияси I Халқаро форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” ташкил этилди. Форум ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган ҳиссасини намоён этиш, унинг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини жаҳонга етказишга қаратилди. Анжуманда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форумнинг муҳим таркибий қисми сифатида Термиз шаҳрида “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзусидаги IV халқаро кон ференция бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва Термиз ҳадисшунослик мактаби намояндаларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди. Конференцияда Ҳаким Термизий меросини замонавий илмий ёнда шувлар асосида тадқиқ этиш, қўлёзмаларни ўрганиш ва халқаро академик ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим таклифлар илгари сурилди.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори Термизда янграган илмий фикрлар, маърифий ташаббуслар ва халқаро ҳамкорлик ғояларининг амалий давоми бўлди дейиш мумкин.

Мусулмон оламининг йирик мутафаккири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр ибн Ҳорун Ҳаким Термизий тахминан 820-830 йиллар оралиғида Термизда туғилган.

Аллома илм ва маърифат муҳити ҳукмрон бўлган оилада вояга етган. Унинг отаси мусулмон дунёсида танилган муҳаддислардан бўлган. Онаси ва она томондан бобоси ҳам ҳадис илми билан шуғуллангани қайд этилади. Шу боис, Ҳаким Термизий ёшлигиданоқ илмий муҳитда тарбия топди. Саккиз ёшидан интилди. Ислом таълимотидаги ҳукм ва амалларнинг ички маъноларини назарий жиҳатдан шарҳлаб бергани учун унга “ҳаким” — донишманд, ҳикмат соҳиби деган юксак ном берилган.

Ҳаким Термизий инсонни фақат ташқи хатти-ҳаракатлари асосида эмас, балки қал би, нияти, тафаккури ва руҳий олами билан яхлит ҳолда ўрганган. Шу жиҳатдан унинг илмий мероси ислом тафаккурида ҳикмат, ахлоқ, руҳият ва маърифат масалаларини бир тизимда тадқиқ этган ноёб илмий мактабдир.

Унинг асарлари мавзу ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг қамровли. Аллома “Баҳрут-тафсир” (Тафсир уммони) асарида ақлий ва нақлий тафсир услубларини уйғунлаштиришга ҳаракат қилган. Қуръон оятларини ривоятлар асосида шарҳлаш билан бирга уларнинг маъноси, ҳикмати ва инсон маънавийҳаётига таъсирини ҳам очиб берган.

Ҳаким Термизий асарларининг марказида инсон туради. У инсонни фақат ташқи хатти ҳаракатлари билан эмас, балки қалби, нияти, ахлоқи ва ички маънавий олами билан бир бутун ҳолда тадқиқ этади.

Аллома наздида илм инсонни манманликка эмас, камтарликка, адоватга эмас, меҳр оқибатга, жаҳолатга эмас, ҳикмат ва маърифатга етаклаши керак. Амалнинг қадри унинг ташқи кўриниши билангина эмас, балки ихлос ва эзгу ният билан белгиланади.

Шу маънода, Ҳаким Термизий меросидаги қалб поклиги, инсонпарварлик, ҳалоллик ва эзгулик ғоялари янги Ўзбекистонда қарор топаётган “Инсон қадри учун” тамойили билан ҳамоҳангдир. Жамиятнинг маънавий юксалиши, энг аввало, инсон қалбида меҳр мурувват, аҳиллик, шукроналик ва бошқалар тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантиришдан бошланади.

Ҳаким Термизийнинг илмий-маънавий мероси ана шу фазилатларни инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришга хизмат қиладиган буюк тарбия мактабидир. Шу тариқа Ҳаким Термизий тафсир, ҳадис ва тасаввуф билан бирга шариат мақсадлари, инсон психологияси, ахлоқшунослик ва билиш назариясига доир қарашларни ҳам биринчилардан бўлиб тизимлаштирган.

Алломадан 80 га яқин асар қолгани қайд этилади. Уларнинг катта қисми нашр этилган бўлса, айрим нодир қўлёзмалари ҳозирга қадар жаҳоннинг турли кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланмоқда.

Муҳаддис яшаган даврда ислом оламида турли фалсафий қарашлар, сиёсий гуруҳлар ва ақидавий оқимлар ўртасида кескин баҳслар кечган. Аллома бундай шароитда соф ислом таълимотини асраш, диний манбаларни бузиб талқин қилишга қарши илмий асосда жавоб беришга алоҳида аҳамият қаратган.

 У “Ар-Радд алар-рофиза” (Рофизийларга раддия) каби махсус раддия асарларини ёзган. “Наводир ул-усул” ва бошқа китобларида эса мўътазила, хавориж ҳамда турли адашган фирқаларнинг қарашларига илмий муносабат билдирган. Унинг асарларида илм ва ахлоқ уйғунлиги, эътиқодда мўътадиллик устувор ўрин тутади. Бу эса Мовароуннаҳрда соф ислом эътиқодининг сақланиши ва ёйилишига хизмат қилган.

Шу нуқтаи назардан, Ҳаким Термизийни ислом ҳикмат назарияси кўринишида намоён бўлган ислом фалсафасининг илк дарғалари дан бири деб баҳолаш мумкин. Унинг илмий услубида нақл ва ақл, эътиқод ва тафаккур, илм ва маънавий тажриба бир-бирини тўлдириб туради.

Ҳаким Термизийнинг туғилган ва вафот этган саналари аниқ қайд қилинган ишончли манба ҳозиргача учрамаган. Қатор тадқиқотларда унинг 932 йилда вафот этгани кўрсатилади. Таваллуд санаси бўйича эса дунё олимларининг тарихшунослик ва манбашунослик нуқтаи назаридан ўтказган қиёсий таҳлиллари аллома 820-830 йиллар оралиғида туғилганини кўрсатади.

Олим меросининг йирик тадқиқотчиларидан Бернд Радтке ва Жон Ўкейн: “Ҳаким Термизий ҳижрий 205-215, милодий 820-830 йиллар орасида туғилган”, деган хулосага келган. Шу илмий хулосалардан келиб чиқиб, 2026 йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тарихий ва манбашунослик жиҳатидан асосланган муҳим қарор ҳисобланади.

Президентимиз қарорида назарда тутилган вазифалар кенг қамровли бўлсада, уларнинг барчасини ягона мақсад — Ҳаким Термизий меросини тизимли тадқиқ этиш, халқимизга яқинлаштириш ва халқаро илмий муомалага кенг олиб кириш ғояси бирлаштириб туради.

Аввало, 2026 йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилиши белгиланди. Унда аллома меросининг ҳадис шунослик, тасаввуф, тафсир, ахлоқ, руҳият ва ислом тафаккури тараққиётидаги ўрни замонавий илмий ёндашувлар асосида муҳокама қилинади.

Қарорнинг энг муҳим йўналишларидан яна бири — Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” ва “Баҳрут-тафсир” асарлари ҳамда аллома меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини тайёрлаш ва нашр этишдир.

Бу вазифа оддий таржимадан анча кенг мазмунга эга. Бунинг учун дунё фондларида сақланаётган қўлёзма нусхаларини аниқлаш, уларни қиёсий ўрганиш, илмий-танқидий матнларни тайёрлаш, мураккаб истилоҳ ва тушунчаларни шарҳлаш талаб этилади. Натижада Ҳаким Термизийнинг асарлари нафақат мутахассисларга, балки талабалар, ёш тадқиқотчилар ва кенг китобхонлар оммасига ҳам етиб боради.

Шунингдек, аллома илмий меросига мансуб қўлёзмалар, қадимий китоблар ва бошқа маданий бойликларни тадқиқ этиш, реставрация қилиш ҳамда муносиб сақлаш бўйича вазифалар белгиланди. Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Маданий мерос агентлигининг бу йўналишдаги ҳамкорлиги миллий қўлёзмашунослигимиз тараққиётига янги суръат бағишлайди.

Ҳаким Термизий меросини ўрганиш фақат академик доиралар вазифаси эмас. Унда илгари сурилган илм, ахлоқ, қалб поклиги, ҳалоллик, сабр, шукроналик ва инсонпарварлик ғоялари ёш авлод тарбияси учун муҳим аҳамиятга эга.

Қарорда термизий алломаларнинг бағрикенглик, инсонпарварлик ва маънавий покликка доир ғояларини ўрганиш ва оммалаштириш, термизийшуносликка оид тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ижтимоий буюртмаларини эълон қилиб бориш тавсия этилди.

Диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танловини ўтказиш белгилангани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу танлов ёшларни аллома асарларини бевосита мутолаа қилиш, улардаги ғояларни англаш ва замонавий ҳаёт билан боғлаб таҳлил этишга ундайди.

Бугунги мураккаб ахборот муҳитида ёшлар аждодларимизнинг соф илмий меросини қанчалик пухта билса, диний тушунчаларни бузиб талқин қилувчи сохта даъватлар ва ёт ғояларга қарши шунчалик мустаҳкам маънавий иммунитетга эга бўлади.

Қарорда Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, уни замонавий маърифат ва зиёрат масканига айлантириш вазифаси ҳам белгиланди.

Бу ёндашув тарихий обидани таъмирлаш билангина чекланмайди. Мажмуада алломанинг ҳаёти ва илмий меросини акс эттирувчи замонавий экспозициялар, рақамли ахборот тизимлари, турли тиллардаги аудио ва видео материаллар, электрон кутубхона ҳамда интерактив таълим воситаларини жорий этиш имконини беради.

Натижада Ҳаким Термизий мажмуаси табаррук зиёратгоҳ бўлиш билан бирга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, олимлар, талабалар ва ёшлар учун халқаро илмий-маърифий марказга айланади. Бу эса Термизни жаҳон ислом цивилизациясининг қадимий илм марказларидан бири сифатида кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Қарорда “Термизий ҳикматлари” рукни остида кўрсатувлар, эшиттиришлар ва инфографикалар тайёрлаш, аллома таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик буюмлар, почта маркалари ва тақвимлар яратиш ҳам назарда тутилган. Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш турнирини “Мардлар майдони” шиори остида юқори савияда ўтказиш ва унинг халқаро брендини шакллантириш ҳам маънавий мерос билан миллий спортни уйғунлаштиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон буюк алломалар меросини халқаро майдонларда тақдим этиш орқали ўзига хос маърифий дипломатияни амалга оширмоқда. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Ҳаким Термизий асарларидаги тинчлик, адолат, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғоялари нафақат мусулмон олами, балки бутун инсоният учун умумий маънавий бойликдир.

Таъкидлаганимиздек, яқинда ўтказилган Ислом цивилизацияси I Халқаро форуми ҳам Ўзбекистоннинг ана шу маънавий-илмий миссиясини яққол намоён этди. Форум иштирокчилари мамлакатимизнинг ислом илм-фани, маданияти ва маърифатининг қадимий бешикларидан бири сифатида гумани тар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотдаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этди.

Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаш эса бу жараённинг навбатдаги муҳим босқичи бўлади. Аллома меросидаги қалб поклиги, илм ва амал уйғунлиги, инсонпарварлик, мўътадиллик ва маънавий масъулият ғоялари Ўзбекистоннинг жаҳонга йўллаётган маърифат даъвати билан ҳамоҳангдир.

Муҳаддиснинг илмий-маънавий мероси тарих саҳифаларида қолиб кетган нодирёдгорлик эмас. У ҳар бир даврда инсонни ўз қалбига назар солишга, илмни ҳикмат, эътиқодни ахлоқ, ҳуқуқни масъулият билан уйғунлаштиришга чақирувчи ҳаётбахш манбадир.

Президентимизнинг ушбу қарори аллома таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш билан бирга термизийшуносликнинг узоқ муддатли тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади. Асарларнинг академик нашрлари, қўлёзмаларнинг тадқиқ ва реставрация қилиниши, халқаро конференциялар, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳни замонавий маърифат масканига айлантириш каби вазифалар бир-бирини тўлдирувчи ягона илмий-маърифий дастурни ташкил этади.

Буюк алломанинг 1200 йиллик юбилейини кенг нишонлаш Термиз заминининг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини яна бир бор намоён этади. Энг муҳими, бу тарихий қарор халқимизни Ҳаким Термизий қолдирган ҳикмат ва маърифат зиёсидан янада кенг баҳраманд этиб, келажак авлодларни буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб яшашга ундайди.

“Ҳаким Термизий меросининг йирик тадқиқотчиларидан Бернд Радтке ва Жон Ўкейн: “Ҳаким Термизий ҳижрий 205-215, милодий 820-830 йиллар орасида туғилган”, деган хулосага келган. Шу илмий хулосалардан келибчиқиб, 2026 йилда аллома таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тарихий ва манбашунослик жиҳатидан асосланган муҳим қарор ҳисобланади.”

“Ҳаким Термизий инсонни фақат ташқи хатти-ҳаракатлари асосида эмас, балки қалби, нияти, тафаккури ва руҳий олами билан яхлит ҳолда ўрганган. Шу жиҳатдан унинг илмий мероси ислом тафаккурида ҳикмат, ахлоқ, руҳият ва маърифат масалаларини бир тизимда тадқиқ этган ноёб илмий мактабдир.”

Музаффархон Жониев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика