
Ҳаким Термизий яшаб ижод этган давр ҳадис илмининг тараққий этган замони бўлиб, бу пайтда ҳадис илмининг йирик намояндалари Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Исо Термизий, Имом Доримий ва бошқа машҳур муҳаддислар етишиб чиқдилар. III/IX аср ҳадис илми тарихида «олтин аср» ҳисобланиб, бу даврда Пайғамбар (а.с.) суннатларини тартибга келтириш, ҳадис илмий атамаларини белгилаш, энг муҳими, саҳиҳ ҳадисларни ўзида жам қилган қимматли манбалар тузиш каби улкан ишлар амалга оширилди.
Мазкур даврда яшаган машҳур аллома Ҳаким Термизий ҳам анъанавий тарзда ҳадис илми билан шуғулланган. Ўзининг “Бад’ аш-ша’н” асарида асарида болалигиданоқ илмий муҳитда ўсганини ёзиб ўтган. Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” асарида Ҳаким Термизийнинг отаси муҳаддис бўлгани ва ҳадис ривоят қилгани қайд этилган. Жумладан, “Наводир ал-усул” асарида отасидан 80дан ортиқ ҳадис ривоят қилган. Отасининг 52 ровийсини келтирган. Уларнинг аксарияти “ишончли” деб топилган[1]. Ҳаким ат-Термизий ўзининг “ар-Радд ала-л-муаттила” асарида ўз онасидан ҳам ҳадис ривоят қилади. Шунингдек, унинг ота ва она томонидан боболари ҳам ҳадис ривоят қилганлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Унинг ўзи ҳам ўз давридаги кўплаб муҳаддислардан ҳадис ўрганган. Мисрлик олим Муҳаммад Иброҳим Жуюший Ҳаким Термизийнинг ҳадис илмидаги 170га яқин устозини номма-ном келтирган. Бошқа бир араб тадқиқотчиси Нуруддин Бурдурий “Наводир ал-усул”даги 223 нафар ровийни қайд этган[2]. Шунинг учун ҳам табақот асарларида унинг исми ёнида “ал-ҳаким” билан бир қаторда ҳадис илмидаги юқори мартабага далолат қилувчи “ал-ҳофиз” номи ҳам келтирилади.
Ҳаким Термизий ўз асарларини таълиф этишда қуйидаги манбаларга мурожаат этган:
– Қуръони карим;
– қудсий ҳадислар;
– набавий ҳадислар;
– бошқа пайғамбарларнинг қавллари;
– саҳобийлар сўзлари;
– тобеий ва табаа тобеийлар сўзлари;
– зоҳидлар сўзлари;
– ўша давр машҳур шахслари сўзлари;
– исроилиётлар;
– шеърий намуналар;
– «хабарларда келтирилишича», «тафсир аҳлининг айтишича», «салафларнинг баъзиларидан сўралганда», «менга етиб келган хабарларда», «баъзи тобеийлар дедилар» тарзида келтирилган маълумотлар;
– Ҳаким Термизийнинг шахсий қарашлари.
Лекин Ҳаким Термизийнинг ҳадисларга бўлган ёндашуви юқорида зикр этилган муҳаддисларнинг ҳадисларни жамлаш, саралаш, бобларга ажратиш каби услубларидан тубдан фарқ қилади. Унинг илмий меросини ўрганган олимлар Ҳаким Термизийнинг ҳадисга ёндашувида асосий уч услубни ажратиб кўрсатадилар:
- тасаввуфий мазмунга далолат қилувчи ҳадисларни жамлаш, улардаги валоят, авлиёлар, илҳом ва фаросат каби тушунчаларнинг моҳиятини шарҳлаш,
- бир мавзуга оид ҳадисларни шарҳламай тўплаш; (бу услубини ат-Термизий “ар-Радд ала-л-муаттила” китобида қўллаб, унда мўътазилийларнинг қарашларини пучга чиқарувчи ҳадисларни бир ерга жамлаган)
- ҳадисларни жамлаш ва уларни шарҳлаш асосида йўриқлар бериш (“ал-Манҳиёт” асарида “қайтариқ, тақиқлаш” мазмунидаги ҳадисларни жамлаб, тақиқ нима сабабдан қўйилганининг ҳикмати ҳақида баҳс юритилади).
Ҳаким Термизий илмий меросида ҳадисларнинг ўрни ҳам беқиёс. Зеро, суфийлар ҳам ҳадисга ўзига хос тарзда мурожаат қилганлар. Уларнинг асарларида фақатгига ривоят қилиш эмас, балки уни тасаввуфий шарҳлаш жиҳатлари ҳам муҳим ўрин тутган.
Қуръонда муҳкам ва муташобиҳ бўлганидек, суннатда ҳам тушунилиши аниқ бўлган ва тушунилиши муайян талаблар асосида бўлган ҳадислар бор. Суфийларда ҳадисни тушунишда тасаввуфга хос бўлган усуллар сифатида кашф, рўё, илҳом кабиларни қайд этиш мумкин[3]. Бу анъанавий усулдан фарқли усул ҳисобланади. Илк суфийлар ўз асарларида анъанавий йўл билан бир қаторда айнан шундай йўлни тутишга ҳаракат қилганлар.
Суфийлар ривоят қилган ҳадисларнинг даражаси ҳақида турли фикрлар мавжуд бўлсада, лекин улар ҳадисларни ўз усуллари асосида танлаб олганига эътибор қаратиш даркор. Имом Бухорий, Муслим, Дорақутний ёки Ибн Ҳажар даражасида бўлмасада, ҳадис билан шуғулланган суфийлар, фақиҳлар, муфассирлар, мутакаллимлар ва бошқалар бўлган[4].
Абу Абдураҳмон Суламийнинг “Табақот ас-суфийя” асари кўриб чиқилса, асарда ҳижрий II асрдан бошлаб киритилган ва беш табақага бўлинган 100 дан ортиқ суфийнинг таржимаи ҳолида 38 таси ҳадис илми билан шуғуллангани, ҳадис ривоят қилгани, улардан яна 16 нафари ҳадисга қизиқиши туфайли ҳадис китобларига киритилгани қайд этилган. Бу маълумотларни Абу Нуаймнинг “Ҳилят ал-Авлиё”, Ибн Жавзийнинг “Сифат ас-Сафва” ва Шаъронийнинг “ат-Табақа ал-Кубро” асарлари ҳам бир қадар тасдиқлайди[5].
Ҳаким Термизий ҳам ҳадис шарҳи тарихи, ҳам ишорий ҳадис шарҳи тарихи жиҳатидан ниҳоятда муҳим ўрин тутади[6]. Кўп тадқиқотчилар Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарини ҳадиснинг ирфоний шарҳи мавзусида ёзилган илк асар, деб ҳисоблайдилар. Ҳаким Термизий «Наводир ал-усул»да ривоят қилган ҳадислари туфайли танқид қилинган. Унинг кўпгина ҳадисларининг асли йўқлиги, ровийларига таъна қилингани айтилган. Бироқ асарларида, хусусан, “Наводир ал-усул”да Имом Бухорийнинг машҳур устозлари Қутайба ибн Саид Балхий ( ваф. 854/56), Али ибн Ҳужр Саъдий (ваф. 858), Утба ибн Абдуллоҳ Марвазий (ваф. 858), Суфён ибн Вакиъ, Яҳё ибн Саид ибн Равқ Найсобурий каби кўплаб таниқли ва ишончли устозлардан иснодлари билан ҳадислар ривоят қилади[7]. Туркиялик олим Меҳмет Туран ҳам унинг олий ва нозил санадлар билан ҳадислар ривоят қилганини кўрсатиб берган[8]. Термизийнинг ҳам ҳадис танлаб олишнинг махсус методикаси бўлган. Шу туфайли у минтақадаги бошқа муҳаддисларнинг методларини ҳам танқид қилган. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асаридаги ҳукмларга доир ҳадислар шарҳида унинг фиқҳий қарашлари намоён бўлади. Унинг фиқҳга оид қарашлари ҳадисларнинг зоҳири, мақсади ва ботиний жиҳатларини яхлитликда қамраб олади. Ҳаким Термизийда фиқҳ ва ахлоқ ўртасидаги боғлиқликни кўрсатувчи, ҳатто уларни яхлит – бир бутунликда ажратмаган шаклдаги шарҳлари мавжуд[9]. Айнан шу услуб Ҳаким Термизийнинг ўзига хос фиқҳий қарашларини намоён этади.
Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул”да ипак, тилла ва кумушдан ишланган нарсалардан фойдаланиш фиқҳи ҳақида мулоҳаза юритади. Бу масалада Абу Ҳанифа Абу Юсуф ўртасидаги фарқли ҳукмларни ҳам келтиради. Умуман олганда, Ҳаким Термизийнинг фиқҳий талқинлари суфиёна моҳият билан уйғун. У ҳадисларнинг ҳарфий мазмунини инкор қилмайди, аммо доимо уларнинг ички мазмун-моҳиятини англаб олишга интилади[10]. Ҳаким Термизий ҳадис ҳақида гапириб туриб, ундан чиқадиган фиқҳий хулосаларни ҳам бериб кетади. Жумладан, Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарида ҳам фиқҳий қарашлари кўп учратиш мумкин. Масалан, таяммум ҳақида асарда фикр юритган Термизий унинг фиқҳий жиҳатдан қайси ҳолатларда қўлланилиши ҳақида тўхтаб ўтади: сув йўқ бўлиб, зарурат бўлганда таяммум қилса, жанобат ва таҳоратсизлик кетади. Шунингдек, бошқа заруриятларда ҳам таяммум қилинади: мажруҳ ёки қамалда қолган бўлса, қаттиқ совуқда ҳалокат етишидан қўрқса, аёл киши вафот этса-ю, уни ювадиган аёл топилмаса, ёки эркак киши вафот этса-ю, уни ювадиган эркак топилмаса, ёки жаноза ҳозир бўлиб турганда ўтиб кетишидан қўрқса, ёки эҳтиёт юзасидан, жумладан, агар сийдик тегишидан покланиш учун, уйқуда уйғониб қолса, уйқусининг қолган қисми таҳоратда бўлиши учун, масжидда ухлаб қолса ва уйғонганда масжиддан таҳоратда чиқиши каби ҳолатларда[11].
Термизий аҳли ҳадиснинг ҳадисга ёндашув методикасини қайта кўриб чиқади. Ҳадисларга ёндашувда Термизий кўпроқ фақиҳлар услубига яқин бўлади. Ҳаким Термизий муҳаддисларни 3 турга ажратади: 1) рувот (ровийлар) – уларни Термизий ҳадисларнинг санади, ровийлар билангина овора бўлиб, носих ва мансух ҳамда ом ва хосни ажратмай, маъноси очиқ бўлмаган (ғомид)ларни фарқламасликлари, мақсадлари фақат ёзиш ва ёд олиш бўлиб қолгани, фикрлари боблар, санадлар ровийлар йўллари билан чекланиб қолганини танқид қилиб, илмнинг фақат пўстлоғини қўлга киритганлар, дейди; 2) вуот (англаб етганлар) – Термизий уларни ҳадисларнинг мағзини англаб етишини мақтайди: “Вуот (англаб етганлар) Расулуллоҳ (а.с.) ҳадисларини диндаги ишончли, рози бўлинган имомлардан олиб, риоясини қилганлар. Риоясини қилишлари – истинбот қиладилар, ҳадиснинг маъноларини очиб берадилар, таъвил жиҳатларини ўрганиб зоҳирини ботинга ўгирадилар… Вуот мудом (ҳадиснинг) маънолардаги пардаларни очиб бориш ва ҳусни таъвил талабидалар; 3) наққолун – улар рувотдан ҳам пастроқ даражада бўлиб, уларнинг санадларни териб чиқишларини, ҳадис ривоят йўлларини ўрганишга ўта машғул бўлиб, ҳадис маъноларини назардан четда қолдиришини танқид қилади[12].
Термизий ҳам ҳадиснинг саҳиҳлигини унинг санади ва ровийларини текширишга катта эътибор қаратиш билан эмас, балки унинг матнини текшириш, у ҳадисга амал қилиниш ҳолати юзасидан баҳо берилиши кераклигини таъкидлайди. Ҳаким Термизий иснодларини ёдлаш билан чекланиб, маънога эътибор бермайдиганлар ҳақида «Шифо ал-илал» асарида: «Улар иснодларини, ривоят йўлларини ёдлайдилар, ровийларни таҳлил қилиш, уларнинг иллатларини топишга зўр берадилар. Лекин ҳадисларнинг маънолари, лафзлари уларнинг диққат эътиборидан четда қолди. Қанчалаб ҳадисларнинг бир сўзи ўзгариб кетиши оқибатида уларнинг асосий маъноси ҳам ўзгариб кетди. Улар бунга эътибор бермадилар, улар буни тадқиқ этишдан кўра ровийларнинг танқиди билан овора бўлдилар. Фалончи фалончидан ғариб, деб, улар сохталаштирган ривоятни келтирадилар. Сўнгра уни инкор қиладилар. Буларнинг бари ўзларини кўрсатиш, дунёдан еб қолиш учун. Ҳасад ва таъна олови ўрталарида бот-бот алангаланади. Улар Аллоҳ учун қилмадилар буларни»[13], – деб ёзади. Яна бир ўринда фақиҳ ва муҳаддисларни “тергаб” ўтади: “Фиқҳ илми билан “безаниб” олган киши бутун вақтини қиёс қилиш, мунозарада товушини кўтариш билан ўтказади. Агар ўзи учун фикр қилса, мунозарада ҳақиқатга етишишни мақсад қилганми ёки рақибини енгишними?”[14] Шундан сўнг, Термизий айрим муҳаддисларни “санадлар билан безанганлар” деб атаб, давом этади: “Санадлар билан безанганлар бор вақтини бобларга таснифлаш, санадларни тартиблаш, ровийларга таъна қилиш (ёки жарҳ қилиш), (ўзи тўплаган ҳадислардаги машҳур) муҳаддислар исмларидан сархуш бўлиш билан ўтказадилар”. Шунингдек, Ҳаким Термизий мазкур асарида ҳадис ровийларининг ўз ривоятларида иснодларини безаш учун таниқли куфалик, басралик ёки шомлик ровийларни келтиришга интилишларини қоралайди. Жумладан шундай дейди: «Булар бир ҳадисни аввал ўз юртдошидан эшитадилар, лекин кейинроқ айнан шу ҳадисни куфалик, басралик ёки шомликдан эшитсалар улардан ривоят қилиб, ўз юртдошини тарк этадилар… Улар бу амаллари, ахлоқлари, шамойиллари билан одамларни довдиратдилар. Одамларни ибодат йўлидан тўсдилар, ўзлари эса ўта адашган ва ибодатдан йироқдирлар. Рухсатларни сотадилар ҳамда уламоларнинг хатоларини тўплаб, лаҳвга бериладилар. Ҳукмдорлар ситам ўтказишлари ва разил ичимликларни истеъмол қилишлари, дунё матоҳларига берилишларига йўл очиб берадилар»[15].
Яна бир бошқа ўринда “Илм талабида юртларни кезадилар. Ўз юрт уламоларини қўйиб, эртасига “бизга буни фалончи фалоний ривоят қилган” деб оммага кўз-кўз қилиш учун бошқа диёр уламолари номларини келтириш билан ажралиб турмоқчи бўладилар” – деб норозилик билдиради. Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул” асарида ҳадисларнинг саҳиҳини ажратиб беришни ҳакимлар амалга ошира олишини айтиб, уларнинг услуби ҳадиснинг маъносини тафсилотларигача ўрганиш, сўзларнинг зоҳирий ва ботиний мазмунини таҳлил қилиш, Қуръон ва суннатга мувофиқлигини текшириш орқали тўғри хулосага келишдир[16]. Бу услубда матн танқидига катта эътибор қаратилади. Шу ўринда айтиш ўринлики, аҳли ҳадис муҳаддислар ҳадис матни танқидидан кўра кўпроқ санад танқиди, ровийларни саралаш масаласига кўпроқ эътибор қаратганлар. Бунга бир неча сабаблар бор, жумладан: муҳаддисларнинг мақсади санаднинг ўзи эмас, балки уни ўрганиш орқали матн саҳиҳлигини аниқлаш бўлган, зеро ишончли ровийлардан қилинган ривоят саҳиҳлиги келиб чиқади; ҳадисга ҳукм чиқаришнинг энг мухтасар йўли ҳам санад танқиди орқали амалга ошади; матн танқиди эса машаққатли йўл, унга катта салоҳият талаб этилади”[17].
Аммо шу билан бирга “Баҳр ат-Тафсир” китобида Ҳаким Термизий айрим ҳадис “ровийларини бекор қилдик” (инна алғайна) деб айрим тарк қилган ривоят йўлларини қайд этади: Ибн Аббос, ибн Масъуд, Қатода, Мужоҳид, Даҳҳок, Суфён ибн Вакиъ, Абу Муоз Наҳвий, Зайд ибн Асламдан Ҳаким Термизийгача етиб келган баъзи ривоят йўллари, жумладан, отаси орқали келган айрим рад қилинган санадларни тўлиқ шаклда келтиради[18].
Ҳаким Термизийнинг ҳадис саралашга муносабати ҳам ўзига хос тарзда амалга ошади. “Наводир ал-усул” асарининг 44-бобини айнан ҳадисларни саралаш мавзусига бағишлаган. Мазкур боб аввалида қуйидаги ҳадисни келтиради:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إذا حدثتم عني بحديث تعرفونه ولا تنكرونه قلته أو لم أقله فصدفوا به وإني أقول ما يعرف ولا ينكر وإذا حدثتم عني بحديث تنكرونه ولا تعرفونه فكذبوا به فإني لا أقول ما ينكر ولا يعرف[19].
[Маъноси: Агар мендан (яъни, Расулуллоҳ с.а.в.дан) деб ривоят қилинган, ўзингиз билган ҳамда мен айтган ёки айтмаганлигимни инкор қилмайдиган ҳадисни эшитсангиз уни тасдиқланглар. Зеро, мен маъруф бўлган ва инкор қилинмаган нарсаларни айтаман. Агар, мендан деб, сизлар инкор этадиган ва билмаган ҳадисни сизларга ривоят қилсалар, уни (ҳадисни) ёлғонга чиқаринглар, зеро, мен инкор этиладиган ва маъруф бўлмаган нарсани айтмайман].
Ушбу ҳадис шарҳида (асарда “таъвил” сўзи ишлатилган تأويل حديث رسول الله صلعم) Ҳаким Термизий дейди: «Кимки, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан айтилиши мумкин бўлган ҳадисни бошқа лафзлар билан келтирса ҳам жоиздир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларнинг усул(ўзаги, илдиз)ини айтганлар, саҳобий ва тобеийлар улардан кейин ўша усулдан фаръ(шаҳобча-тармоқ)ларини сўзлаганлар. Агар бу фаръ Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан айтилиши мумкин бўлган бўлса-ю, лекин у зот айтмаган бўлсалар ҳам биз уни (ҳадис сифатида) тасдиқлашимиз лозим[20]. Демак, алломага кўра, усул ҳадислар бу Расулуллоҳ с.а.в. айтган ўзак ҳадис бўлиб, саҳобий ва тобеийлар ундан бошқа ҳадислар чиқариб олишлари мумкиндир. Лекин асосий шарт шуки, ушбу ҳадисни «сизлар ўзингиз билган ҳамда мен айтган ёки айтмаганлигимни инкор қилмайдиган» бўлиши керак. Ҳадисдаги «сизлар» эса Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўнг ҳақ йўлида ва ҳидоятга бошлаш мақсадида сўзлайдиган ақл ва басират эгаларидир (أولوا الألباب والبصائر). Улар эса – ҳакимлардир[21]. Демак, ҳакимлар ҳадиснинг тўғри ёки нотўғри эканлигини ажратиб бера оладилар. Бу ўринда биз ҳадисларни саралаб олишнинг санад орқали эмас, балки ҳакимлар ёрдамида унинг чуқур, ботиний маъноларини англаш орқали ҳадислар ҳолатини аниқлаш услубига дуч келдик. Бу албатта аҳл ал-ҳадиснинг ҳадисларнинг ишончли эканини аниқлашдаги асосий талабларидан тубдан фарқ қилади.
Мисол тариқасида Ҳаким Термизий «ақл ва басират эгалари» инкор этган бир қанча сохта ҳадисларни келтиради. Муаллиф ёзади: «Ҳақ сўзловчиларнинг қалблари рад этган ҳадислардан бири: “Мусо (а.с.)нинг қавми Аллоҳ Азза ва Жалладан уларга ўз товушини эшиттиришини сўраб беришни ундан (Мусо а.с.дан) илтимос қилдилар. Шунда уларга садо келди: «Мен Аллоҳман Мендан бошқа илоҳ йўқ ва Мен ал-Ҳайй ва ал-Қайюмман. Сизларни баланд қўл ва кучли билак билан Мисрдан чиқардим». Муаллиф ёзади: «Ушбу ҳадисни унинг маъносини тушунмайдиганлар ривоят қилган. Аллоҳ таоло барча бани Одамдан фақат Мусо (а.с.) нигина (сўзлашиш учун) хос қилган. Агар Аллоҳ унинг қавми билан ҳам сўзлашган бўлса, барча Пайғамбарлар орасида «калимуллоҳ» номига сазовор бўлган Мусо а.с.нинг бошқалардан фазли қаерда қолди»[22]. Ҳаким Термизий ҳадисга ёндашувида эзотерик жиҳатларга ҳам эътибор қаратади. Бунда у ҳадис олимларини ҳам зоҳир ва ботин уламоларига бўлади. Зоҳир уламолари сув устида юриш, юрганда ер оёқ остига йиғилиб келиши, ризқ ноодатий ҳолда етиб келиши ҳақидаги ҳолатларни қабул қилмайдилар. Агар улар бу нарсаларни англаганларида, саҳобий Мутарриф ибн Абдуллоҳнинг қуйидаги сўзларини айтган бўлардилар. Жумладан, ҳадисда келишича, бир куни шериги билан тунда юриб кетаётганларида ҳассасининг бир учи чироқ бўлиб йўлни ёритиб борар эди. Шунда шериги унга айтди: “Агар буни кимгадир айтсак, ёлғончига чиқариламиз”. Бунга жавобан Мутарриф деди: “Аллоҳнинг неъматларини ёлғонга чиқарувчилар буни ҳам ёлғонга чиқараверадилар”. Бу нарсаларни қалбларидаги пардалари очилганлар кўра оладилар[23]. Ҳаким Термизий қалблар инкор этадиган ҳадислар жумласида Ибн Аббосдан ривоят қилинган Ҳазрати Алининг уч кун давомида ўз оиласи билан муҳтож бўлиб турган таомни тиланчига бериб юбориши, натижада ўзлари ҳам беш-олти ёшлик Ҳасан ва Ҳусайн ҳам очликдан титраб қолиши ҳақидаги узун ҳадисни қайд этади. Ҳаким Термизий айтади: “Бу ҳадисда муболаға қилинган, бундай қилиш мазаммат қилинади, Аллоҳ таоло ўзидан ва оиласидан ортганни инфоқ қилишга буюрган”[24].
Саҳиҳлиги нуқтаи назаридан Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асари машҳур ҳанафий уламоси Муҳаммад Тақий Усмоний томонидан ҳадис тўпламларининг 4-табақасига киритилган. Бу табақа китобларида кўп заиф ҳадислар бўлади[25]. Ҳадис тўпламларининг саҳиҳлик даражаси бўйича шакллантирилган биринчи табақага Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарлари, иккинчи табақасига “Сунани Насоий” ва “Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Термизий”, учинчи табақага “Сунани Ибн Можа” киритилган.
Ҳаким Термизий “Манҳиёт” асарида бирор ишни қилишдан қайтарувчи – 170дан ортиқ наҳй (қайтариш) ҳадисларни жамлаган. Ҳадисларнинг йўлларини аниқлаб, санадлари тўлиқ тафсилотлар билан берилади. Асарда муаллиф аввал ҳадисни келтиради, сўнгра унинг мазмунини очиш учун оят, ҳадис, машҳур саҳобий, тобеий ва уламоларнинг гапларини келтиради. Ёки фақатгина ўз қарашларини ифода этади. Наҳй ҳукмларнинг сабабларини кўрсатиб беради ва унга амал қилмаслик инсонга бу дунё ва охиратда қандай аянчли оқибатларга олиб келиши кўрсатилади. Бу дунёда келиши мумкин бўлган оқибатлар ичида тиббий аҳамиятга эга бўлганлари ҳам бор. Сўнгра турли бир-бирига яқин ҳамда қарама-қарши қарашлар бўйича ўз муносабатини билдиради: баъзан уларни мувофиқлаштиради, баъзан бир тарафни қўллаб-қувватлайди. Муаллиф албатта масала бўйича ўз муносабатини билдириб ўтади. Кейин ҳадислар шарҳланиб, улардан ҳукмлар чиқарилади.
Асарда фиқҳий аҳамиятга эга матнлар ҳам талайгина келтирилган. Айниқса, Термизийнинг наҳй масалалари бўйича фиқҳий хулосалари алоҳида эътиборга молик. Ушбу хулосаларни шакллантиришда Термизий ҳанафий уламоларининг қавлларидан фойдаланган. Жумладан, “Манҳиёт” асарида сув оқадиган ариқларга бавл қилиш мавзусида мавзуга оид уламоларнинг қарашларини зикр қилиб, ҳал қилувчи фикр сифатида Абу Юсуфнинг ҳадисга оид шарҳини (Термизий “таъвил” деб атайди) келтиради[26].
Айниқса, савдога оид қайтарилган ҳадислар шарҳида Термизийнинг фиқҳий қарашлари кўпроқ намоён бўлади. Асарда қуйидагилар мумкин эмаслиги таъкидланади: мевани салоҳияти кўринмасдан сотиш (96-бет), муҳоқала (54-бет), бир неча йилга сотиш (97-бет), узумни майизга тенгма-тенг сотмаслик (98-бет), қарз бериш ҳисобига савдо қилиш (102-бет), икки шартли савдо (102-бет), ўзининг ҳузурида бўлмаган нарсани сотиш (102-бет), кишининг кафолатига ўтмаган нарсадан фойда олиш (103-бет), сувни сотиш (108-бет), сувдаги балиқни сотиш (187-бет), Мусҳаф сотиш (188-бет), иш ҳақини келишмасдан мардикор ишлатиш (188-бет), ҳайвонни ҳайвонга насия қилиб сотиш (190-бет), подшоҳнинг рухсатисиз жанг қилиш (191-бет), олтинни олтинга насия қилиб сотиш (196-бет), олтинни олтинга баробар қилмасдан сотиш (196-бет) каби масалалар.
Гарчи Ҳаким Термизий аҳли ҳадиснинг машҳур ҳадис тўпламларидан ҳадис ривоят қилмасада, биргина “ал-Акёс ва-л-муғтаррун” асарида “ушбу ҳадис ал-Бухорийда ривоят қилинган” деб санадсиз ривоят қилинган ҳадис келтирилган. Ҳадисда мадиналик кишига агар қўлидаги дунёси олиб қўйилса унга ғам чекмаслиги, агар дунё берилса унга хурсанд бўлиб кетмай, рад қилиши, қалбида ҳеч кимга ғашлиги йўқлиги туфайли Расулуллоҳ (а.с.) жаннатий деб башорат берганлари келтирилган[27]. Аммо ушбу ҳадис матни “Саҳиҳи Бухорий”да учрамади. Эҳтимол, бу қўшимча кейинроқ кириб қолган, ёки ноширлар томонидан хатога йўл қўйилган бўлиши мумкин.
Иброҳим УСМОНОВ,Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, тарих фанлари номзоди, доцент. i.usmanov@yahoo.com
[1] Нуруддин Бурдурий. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг ношир муқаддимаси. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. – Б. 26.
[2] Нуруддин Бурдурий. Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг ношир муқаддимаси. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. – Б. 57.
[3] Karapinar Fikret. Ilk devir sûfîlerin hadis birikimleri // Marife, yıl. 7, sayı. 2, güz 2007. – S. 44.
[4] Karapinar Fikret. Ilk devir sûfîlerin hadis birikimleri // Marife, yıl. 7, sayı. 2, güz 2007. – S. 48.
[5] Karapinar Fikret. Ilk devir sûfîlerin hadis birikimleri // Marife, yıl. 7, sayı. 2, güz 2007. – S. 48-49.
[6] Karapinar Fikret. Ilk devir sûfîlerin hadis birikimleri // Marife, yıl. 7, sayı. 2, güz 2007. – S. 49.
[7] Karapinar Fikret. Ilk devir sûfîlerin hadis birikimleri // Marife, yıl. 7, sayı. 2, güz 2007. – S. 50.
[8] Қаранг: Mehmet Turan. Hadis şerh geleneginde Hakim et-Titmizi. – Istanbul: Kitap Dunyasi Yayinlari, 2025. – S. 110-112.
[9] Mehmet Turan. Hadis şerh geleneginde Hakim et-Titmizi. – Istanbul: Kitap Dunyasi Yayinlari, 2025. – S. 277-281.
[10] Mehmet Turan. Hadis şerh geleneginde Hakim et-Titmizi. – Istanbul: Kitap Dunyasi Yayinlari, 2025. – S. 287.
[11] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул / Н.Бурдурий нашри. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. Т. III. –Б.762-779.
[12]Ҳусайний А. Ал-Маърифа инда ал-Ҳаким ат-Тирмизий. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-арабийя, 1963. – Б. 79-80.
[13] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 7б варақ.
[14] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 7б варақ.
[15] Ҳаким Термизий. Шифо’ ал-‘илал. Қўлёзма. Валиюддин, №770. 8а варақ.
[16] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т.4. –Б.536-537.
[17] Жузжоний А. Қоваид фи улум ал-ҳадис ан-набавий ала манҳаж ас-сада ал-ҳанафийя. – Девбанд, 2018. – Б. 16-17.
[18] Ҳаким Термизий. Баҳр ат-тафсир / Ж.Чўтматов нашрга тайёрлаган. – Истанбул: Дор ал-кутуб ал-арабийя, 2023. – Б. 239-261.
[19]Мазкур ҳадис «сиҳоҳ тисъа»га кирмаган.
[20] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. I. Б. 361.
[21] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. I. Б. 357-365.
[22] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул. Т. I. Б. 367.
[23] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул / Н.Бурдурий нашри. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. Т. I. –Б.596-597.
[24] Ҳаким Термизий. Наводир ал-усул / Н.Бурдурий нашри. – Байрут: Дар ал-минҳаж, 2015. Т. I. –Б.628.
[25] Муҳаммад Тақий Усмоний. Дарси Термизий. – Карачи: Мактаба дар ал-улум, 2010. – Б.72.
[26] Ҳаким Термизий. Қайтарилган амаллар (ал-Манҳиёт)/ О.Қориев, М.Исмоилов тарж. – Тошкент: Наврўз, 2017. – Б. 17.
[27] Ҳаким Термизий. Ал-Акёс ва-л-муғтаррун / А.Сойиҳ ва С.Жамилий нашри. – Қоҳира: ал-Мактаб ас-сақофий, 1989. –Б. 63.