ДИНИЙ ТАЪЛИМНИ ҚАЙЕРЛАРДА ЎРГАНИШ ЛОЗИМ

by Matbuot xizmati
3 👁️

Диний таълим масаласи жамият барқарорлиги, ёшлар тарбияси ва миллий хавфсизлик билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис юртимизда ушбу йўналиш давлат томонидан аниқ қонунлар ва тартиблар асосида белгиланган. Кейинги пайтларда эса ижтимоий тармоқлар ва норасмий муҳитларда ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари кузатилаётгани ташвиш уйғотмоқда.

Аввало, амалдаги қонунчиликка кўра, диний таълим фақат давлат рўйхатидан ўтган ва тегишли лицензияга эга бўлган таълим муассасаларида амалга оширилиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида аниқ белгиланганидек, диний билим бериш ҳуқуқи фақат расмий диний таълим муассасаларига берилган. Бунга мисол сифатида исломий таълим йўналишида фаолият юритувчи мадрасалар, ислом институтлари ва махсус диний ўқув юртларини келтириш мумкин.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида диний таълим бериш тартиби, ўқув дастурлари ва мутахассислар тайёрлаш тизими қатъий белгилаб қўйилган. Бу тартиблардан асосий мақсад – дин ниқоби остида экстремистик ёки радикал ғояларнинг тарқалишининг олдини олиш, аҳолини, айниқса ёшларни турли ёт ғоялар таъсирларидан ҳимоя қилишдир.

Аммо амалиётда баъзи шахслар томонидан ноқонуний равишда – уй шароитида, ижтимоий тармоқларда ёки хусусий “дарс”лар орқали диний таълим бериш ҳолатлари учрамоқда. Бу каби ҳолатлар қонунга зид ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Чунки бундай “таълим” жараёнида берилаётган маълумотлар назоратдан ташқари бўлиб, уларнинг мазмунида нотўғри, ҳатто хавфли ғоялар бўлиши мумкин.

Айниқса, интернет тармоқларида ўзини “устоз” сифатида таништираётган айрим шахслар томонидан берилаётган дарслар ишончли манба эмас. Уларда диний билимлар бир ёқлама, нотоʻлиқ ёки мутлақо асоссиз талқин қилиниши эҳтимоли юқори. Бу ёшлар онгида чалкашлик, диний масалаларга нотўғри ёндашув ва радикал қарашларни шакллантириши мумкин.

Шу нуқтайи назардан, фуқароларга, айниқса ёшларга мурожаат қилиб айтиш жоиз: диний билим олишда фақат расмий ва қонуний таʼлим муассасаларини танлаш зарур. Ота-оналар ҳам фарзандларининг қайерда ва кимдан таълим олаётганига бефарқ бўлмасликлари керак.

Диний таълим масаласида яна бир ўта муҳим жиҳат – бу расмий ва ишончли манбалар, яъни китоблардан фойдаланишдир. Зеро, тўғри таълим фақат тўғри манба орқали шаклланади.

Расмий диний таълим муассасаларида фойдаланиладиган китоблар махсус экспертизадан ўтган, илмий асосланган ва анъанавий диний қарашларга мос бўлади. Бундай адабиётлар орқали ўқувчиларда соғлом ва мувозанатли диний дунёқараш шаклланади. Масалан, ислом таълимида ақида, фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмларига оид китоблар фақат мутахассислар томонидан танланган ва тасдиқланган ҳолда ўқитилади.

Аксинча, ноқонуний равишда тарқатилаётган китоблар ёки электрон манбалар кўп ҳолларда текширувдан ўтмаган бўлади. Уларда маълумотлар нотўғри талқин қилинган, айрим ҳолларда эса мутлақо сохта ёки ғаразли мақсадларда ёзилган бўлиши мумкин. Айниқса, интернет орқали ПДФ, аудио ёки видео шаклида тарқатилаётган “дарслик”лар ва “маърузалар”га нисбатан ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш зарур.

Шу нуқтайи назардан, диний билим олишни истаган ҳар бир шахс қуйидагиларга амал қилиши муҳимдир:

фақат расмий нашр этилган ва рухсат берилган китоблардан фойдаланиш;

шубҳали манбалардан олинган материалларга ишонмаслик;

мутахассис устозлар тавсия этган адабиётларни оʻқиш;

интернетдаги ҳар қандай маълумотга ишонмаслик ва эргашмаслик.

Хулоса қилиб айтганда, диний таълим тартибли ва қонун доирасида амалга оширилиши лозим бўлган соҳадир. Ноқонуний таълим нафақат қонунбузарлик, балки жамият хавфсизлигига таҳдид ҳамдир. Шунинг учун ҳар бир фуқаро бу борада ҳушёр бўлиши, қонунларга амал қилиши ва шубҳали манбалардан узоқ бўлиши лозим.

Абдувахидов Абдуллазиз Абдусаттор ўғли – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика