
Бугунги кунда дунё мисли кўрилмаган даражада тез ўзгармоқда. Ахборот технологиялари, интернет ва ижтимоий тармоқлар инсоният ҳаётини тубдан ўзгартирди. Бир пайтлар узоқ бўлган масофалар ҳозир бир неча сонияда “яқинлашди”. Турли халқлар ўртасидаги алоқалар кучайиб, ғоялар ва маданиятлар ўзаро аралашмоқда. Бу жараён глобаллашув деб аталади ва у замонавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди.
Шу билан бирга, глобаллашув фақат имкониятлар эшигини очибгина қолмай, муайян хавф-хатарларни ҳам олиб келмоқда. Энг муҳим масалалардан бири — миллий маърифатни сақлаш ва ривожлантиришдир.
Миллий маърифат нима ўзи? Бу — халқнинг тарихи, тили, маданияти, урф-одатлари ва маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган билимлар тизими. У инсонни тарбиялайди, унинг дунёқарашини шакллантиради ва жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. Миллий маърифат бор жойда ўзлик бор, ўзлик бор жойда эса барқарорлик ва тараққиёт мавжуд.
Глобаллашувнинг ижобий жиҳатлари жуда кўп. Масалан, бугун ёшлар дунёнинг исталган нуқтасидаги билим манбаларига эркин кириш имконига эга. Онлайн курслар, электрон китоблар, халқаро таълим дастурлари — буларнинг барчаси билим олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Шу орқали инсон ўз салоҳиятини ривожлантириши, янги касбларни эгаллаши ва глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши мумкин.
Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ахборот оқимининг кескин ортиши инсон онгига турли, баъзан эса зиддиятли ғояларнинг кириб келишига сабаб бўлиши ҳам мумкун. Айниқса, ёшлар орасида оммавий маданият таъсири кучайиб, миллий қадриятларга нисбатан бефарқлик пайдо бўлиши мумкин. Чет эл урф-одатлари ва турмуш тарзига ортиқча тақлид қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бундай вазиятда энг тўғри йўл — глобаллашувдан воз кечиш эмас, балки ундан оқилона фойдаланишдир. Яъни замонавий имкониятларни қабул қилган ҳолда, миллий маърифатни асраб-авайлаш ва уни янада бойитиш зарур.
Бу борада энг муҳим вазифалардан бири таълим тизими зиммасига тушади. Мактаб ва олий таълим муассасаларида нафақат замонавий фанлар, балки миллий тарих, адабиёт ва маданият ҳам чуқур ўргатилиши керак. Чунки ўз илдизини билган инсонгина келажакни мустаҳкам қура олади.
Оила ҳам бу жараёнда ҳал қилувчи ўрин тутади. Боланинг дастлабки тарбияси айнан оилада шаклланади. Агар ота-она фарзандига миллий қадриятларни сингдирса, у қандай глобал муҳитда бўлмасин, ўзлигини йўқотмайди. Шунингдек, бугунги ахборот маконида фаол бўлиш ҳам муҳим. Миллий маданият, анъаналар ва тарихни тарғиб қилувчи замонавий, қизиқарли ва сифатли контентлар яратиш — давр талаби. Чунки ёшлар айнан интернет орқали дунёқарашини шакллантирмоқда.
Маърифат — бу шунчаки билим эмас. У инсоннинг онглилиги, тафаккури, ахлоқий қарашлари ва ҳаётга муносабатини белгилайдиган кучдир. Маърифатли инсон ахборотни танлай олади, уни таҳлил қилади ва тўғри хулоса чиқаради. Демак, глобаллашув шароитида айнан маърифат инсонни турли ахборот хуружлари ва бегона ғоялардан ҳимоя қилувчи асосий “қалқон” вазифасини бажаради.
Миллий маърифат эса бу тушунчани янада чуқурлаштиради. У халқнинг тарихи, тили, урф-одатлари ва маданиятига таянади. Миллий маърифат инсонда нафақат билим, балки ўзликни англаш, ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини шакллантиради. Шу боис, глобаллашув шароитида миллий маърифатни ривожлантириш — бу фақат маданий эмас, балки стратегик вазифадир.
Бугунги ахборот асрида энг катта бойлик — бу маълумот эмас, балки уни тўғри англаш ва саралаш қобилиятидир. Айнан шу ерда маърифатнинг ўрни беқиёс. Чунки билимсиз инсон ахборот оқимида йўқолиб кетиши мумкин, маърифатли инсон эса ундан фойда олади.
Афсуски, айрим ҳолларда ёшлар орасида енгил-елпи ахборотга қизиқиш кучайиб, чуқур билим олишга бўлган интилиш сусаймоқда. Бу ҳолат жамият маънавий тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун маърифатни оммалаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш ва интеллектуал муҳитни ривожлантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.
Маърифатни ривожлантириш аввало таълим орқали амалга ошади. Лекин бу фақат дарс билан чекланиб қолмаслиги керак. Инсон доимий ўқиб-ўрганишга интилиши, ўз устида ишлаши лозим. Китоб, илмий манбалар, сифатли оммавий ахборот воситалари — буларнинг барчаси маърифат манбаи ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, глобаллашув — бу табиий жараён. Ундан четда қолишнинг иложи йўқ. Лекин бу жараёнда ўзлигимизни йўқотмаслик ўз қўлимизда. Миллий маърифатни сақлаш ва ривожлантириш орқали биз нафақат ўтмишни асраймиз, балки келажакни ҳам мустаҳкам пойдевор устида қурамиз. Замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган жамиятгина ҳақиқий тараққиётга эриша олади.
АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими