РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ МАЪНАВИЙ ФОЙДАЛАРИ

by Matbuot xizmati
6 👁️

Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматлар бири ҳисобланади. Бу ойда тутиладиган рўза энг улуғ ибодатлардан бири бўлиб, у тоат-ибодат, мағфират ва барака ойидир. Рўза биздан олдинги умматларга фарз қилингани каби, бизларга ҳам фарз этилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз[1].

Бу оят рўзанинг фарзлигини ва унинг асосий ҳикмати — тақвога эришиш эканини баён қилади.

Рўза Исломнинг беш асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилиги нияти билан тонг отгандан то қуёш ботгунгача ейиш-ичишдан, шаҳвоний эҳтиёжлардан ва гуноҳга олиб борувчи ишлардан тийилишни талаб қилади. Демак, рўза фақат оч қолиш эмас, балки нафсни тарбия қилиш ва қалбни поклаш ибодатидир.

Ҳар бир нарсанинг закоти бўлганидек, баданнинг ҳам закоти рўзадир. Банда закот билан молини поклагани каби, рўза орқали қалбини кибр, ҳасад ва шаҳватпарастлик каби иллатлардан тозалайди. Шу тариқа инсон руҳан юксалиб, иродаси мустаҳкамланади, сабрли ва қаноатли бўлиб, ўз нафсини бошқара оладиган шахсга айланади.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  сабр ҳақида шундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор. Баданнинг закоти эса рўзадир. Рўза сабрнинг ярмидир”[2].

Рўза тутиш инсонда тақво туйғусини кучайтиради. Рўзадор киши ёлғиз ҳолатида ҳам Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, ҳалол нарсалардан ўзини тийиб туради. У саҳарлик учун тун ярмида туриб, кун давомида турли ҳолатларда ейиш-ичиш ва шаҳватдан сақланади. Бу эса қалбда доимий назорат — ихлос ва тақво ҳиссини мустаҳкамлайди.

Рамазон — сабр ойидир. Рўза инсонни сабр ва матонатга ўргатади. Рўзадор киши иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай, турли машаққатларга бардош беради. Энг асосий эҳтиёжларидан ихтиёрий равишда тийилиб, сабр ва чидамнинг юқори даражасини амалда намоён этади.

Халқимиз ҳам бежизга “Сабрнинг таги — сариқ олтин”, демайди. Сабрли инсон ҳаётида дуч келадиган қийинчилик ва синовларни енгиб ўта олади. Рўза ана шу сабрни шакллантирадиган амалий мактабдир.

Инсон бу ойда ихтиёрий равишда очликни ҳис этиб, муҳтожликдаги инсонларнинг ҳолини чуқурроқ англайди ва уларга нисбатан меҳр-шафқат ва ҳамдардлик туйғусини кучайтиради. Шу тариқа рўза инсон қалбида ижтимоий масъулият ва саховат руҳини тарбиялайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бинобарин, рўза тутган киши ҳақорат сўзларини тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман”, десин!”[3]

Бу ҳадис рўзанинг тарбиявий моҳиятини очиб беради. Яъни рўза инсонни нафс ҳукмидан чиқариб, уни сабр ва ҳилмга ўргатади.

Рўза инсонларни ёмонлик ва гуноҳлардан асрайдиган бир қалқондир.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: “Рўза (тутмоқлик) дўзах ўтидан асровчи воситадир!…”[4].

Ибн Можада келган бошқа бир ривоятда эса, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қалқон жангда сизни асрагани каби рўза ҳам жаҳаннам оловидан асрайди”[5].

Демак, рўза нафақат дунёда инсонни гуноҳдан сақлайди, балки охиратда ҳам нажот сабабларидан бири бўлади.

Бир ой давомида ҳалол нарсалардан ҳам Аллоҳ розилиги учун ўзини тийиб турган мўъмин-мусулмон йилнинг қолган ойларида ҳаром ва шубҳали ишлардан янада қаттиқроқ сақланиши лозим. Зеро, рўзанинг ҳақиқий самараси инсоннинг бутун ҳаётида тақво ва покликни сақлаб қолишида намоён бўлади.

Рамазон ойи шарафли ва муқаддас ой бўлиб, унда қилинган ҳар бир яхши амал ибодат, хайр-эҳсон, муҳтожларга ёрдам бериш ва савобли ишлар  бошқа ойларга нисбатан улуғ ажрга сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид, Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир, чунки Аллоҳ таоло: “Рўзадор Мени деб еб-ичмайди ва Мени деб рўза тутади, бинобарин унинг мукофатини Ўзим бераман ва ҳар бир яхшилиги эвазига Мендан ўн баробар мукофот олади”, – дейди”[6].

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам: “Аллоҳ таоло: “Рўза Меникидир. Унинг мукофотини берадиган ҳам Ўзим”, дейди[7].

Бу ҳадислар рўзанинг Аллоҳ наздида нақадар улуғ ибодат эканини кўрсатади. Шу боис Рамазон ойини ғанимат билиб, қўлимиздан келганича яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам беришга ва ибодатларни кўпайтиришга интилмоғимиз зарур.

Рўза тутишнинг улуғ маънавий фазилатларидан бири — Қадр кечасига эришишдир. Қадр кечаси муборак Рамазон ойига яширилган бўлиб, у минг ойдан яхшироқ кеча сифатида таърифланади. Барча инсонларнинг бир йил давомида бажарадиган ишлари тақдирига ёзиладиган қадрли кеча – Қадр кечаси ҳам айнан Рамазон ойига яширилган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз уни (Қуръонни“Лавҳу-л-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик[8].

Қадр кечаси Қуръони карим нозил бўлиши билан шарафланган ва у ибодат, дуо ва истиғфор учун энг фазилатли кечалардан бири ҳисобланади.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Ким Қадр кечасини ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган.Шу боис мўъмин киши Рамазоннинг охирги ўн кечасида ибодатни янада кўпайтириб, ушбу муборак кечага эришишга интилмоғи лозим.

Рамазон ойи — гўзал ахлоқ ва яхши одоб мактабидир. Бу ойда тортишиш, жанжаллашиш, ҳақорат ва бефойда сўзлардан янада узоқ бўлиш керак. Рўза фақат очлик эмас, балки тилни, қалбни ва аъзоларни гуноҳдан сақлашдир.

Рамазон — руҳан покланиш ва ахлоқан юксалиш ойидир. Бу ойда шайтонлар кишанланади ва инсонни ёмонликка чорловчи васвасалар камаяди. Шу боис мўъмин ўз нафсини тарбия қилиши, камчиликларини тузатиши ва яхши фазилатларни мустаҳкамлаши мумкин. Рўза фақат ейиш-ичишдан тийилиш эмас, балки тилни ёлғондан, қалбни кибр ва ҳасаддан, аъзоларни ҳаром ишлардан ҳам сақлашдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ  соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таоми ва ичимлини тарк этишига муҳтож эмас”[9].

Бу ҳадис рўзанинг маънавий моҳиятини очиб беради. Яъни рўзанинг ҳақиқий самараси ахлоқда, одобда ва покликдадир.

Рамазон — мағфират ойидир. Мўъмин киши фарз бўлган Рамазон рўзасини ихлос билан адо этса, Аллоҳ таолонинг розилигига эришади ва гуноҳларининг кечирилишига умид қилади.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки Аллоҳга ишониб, ундан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутса, қилган гуноҳи кечирилади”[10].

Демак, Рамазон инсон учун янги саҳифа очиш, тавба қилиш ва ҳаётини яхшилик томон ўзгартириш имкониятидир.

Рамазонда рўза тутиш инсонни гуноҳ ва ёмонликдан асрайди, қалбни поклайди, ижтимоий масъулият ва хайрсеварлик руҳини тарбиялайди. Рўза тутиш мўъминга Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш ва гуноҳларини мағфират қилиниш имконини беради. Шунингдек, маънавий жиҳатдан инсонни соғлом ва мувозанатли ҳаётга тайёрлайди.

Олим Жўраев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари


[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004.  “Бақара” сураси, 183-оят мазмуни.

[2] Ибн Можа. Сунан Ибн Можа. 1817-ҳадис.

[3] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1894-ҳадис.

[4] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1894-ҳадис; Саҳиҳи Муслим. 2761-ҳадис.

[5]Ибн Можа. 1639-ҳадис.

[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. 1 – китоб. – Т.: “Ўзбекистон миллий энҳиклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2008. 1894-ҳадис.

[7] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. Байрут. 2764-ҳадис.

[8] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Қадр” сураси, 1-оят мазмуни.

[9] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 1903-ҳадис.

[10] Саҳиҳи Бухорий. 1-китоб. 38-ҳадис.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика