АҲМАД АС-СОБУНИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ТАСНИФИ

by Matbuot xizmati
12 👁️

Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий (500/1107 – 580/1185, Бухоро) ўз даврининг нуфузли фақиҳ ва мутакаллимларидан бири бўлиб, фиқҳ ва калом соҳаларида катта илмий мерос қолдирган. Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган калом илми олимларидан бўлиб, ҳозирги Бухоро вилояти ҳудудида фаолият олиб борган. Олим совун тайёрлаш ёки уни сотиш билан шуғулланганлиги учун унга “ас-Собуний” тахаллуси берилганлиги манбаларда қайд этилган. Аҳмад ас-Собуний Бухорода Абул Муин Насафийдан мотуридийя таълимотининг асосларини, калом илмини ўрганди. У дин асосларини ўрганишда мотуридийлик ақидасига, хусусан  Абул Муин Насафийнинг “Табсирату-л-адилла” (“تبصرة الأدلة”) асарига таянган.

Аллома илмий адабиётларда Нуриддин ас-Собуний номи билан кўпроқ тилга олинади. У Бухорода мотуридийя калом мактабининг шаклланишида катта рол ўйнаган. Нуриддин ас-Собуний Бухорода машҳур олим, тафсир ва калом илми билимдони Фахриддин Розий билан учрашиб, ўзаро баҳс-мунозаралар олиб борган. Ушбу мунозаралар тўғрисида Фахриддин Розийнинг “Мунозарот Фахриддин Розий фий билад Мовароуннаҳр” (“مناظرات فخر الدين الرازي في بلاد ما وراء النهر”) номли асарида маълумотлар келтирган. Аллома шунингдек, Ироқ ва Хуросондаги илмий баҳсларда қатнашган. Умрининг охирларида Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун Маккаи Мукаррамага борган.

Ас.: (асарлари). Нуриддин ас-Собунийнинг “ал-Бидоя” (“البداية”) номи билан машҳур бўлган “ал-Ҳидоя фий илми-л-калом” (“الهداية في علم الكلام”) асари, шунингдек “ал-Бидоя фий усули-д-дин” (“البداية في أصول الدين”), “ал-Кифоя фи-л-ҳидоя” (“الكفاية في الهداية”) номли асарлари бор. Унинг “ал-Бидоя фий усули-д-дин” асари 1978 йилда Истанбулда Бекир Топалоғлу томонидан нашр қилинган. Бугунги кунга қадар ушбу асар етти марта нашр қилинган. Нуриддин ас-Собунийнинг “ал-Кифоя фи-л-ҳидоя” номли асарининг бир қўлёзма нусхаси бугунги кунда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасида 2271 рақами остида сақланади.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати )

  1. Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Нуриддин ас-Собуний. Ал-Бидоя фий усули-д-дин. Бекир Топалоғлу таҳқиқи. – Анқара: 1982.
  2. Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Нуриддин ас-Собуний. Ал-Бидоя фий усули-д-дин. Бешинчи нашр. – Анқара: Нашрияту риасат шуъуни-д-диния, 1995.
  3. Фахриддин Розий. Мунозарот Фахриддин Розий фий билад Мовароуннаҳр. – Байрут: Дорул Машриқ. 67 б.
  4. Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин. Ж.5. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Ж.2. 680 б.

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика