
Ислом дини инсон ҳаётини фақат ибодатлар мажмуи сифатида эмас, балки ақл, тафаккур ва илмга таянган мукаммал ҳаёт тизими сифатида талқин қилади. Ушбу тизимнинг марказида илм туради. Бежиз эмас, Пайғамбаримиз Муҳаммад: “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир” (Ибн Можа ривояти), деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ислом тафаккурида илмнинг нафақат фазилат, балки мажбурият даражасида эканини кўрсатади. Демак, илм олиш ихтиёрий эмас, балки диний ва ижтимоий масъулиятдир.
Ислом тарихига назар ташласак, ваҳийнинг илк ояти ҳам айнан илмга даъват билан бошланганини кўрамиз: “Ўқи! Сени яратган Раббинг номи билан ўқи” (Алақ сураси, 1-оят). Ушбу оят инсоният тарихида билим олишни муқаддас вазифа сифатида белгилаган илоҳий мурожаат бўлди. Бу ерда “ўқиш” фақат матнни мутолаа қилиш эмас, балки борлиқни, жамиятни, инсонни ва Яратганнинг ҳикматларини англашни ҳам ўз ичига олади. Шу боис исломда илм диний ва дунёвий деб ажратилмайди; фойдали бўлган ҳар қандай илм ибодат мақомига кўтарилади.
Илмнинг фарзлиги масаласи фиқҳий жиҳатдан ҳам чуқур таҳлил қилинган. Уламолар илмни фарзи айн ва фарзи кифоя турларига бўлишган. Фарзи айн бўлган илм – ҳар бир мусулмон шахс билиши шарт бўлган ақида, ибодат, ҳалол-ҳаром, ахлоқий меъёрларга оид билимлардир. Масалан, намоз, рўза, закот каби ибодатларнинг шартлари ва мазмунини билмасдан уларни тўғри адо этиш мумкин эмас. Фарзи кифоя бўлган илм эса жамият эҳтиёжи учун зарур бўлган тиббиёт, муҳандислик, ҳуқуқ, педагогика, иқтисод каби соҳаларни қамраб олади. Агар жамиятда бу илм эгалари етарли бўлса, бошқалардан масъулият соқит бўлади.
Ислом сивилизатсияси тараққиёти айнан илмга бўлган бундай юксак муносабат натижасида юзага келган. Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма”, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар”, Бухоро ва Самарқанддаги илмий мактаблар нафақат диний илмлар, балки математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа ва география ривожига улкан ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Форобий, Ибн Сино, Беруний каби алломалар илмни ибодат даражасида кўрган, уни жамият равнақи учун хизмат қилдирганлар. Улар учун илм – фақат шахсий камолот эмас, балки уммат олдидаги бурч эди.
Илм ва амал ўртасидаги боғлиқлик ҳам ислом таълимотининг муҳим жиҳатларидан биридир. Қуръони каримда: “Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят) дея сўралади. Бу оят илм эгаларининг мақомини юксалтиради, аммо шу билан бирга илмнинг масъулиятини ҳам эслатади. Чунки исломда илм амалсиз бўлса, у фойдасиз, ҳатто зарарли бўлиши мумкин. Шу сабабли Пайғамбаримиз фойда бермайдиган илмдан Аллоҳдан паноҳ сўраганлар. Демак, илм – ахлоқ, масъулият ва эзгулик билан уйғун бўлгандагина ҳақиқий қиймат касб этади.
Замонавий даврда “илм олиш фарз” деган ғоя янада кенг мазмун касб этмоқда. Бугунги глобаллашув, технологик тараққиёт ва ахборот оқими шароитида илмга эга бўлмаган жамият иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан қарам бўлиб қолади. Исломий нуқтайи назардан қаралганда, бу ҳолат умматнинг заифлашишига олиб келади. Шу боис бугунги мусулмон жамиятлари учун замонавий фанларни эгаллаш, инновациялар яратиш, танқидий фикрлашни ривожлантириш диний бурч даражасига кўтарилмоқда.
Айниқса, ёш авлод тарбиясида илмга бўлган муносабат алоҳида аҳамият касб этади. Оила, мактаб ва маҳалла муҳитида илмнинг қадрият сифатида шаклланиши келажак жамиятнинг пойдеворини белгилайди. Исломда ота-онанинг фарзанд олдидаги энг катта масъулиятларидан бири – унга илм беришдир. Бу нафақат диний билимлар, балки касб-ҳунар, ҳаётий кўникмалар ва ахлоқий тарбияни ҳам ўз ичига олади. Чунки билимли ва тарбияли инсон жамиятда фойдали шахсга айланади.
Аёлларнинг илм олиши масаласи ҳам исломда муҳим ўрин тутади. Юқоридаги ҳадисда илм олиш эркак ва аёл учун баробар фарз экани очиқ айтилган. Ислом тарихида Оиша розияллоҳу анҳо, Ҳафса, Умму Салама каби аёл саҳобалар илм ва амал борасида етук мавқега эга бўлганлар. Демак, аёлнинг илмли бўлиши – жамиятнинг илмли бўлишидир, чунки у келажак авлод тарбиячисидир.
Илмнинг ижтимоий масъулият билан боғлиқлиги бугунги кунда айниқса долзарб. Илм эгаси жамият муаммоларига бефарқ бўлиши мумкин эмас. Коррупсия, жаҳолат, экстремизм ва зўравонлик каби иллатларга қарши энг самарали восита – бу маърифатдир. Шу нуқтайи назардан, ислом маърифатпарварлик дини сифатида илм орқали тинчлик, адолат ва бағрикенгликни тарғиб этади. Илмли инсон муросага мойил, тафаккури кенг ва бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қиладиган бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, “илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир” деган ҳикматли ҳадиси шариф нафақат диний шиор, балки ҳаётий дастурдир. Илм – иймонни мустаҳкамлайди, ақлни чархлайди, жамиятни тараққий эттиради. Ислом илмни ибодат билан, амални ахлоқ билан, тараққиётни масъулият билан уйғунлаштиради. Бугунги мусулмон жамиятларининг энг муҳим вазифаларидан бири – ушбу ғояни замонавий шароитда тўғри англаб, уни таълим, тарбия ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳаётга татбиқ этишдир. Чунки илмли уммат – кучли уммат, илмли инсон эса Аллоҳга яқин ва жамиятга фойдали инсондир.
Умарали Улжайев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими