ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ АДАШГАН ФИРҚАЛАРГА ҚАРШИ РАДДИЯЛАРИ

by Matbuot xizmati
32 👁️

Ислом тарихида ақидавий масалалар доирасида юзага келган турли фирқалар мусулмон умматининг тафаккури, диний дунёқараши ва маънавий ҳаётига кучли таъсир кўрсатган. Бу жараёнда Қуръон ва ҳадисни ўз манфаатларига мос талқин қилган, инсон ақлини нотўғри йўналишга буриб юборган оқимлар ҳам бўлган. Шундай шароитда уламолар, хусусан, калом илмининг йирик намояндалари фирқаларнинг нотўғри қарашларига раддия бериб, тўғри эътиқодни ҳимоя қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Бу борада Мовароуннаҳр заминида яшаб, мусулмон ақидасини соф исломий тамойиллар асосида мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган мутакаллимлардан бири Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (ваф. 944)дир. У ҳанафийлик фиқҳ мактаби билан чамбарчас боғлиқ бўлган мотуридийя ақидавий мактабининг асосчиси сифатида танилган. Унинг энг муҳим асарлари “Китоб ат-Тавҳид” ва “Тавилот ал-Қуръон” кабилардир. Бу асарларда Имом Мотуридий ўз даврида кенг тарқалган адашган фирқаларнинг қарашларини таҳлил қилиб, уларнинг эътиқодий хатоларини очиб берган. Имом Мотуридий Ислом оламида кўплаб муҳим воқеалар содир бўлган, диний, эътиқодий, фалсафий ва сиёсий мазҳаблар ҳамда оқимлар пайдо бўлган бир даврда яшаган. Ана шундай мураккаб муҳитда етишиб чиққан Имом Мотуридий соф Ислом эътиқодига нисбатан олиб борилган бузғунчи ҳаракатларга қарши ёзган асарлари билан машҳурдир. Аллома ўзининг илмий фаолияти орқали соф диний қадриятларни емиришга уринган турли диний ва фалсафий оқимларнинг фикр ва даъволарини танқидий ўрганиб, уларни рад этишга интилган. Аввало, тавҳид эътиқоди орқали Исломнинг асосий ақидавий асосларини аниқлаб, уларни ҳимоя қилган ва мустаҳкам ақидавий пойдеворга асос солган.

Қуръони карим нозил бўлган даврдан бошлаб Имом Мотуридий яшаган милодий Х асргача бўлган давр оралиғида Ислом оламида сиёсий, ижтимоий, илмий ва маданий соҳаларда кўплаб муҳим воқеа ва ўзгаришлар юз берган. Бунинг натижасида Ислом дунёсида динни англаш ва шарҳлаш борасида турли хил сиёсий, фалсафий, эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар ҳамда оқимлар пайдо бўлган. Айниқса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотидан сўнг мусулмонлар орасида биринчи марта юзага келган халифалик/имомат борасидаги баҳслар, Ҳазрат Али (р.а.) халифалик даврида содир бўлган Жамал ва Сиффин урушлари мураккаб ақидавий муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Айнан ушбу асрларда хорижийлик, Шиа ва Муржиъа каби турли сиёсий мазҳаблар ҳам шакллана бошлади.

Ислом ўлкаларининг кенгайиб бориши натижасида турли дин, маданият ва сивилизатсиялар ўртасида диний, фикрий, илмий ва маданий соҳаларда ўзаро таъсирланиш кучайди ва турли эътиқод соҳиблари ўртасида диний-ақидавий масалаларда баҳс-мунозаралар пайдо бўла бошлади.

Бундан ташқари, мусулмонлар бошқа дин, маданият ва сивилизатсияларни чуқурроқ ўрганиш ва англаш мақсадида ҳинд ва форс маданияти ҳамда юнон фалсафасига оид асосий асарларни таржима қилишга катта аҳамият бера бошладилар. ВИИИ асрдан бошланган ушбу таржима ҳаракатлари натижасида ғайриисломий тафаккур шакллари Ислом сивилизатсиясига кириб келди. Бу ҳолат бир томондан илмий-фалсафий, ақидавий жиҳатдан кўплаб янги фикр ва ёндашувларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бўлса, бошқа томондан эса Исломга қарши кайфиятдаги, зарарли ва бузғунчи гуруҳларнинг юзага келишига ҳам олиб келди. Натижада, мусулмонлар бир томондан дин доирасида пайдо бўлган янги масалаларни тушунтиришга, бошқа томондан эса турли дин вакилларига Исломни баён қилишга ва кўплаб адашган оқимларнинг Исломга қарши ҳужум ва туҳматларига қарши курашишга мажбур бўлдилар. Мана шундай ички ва ташқи омиллар туфайли, Ислом жамиятида Жабарийя, Жаҳмийя, Қадарийя, Мўтазила, Салафийя каби турли оқимлар вужудга келди. Имом Мотуридий илмий меросининг аҳамияти ҳам ўз давридаги турли ақидавий ихтилофларни илмий далиллар асосида тушунтириб, мусулмон дунёсида бирдамликни таъминлаш борасидаги интилишларида намоён бўлади.

Аҳли сунна ва-л-жамоа оқимининг икки йирик ақида мактабларидан бирининг асосчиси ҳисобланган Абу Мансур ал-Мотуридий турли дин, эътиқод, мафкура, маданият ва сивилизатсияларга бешик бўлган Мовароуннаҳр диёрида фаолият кўрсатган буюк аллома ва мутафаккир бўлиб, ўз илмий мероси, асарлари орқали ислом динининг асл бағрикенглик, инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилган. Шунингдек, турли ёт ғояларга қарши Қуръони карим ва Суннат асосида кураш олиб борган калом илми олими ҳисобланади. Аллома ўз асарлари орқали исломий тафаккур тарихида ҳақли равишда шуҳрат қозонган. Жумладан, “Китоб ат-тавҳид” асари унинг калом, фалсафа ва жадал илмидаги чуқур билимини, “Таъвилот ал-Қуръон” эса тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақида илмларидаги юксак салоҳиятини намоён этади.

Имом Мотуридий ислом тафаккури тарихида адашган фирқаларга қарши энг мувозанатли, асосли ва кенг қамровли раддияларни берган мутакаллимлардан биридир. У хаворижларнинг мутаассиб қарашларини, муътазиланинг ақлга ҳаддан зиёд урғу беришга қаратилган ғояларини Қуръон, суннат ва ақлий далиллар асосида инкор этиб, тўғри эътиқод мезонларини белгилаб берди. Мотуридия мактаби кейинги асрларда мусулмон дунёсида кенг тарқалиб, ҳанафийлик фиқҳ мактаби билан уйғун ҳолда миллионлаб мусулмонларнинг эътиқодий қарашларини шакллантирди. Унинг қарашлари бугунги кунда ҳам ақидавий бирликни сақлаш, экстремизм ва мутаассибликка қарши курашишда муҳим илмий-маънавий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

 Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi. Ommaviy axborot vositalari vakillari va veb-sayt foydalanuvchilari diqqatiga! Siz termizi.uz veb-saytidagi maʼlumotlardan bemalol foydalanishingiz mumkin. Bundan mamnun boʻlamiz. Faqat yagona shartimiz shuki, xabar yoki maqolani oʻz veb-sahifangizda yoritishda “Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi rasmiy sayti xabar berishicha” deb, bunda “rasmiy sayti” degan soʻz ustiga saytimiz havolasini qoʻyib, termizi.uz sahifasiga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart. Unutmang, maʼlumot olinganda muallif va manzil koʻrsatmaslik mualliflik huquqining buzilishi kabi javobgarlikka sabab boʻladi.

Flag Counter

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика