ЕКРАНДА КЎРГАНИНГИЗ – КЎРГАНИНГИЗ ЭМАС, ЭШИТГАНИНГИЗДИР

by Matbuot xizmati
8 👁️

Ижтимоий тармоқ даврида хабарни қабул қилиш маданияти ҳақида

Бугун баҳсларда кўп эшитиладиган гап: «Ўзим кўрдим, видеоси бор». Видео энг кучли далилдек туюлади: унда гапираётган одамнинг юзи, овози, ҳатто кўз ёши бор. Аммо айнан шу ишонч бугун ёт ғоялар тарқатувчиларнинг асосий таянчига айланган. Улар кишини китоб билан эмас, лентадаги ўнлаб қисқа видеолар билан ишонтиради. Видеоларни кўрган одам эса ўзини хабар эшитган киши эмас, воқеага гувоҳ бўлган киши деб ҳисоблайди. Масаланинг илдизи шу ерда.

Илм қайердан келади?

Мовароуннаҳр уламолари бу саволга асрлар олдин аниқ жавоб берган. Юртимиз мадрасаларида асрлар давомида ёд олинган Нажмуддин Умар Насафийнинг «Ақоид» асарида шундай дейилади:

وَأَسْبَابُ الْعِلْمِ لِلْخَلْقِ ثَلَاثَةٌ: الْحَوَاسُّ السَّلِيمَةُ، وَالْخَبَرُ الصَّادِقُ، وَالْعَقْلُ

Маъноси: «Махлуқот учун илм сабаблари учтадир: соғлом сезгилар, рост хабар ва ақл».

Жумладаги сифатларга эътибор беринг: ҳар қандай сезги эмас, соғлом сезги; ҳар қандай хабар эмас, рост хабар илм беради. Яъни уламолар манбанинг ўзини эмас, унинг соғломлиги ва ростлигини шарт қилган. Абу Мансур Мотуридий ҳам «Китоб ат-тавҳид»да билим йўлларини кўриш (иён), хабар ва ақлий мулоҳаза (назар) деб кўрсатиб, хабар ёлғон бўлиши ҳам мумкинлиги сабабли уни ақл билан текшириш зарурлигини таъкидлаган.

Видео – кўз эмас, хабар

Экранда кўрган нарса сезгимизга бевосита етиб келгандек туюлади, лекин аслида у хабар (خَبَر) тоифасига киради. Кадрни кимдир танлаган, кимдир кесган, кимдир ортига мусиқа ва изоҳ қўйган. Ундаги воқеа бошқа йилда, бошқа мамлакатда бўлган, ундаги гап олдинги ва кейинги сўзлардан узиб олинган бўлиши мумкин. Сунъий интеллект ёрдамида сохта видео ва овозлар яратилаётган бугунги кунда эса «соғлом сезги» шартининг ўзи ҳам синовда: кўзимиз кўрган нарса умуман содир бўлмаган бўлиши мумкин.

Демак, видео ҳам хабар каби текширилиши лозим. Ҳадис илми бундай текширувнинг энг мукаммал намунасини берган: хабарни етказган ҳар бир ровийнинг адолати (ростгўй ва диёнатли экани) ва забти (ешитганини аниқ сақлай олиши) ўрганилган, санаднинг узилмаган бўлиши талаб қилинган. Юртдошимиз Имом Термизий «Сунан»ида ҳадисларнинг саҳиҳ, ҳасан ёки заифлигини, ровийлардаги камчиликларни кўрсатиб борган. Тобеъин Муҳаммад ибн Сириннинг сўзи бу борада қоидага айланган:

إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ، فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ

Маъноси: «Бу илм диндир, бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг».

Шу мезонни қўйсак, ижтимоий тармоқдаги диний контентнинг катта қисми биринчи босқичдаёқ ўтмайди: «ровий» – номаълум тахаллус, «санад» – каналдан каналга кўчирилган видео, «матн» эса кесилган парча.

Алгоритм қатъийликни ёқтиради, илм эса эҳтиёткор

Ижтимоий тармоқ контентни ҳақиқатлигига қараб эмас, қанча кўрилгани, изоҳ ва улашишлар сонига қараб тарқатади. Бундай таъсирни эса кўпроқ кескин, қатъий ва ғазаб қўзғатувчи гаплар беради. Олимнинг жавоби эса кўпинча «бу масалада тафсилот бор», «уламолар икки хил фикр билдирган» каби сўзлар билан бошланади. Бу эҳтиёткорлик илмнинг белгиси, аммо алгоритм учун у «зерикарли» контент. Натижада лентада илмли киши эмас, энг баланд овозда гапирган киши ютади.

Бундан ташқари, шаръий ҳукм битта оят ёки ҳадисдан эмас, далилларни бирга кўришдан чиқарилади. Усул илмида умум ва хусус, мутлақ ва муқайяд, носих ва мансух, оятнинг нозил бўлиш сабаби каби қоидалар бор. Бир дақиқалик видеога уларнинг бирортаси ҳам сиғмайди. Матнни кесишнинг хавфини кўрсатувчи машҳур мисол бор: кимдир «لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ» деб тўхтаса, гўё Қуръон намозга яқинлашишдан қайтаргандек бўлади. Ҳолбуки оятнинг давоми – «وَأَنْتُمْ سُكَارَىٰ» – бу қайтариқ мастлик ҳолатига тегишли эканини кўрсатади (Нисо сураси, 43-оят). Тармоқдаги кўплаб «далиллар» ана шундай, керакли жойида кесилган ҳолда тарқатилади.

Сезилмас зинапоя

Алгоритмнинг яна бир хусусияти – у кишини бирданига эмас, зинапоядек босқичма-босқич олиб боради. Мазлумлар ҳақидаги видео остидан бироз кескинроқ изоҳ берувчи видео чиқади, ундан кейин «айбдорлар»ни номма-ном сановчи, сўнг «сукут сақлаганлар ҳам айбдор» дейдиган видео келади. Ҳар бир қадам олдингисидан атиги бир поғона баланд бўлгани учун инсон ўзгаришни сезмайди. Бир ой олдин ўзи ҳам рад этган гап бугун унга табиий туюлади. Уламолар нафснинг бир гуноҳдан кейингисига аста-секин ўрганиб бориши ҳақида огоҳлантирган эди; тафаккурнинг ҳам худди шундай секин-аста оғиши бор. Бундан ҳимоянинг йўли – вақти-вақти билан тўхтаб, ўзидан «бир ой олдин мен шундай ўйлармидим?» деб сўраш.

Нега айнан чекка ҳудудлар?

Катта шаҳарда яшовчи киши шубҳали гапни масжид имоми, устози ёки илмли танишидан сўраб кўриши осон. Чекка ва чегараолди ҳудудларда эса бундай «текширув нуқталари» камроқ, телефон кўпинча ягона билим манбаига айланади. Меҳнат миграциясидаги ёшларнинг аҳволи янада оғир: улар оила, маҳалла ва таниш имомдан узоқда, муҳит бегона, ёлғизлик кучли. Ёлловчилар айнан шу бўшлиқни кўзлайди: аввал ҳамдардлик, сўнг «биродарлик», кейин эса «сени фақат биз тушунамиз» деган ишонч. Шунинг учун бу ҳудудларда ёт ғояга қарши энг ишончли қалқон – инсоннинг ўзида хабарни саралаш кўникмасини шакллантиришдир.

Ҳамдардлик – далил эмас

Ёлловчилар кўпинча инсондаги энг олижаноб туйғу – мазлумга ачинишдан фойдаланади. Бу туйғу ҳақли ва Исломда мақталган. Лекин кейинги қадамда мантиқий сакраш ясалади: «Сен ачиняпсанми? Демак, ҳаммасини ташлаб, биз айтган жойга боришинг шарт». Ачиниш – ҳис, ундан келиб чиқадиган амал эса шаръий ҳукм. Ҳукм эса ҳиссиётдан эмас, далил ва унинг шартларидан чиқарилади. Фиқҳ китобларида уруш ва сулҳ каби уммат тақдирига дахлдор масалаларни ҳал қилиш шахснинг ўзига эмас, қонуний раҳбарга тегишли экани таъкидланган. Интернетдаги номаълум киши эса на раҳбар, на муфти. Унинг чақириғи қанчалик таъсирли бўлмасин, далил ўрнини боса олмайди.

«Фақат бизга ишонинг» даъвосининг пучлиги

Бузғунчи оқимлар тарғиботида деярли доим битта даъво такрорланади: «Олимлар сотилган, расмий имомлар ҳақиқатни яширади, ҳақиқий динни фақат биз айтамиз». Бу даъвони юқоридаги мезон билан ўлчаб кўрайлик. Биринчидан, уни айтаётганнинг исми, устози, илмий санади номаълум – бу «ровий» ҳадис илмининг илк шартидан ҳам ўтмайди. Иккинчидан, даъво тингловчидан бошқа барча манбаларни ташлаб, фақат битта манбага ишонишни талаб қилади. Бу «рост хабар»ни текшириш тамойилининг айнан тескарисидир: текширувни тақиқлаётган манба энг аввал текширилиши керак бўлган манбадир. Учинчидан, илм ўн тўрт аср давомида устоздан шогирдга узлуксиз силсила билан ўтиб келган. Бу силсилани инкор этиб, «ҳақиқат энди бизда пайдо бўлди» дейиш динни бир неча йиллик интернет каналига боғлаб қўйиш демакдир.

Хулоса

Ижтимоий тармоқ даври учун энг муҳим қоида битта: экранда кўрганингиз – кўрганингиз эмас, эшитганингиздир. Унга хабарга бериладиган саволларни беринг: ким етказди, тўлиқми, бошқа ишончли манба тасдиқлайдими? Аждодларимиз қолдирган илм мезонлари қўлёзма китоблар даврида қанчалик зарур бўлган бўлса, экран даврида ундан ҳам зарурроқдир.

Иқболжон Қамбаров,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика
Hakim Termiziy 1200 yilligi xalqaro ilmiy konferensiyasi