ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ МЕРОСИ — ҲАНУЗ ДОЛЗАРБ, ҲАМОН УСТУВОР

by Matbuot xizmati
9 👁️

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ–275-сон “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда буюк аждодларимиз илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давоми сифатида тарихий аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда миллий ва диний-маърифий меросимизни тиклаш, уни замонавий тараққиёт билан уйғун ҳолда ривожлантириш, буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама тадқиқ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз каби қадимий илм марказларининг тарихий нуфузини тиклаш, алломалар зиёратгоҳларини обод этиш, халқаро илмий марказлар ташкил қилиш, нодир қўлёзмаларни ўрганиш ва академик нашрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёйев раҳбарлигида буюк алломалар меросини халқимиз маънавий ҳаётига янада кенг татбиқ этиш, уларнинг бой илмий меросини ёш авлод тарбияси билан узвий боғлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдевори айнан илм, маърифат ва миллий қадриятларга таянилган ҳолда барпо этилаётганини яққол намоён этмоқда.

Мазкур қарор ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлиб, улуғ мутафаккир Ҳаким Термизий ҳаёти ва фаолиятини янада чуқур ўрганиш, асарларини халқимизга етказиш, жаҳон илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссасини муносиб баҳолаш ҳамда унинг номини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Қадимдан Термиз шаҳри Марказий Осиёнинг энг йирик илм ва маданият марказларидан бири сифатида эътироф этилган. Бу муборак замин нафақат буюк давлат арбоблари ва саркардаларни, балки бутун инсоният сивилизатсияси ривожига улкан ҳисса қўшган юзлаб олимлар, муҳаддислар, муфассирлар ва мутафаккирларни вояга етказган.

Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий каби буюк зотлар айнан шу замин фарзандлари бўлиб, уларнинг илмий мероси бугун ҳам мусулмон оламида юксак қадрланади.

Ҳаким Термизий — комил инсон таълимотининг буюк асосчиларидан бири. Ҳаким Термизий (тахминан 824–932 йиллар) нафақат ўз даврининг етук муҳаддиси ва фақиҳи, балки тасаввуф назариясини илмий жиҳатдан асослаб берган буюк мутафаккир сифатида бутун ислом оламида юксак мавқега эга.

У Термиз шаҳрида туғилиб ўсган, дастлабки илмларни отаси ва замондош уламоларидан олган. Кейинчалик Макка, Басра, Бағдод, Нишопур ва бошқа илмий марказларда бўлиб, даврининг машҳур мутасаввиф, муҳаддис ва фақиҳлари билан мулоқот қилган, юксак илмий салоҳият соҳибига айланган.

Тарихий манбаларда Ҳаким Термизий 80 дан ортиқ илмий асар муаллифи сифатида қайд этилади. Айрим манбаларда эса унинг юзга яқин рисола ва китоблар ёзгани таъкидланади. Бугунги кунгача уларнинг катта қисми дунё кутубхоналарида қўлёзма ҳолида сақланмоқда.

Унинг “Наводир ал-усул”, “Баҳр ат-тафсир”, “Хатм ал-авлиё”, “Манозил ул-қурба”, “Китоб ал-ҳуқуқ”, “Ал-фарқу байнал оёти вал-каромот”, “Ар-радду ала Рофиза” каби асарлари нафақат диний илмлар, балки инсон маънавияти, ахлоқи, руҳий тарбияси ва жамият тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳаким Термизий инсон қалбини поклаш, илм билан амал бирлиги, ихлос, ҳалоллик, адолат, меҳр-оқибат, масъулият ва комил инсон ғояларини ўз таълимотининг асоси қилиб олган. Унинг фикрича, инсоннинг ҳақиқий камолоти ташқи кўриниш ёки даъволарда эмас, балки илм, тақво, поклик ва эзгу амалларда намоён бўлади.

Нега бугун Ҳаким Термизий меросини ўрганишга эҳтиёж янада ортмоқда? Глобаллашув, рақамли ахборот маконининг кенгайиши, турли мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб шароитда ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган ишончли маънавий манбаларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

Бугунги кунда интернет тармоқлари орқали турли мутаассиб, экстремистик ва радикал оқимлар ёшларнинг онгига таъсир ўтказишга, муқаддас динимиз моҳиятини бузиб талқин қилишга, илмсизликдан фойдаланиб, уларни ёт ғояларга эргаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Президент қарорида академик таржималарни амалга ошириш, қўлёзмаларни ўрганиш, халқаро конференциялар ўтказиш, медиа маҳсулотлар тайёрлаш, теледастурлар, видеоподкастлар ва рақамли лойиҳаларни ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар айнан шу мақсадга — жамиятда соғлом диний-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун илмсизлик экстремизм учун энг қулай муҳит ҳисобланса, ҳақиқий илм ва маърифат унинг энг кучли рақибидир. Ҳаким Термизий мероси эса ана шу маърифат мактабининг юксак намунасидир.

Қарорда белгиланган вазифалар таҳлил қилинганда, уларни шартли равишда бир нечта муҳим йўналишларга ажратиш мумкин.

Биринчидан, Ҳаким Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш.

Иккинчидан, унинг асарларини академик таржималар асосида нашр қилиш орқали миллий диний-маърифий адабиётлар хазинасини бойитиш.

Учинчидан, халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш ва термизийшуносликни янги босқичга олиб чиқиш.

Тўртинчидан, ёшлар тарбиясида аллома меросидан кенг фойдаланиш.

Бешинчидан, зиёрат туризми, рақамли технологиялар ва замонавий медиа воситалари орқали Ҳаким Термизий меросини дунёга кенг тарғиб қилиш.

Бу вазифаларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган давлат сиёсатининг мантиқий давомидир.

Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Ҳаким Термизийнинг илмий меросини академик-изоҳли таржималар асосида нашр қилиш вазифасининг белгиланганидир.

Айниқса, “Наводир ал-усул” ва “Баҳр ат-тафсир” каби асарларнинг ўзбек тилида изоҳли таржималарини чоп этиш белгилаб қўйилгани катта аҳамиятга эга. Ушбу нодир манбалар инсон камолоти, ахлоқ, ҳуқуқ, илми, адолат, маънавият, ижтимоий муносабатлар, жамият барқарорлиги каби масалаларга бағишланган фундаментал илмий асарлар ҳисобланади. Бугунги кунда дунёда экстремизм, терроризм ва диний радикализм инсоният хавфсизлигига таҳдид солаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Афсуски, баъзи бузғунчи кучлар ислом динининг муқаддас тушунчаларини нотўғри талқин қилиб, ёшларни ёт ғояларга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Аллома ўз асарларида ҳақиқий мусулмоннинг энг муҳим сифати илм, ахлоқ, тақво, бағрикенглик ва ҳалоллик эканини илмий далиллар билан асослаб берган. Унинг қарашларида адоват, зўравонлик, мутаассиблик ёки инсонларни ажратиш, таҳқирлаш ғоялари мутлақо учрамайди. Аксинча, у қалб тарбияси, поклик, инсонга муҳаббат ва адолатни устувор қадрият сифатида кўради. Шу боис қарорда Ҳаким Термизий таълимотини кенг тарғиб қилишга алоҳида урғу берилаётгани мамлакатимизда экстремизмга қарши маънавий иммунитетни янада кучайтиришга хизмат қилади. Ушбу Қарор таҳлил қилинганда, унинг марказида айнан ёшлар масаласи турганини кўриш мумкин. Чунки мамлакат келажаги билимли, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган ёшлар қўлидадир. Шу нуқтаи назардан қарорда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танловини ташкил этиш белгилангани катта аҳамиятга эга. Бу танлов ёшларни китоб мутолаасига жалб қилиб, аждодлар илмий мероси билан танишишга ундайди ҳамда ислом илмлари бўйича билимларини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, уларда аждодлар билан фахрланиш туйғусини шакллантиради. Чунки ўз тарихини билган ёш ҳеч қачон ёт ғояларга эргашмайди.

Термизийшуносликнинг янги босқичи. Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати — термизийшунослик илмий мактабини ривожлантиришга қаратилганидир. Президент қарорида хорижий давлатларда сақланаётган қўлёзмаларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, тадқиқ қилиш, реставратсия қилиш ҳамда олимлар иштирокида мунтазам халқаро анжуманлар ташкил этиш вазифалари белгиланган. Бу ишлар келгуси йилларда нафақат Ҳаким Термизий, балки бутун Термиз илмий муҳитини янада чуқур тадқиқ қилиш имкониятини яратади.

Бугун Ҳаким Термизий мероси нафақат мусулмон олами, балки бутун инсоният учун умумбашарий аҳамиятга эга маънавий бойликдир. Унинг инсон камолоти, маънавий поклик, адолат, илм ва ахлоқ ҳақидаги қарашлари миллат, дин ва ҳудуд танламайдиган умуминсоний қадриятларни ифода этади. Шу боис унинг таълимотини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш Янги Ўзбекистоннинг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Қарорда Ҳаким Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмасини яхшилаш, зиёратгоҳ ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, замонавий сервис хизматларини йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш вазифалари ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.

Бу, аввало, юртимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Кейинги йилларда Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива ва Қарши каби тарихий шаҳарларимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда. Улар нафақат тарихий обидалар, балки буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси билан танишишга ҳам қизиқиш билдирмоқдалар. Ҳаким Термизий зиёратгоҳининг замонавий зиёрат ва маърифат марказига айлантирилиши нафақат Сурхондарё вилояти, балки бутун мамлакат туризм салоҳиятининг юксалишига, янги иш ўринлари яратилишига ва ҳудуд иқтисодиётининг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мақсади — мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдир. Тарихга назар ташласак, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида Марказий Осиёдан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби алломалар илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Бугун ана шу буюк анъаналарни давом эттириш, илм-маърифатга асосланган тараққиётни таъминлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.

Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий мероси Учинчи Ренессанснинг маънавий таянчларидан бири ҳисобланади. Унинг таълимотида илм ва ахлоқ, эътиқод ва маърифат, инсон ва жамият уйғунлиги ҳақидаги ғоялар бугунги тараққиёт стратегияси билан ҳамоҳангдир.

Президент қарорида кўзланган энг улуғ мақсадлардан бири — ёшларни аждодларга муносиб ворис этиб тарбиялашдир. Ҳаким Термизий меросини чуқур ўрганган ёш авлод ўз тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини англайди. Бундай ёшлар илм-фанга интилади, юртига муҳаббат билан яшайди, миллат тақдирига дахлдорлик ҳиссини туяди. Энг муҳими, улар турли бузғунчи ва радикал оқимларнинг ёлғон ғояларига қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетга эга бўлади. Чунки ҳақиқий илм ва маърифатга эга инсон ҳар қандай ёт мафкурани танқидий баҳолай олади, унинг асоссизлигини англайди. Шу маънода Ҳаким Термизий таълимоти нафақат диний билим манбаи, балки ватанпарварлик, миллатпарварлик, инсонпарварлик ва юксак маънавият мактабидир.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши натижасида Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий мероси янада чуқур ўрганилади, унинг асарлари мазмун-моҳияти халқимиз етиб бориги таъминланади, хорижий олимлар билан илмий ҳамкорлик мустаҳкамланади ва термизийшунослик илмий мактаби янги тараққиёт босқичига кўтарилади.

Буюк мутафаккир, етук олим, мутасаввиф ва муҳаддис Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни ҳаётимизга кенг татбиқ этиш орқали Янги Ўзбекистоннинг маънавий пойдевори янада мустаҳкамланади. Зеро, алломанинг илм-маърифат, ахлоқий камолот, инсонпарварлик, бағрикенглик ва эзгуликка асосланган таълимоти бугунги тараққиётимиз мақсадлари билан ҳамоҳангдир. Унинг бебаҳо мероси Учинчи Ренессанс ғояларини мазмунан бойитиб, ёш авлодни юксак маънавият, чуқур билим ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ҳаким Термизий илмий қарашларини кенг тарғиб этиш эса мамлакатимизда илм-фан, маърифат, тинчлик ва барқарор тараққиёт муҳитини янада мустаҳкамлашга, Ўзбекистоннинг жаҳон сивилизатсиясидаги муносиб ўрнини юксалтиришга хизмат қилади.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори– Жамаҳматов Каромиддин

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика