
Инсоният тараққиёти тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир миллатнинг маънавий қудрати унинг хотираси ва қадрлаш маданияти билан ўлчанади. Ўтмишни эслаш — бу шунчаки тарихий воқеаларни ёдга олиш эмас, балки аждодлардан мерос бўлиб келаётган қадриятларни англаш, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш демакдир. Шу маънода, хотира ва қадрлаш тушунчалари жамиятнинг маънавий устуни сифатида намоён бўлади.
Хотира — бу халқнинг ўзлигини англашида муҳим омилдир. У орқали инсон ким эканини, қаердан келганини ва қайси йўлдан бораётганини англайди. Тарихий хотираси мустаҳкам бўлган миллатгина ўз келажагини ишонч билан қуриши мумкин. Акс ҳолда, хотирадан узилиш маънавий бўшлиқни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам хотирани асраш ва уни мустаҳкамлаш ҳар бир жамият учун устувор вазифа ҳисобланади.
Қадрлаш эса хотиранинг амалий ифодасидир. Агар хотира — англаш бўлса, қадрлаш — эҳтиром ва эъзоз кўрсатишдир. Бу тушунча орқали инсон нафақат тарихий шахслар ва воқеаларни, балки умуминсоний қадриятларни ҳам юксак даражага кўтаради. Қадрлаш маданияти ривожланган жамиятда инсон қадри, меҳнатга муносабат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик каби фазилатлар мустаҳкам бўлади.
9-май — Хотира ва қадрлаш куни айнан шу маънавий тамойилларни ёрқин ифода этади. Бу сана орқали халқ ўз қаҳрамонларини, Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган инсонларни ёдга олади. Бу нафақат ўтмишга назар, балки бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етишга чорловдир. Чунки тинчлик — осонлик билан қўлга киритилмаган неъмат, унинг ортида кўплаб қурбонликлар ва машаққатлар ётади.
Илмий нуқтаи назардан қаралганда, хотира ва қадрлаш ижтимоий бирликни таъминловчи муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Социология ва психология соҳаларида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, умумий хотирага эга бўлган жамиятларда ижтимоий бирдамлик юқори бўлади. Бундай жамиятларда инсонлар ўзаро ишончга асосланган муносабатларни шакллантиради ва умумий мақсадлар йўлида бирлашади.
Шу билан бирга, қадрлаш тушунчаси фақатгина ўтмиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. У бугунги кунда яшаб, жамият равнақига ҳисса қўшаётган инсонларга нисбатан ҳам намоён бўлиши керак. Устозларга ҳурмат, меҳнаткаш инсонларга эътибор, катталарга эҳтиром — буларнинг барчаси қадрлаш маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Сўнгсўз ўрнида айтишимиз мумкунки, хотира ва қадрлаш — миллатнинг маънавий пойдеворидир. Улар орқали жамият ўз ўтмишини англайди, бугунини қадрлайди ва келажагини барпо этади. Шу боис, ҳар бир инсон ўз хотирасига садоқатли бўлиб, қадрлаш фазилатини ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириши зарур. Зеро, хотира абадий, қадрлаш эса муқаддасдир.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими
АБДУВАХИДОВ АБДУЛЛАЗИЗ АБДУСАТТОР ЎҒЛИ