АМИР ТЕМУР ДАВРИДА ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИ

by Matbuot xizmati
13 👁️

Жамаҳматов Каромиддин

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Амир Темурнинг давлатчилик фаолияти фақат ҳарбий юришлар ва сарҳадларни кенгайтиришдан иборат бўлмаган. Унинг энг буюк жасоратларидан бири — мўғуллар босқинидан кейин вайронага айланган Мовароуннаҳрни қисқа муддатда жаҳоннинг илмий ва маданий марказига айлантирганидир. Соҳибқирон илм аҳлига ҳомийлик қилишни давлатни мустаҳкамлашнинг асосий шарти деб билган.

Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, биринчи навбатда Самарқандни илму фан, маданият ва санъат шаҳрига айлантиришга киришди. Унинг бу соҳада хизматларини қўйидаги йўнлишларда ўз аксини топганини кўриш мумкин.

Илм аҳли ва олимларга эътибор: Амир Темур ҳар бир ҳарбий юришидан қайтишда ўзи билан бирга забардаст олимлар, меъморлар, хаттотлар ва ҳунармандларни Самарқандга олиб келган. У олимларни асир сифатида эмас, балки давлатнинг энг қимматли бойлиги сифатида қадрлаган.

Илму фанга эътибор: Амир Темур даврида Самарқандда ва йирик шаҳарларда мадрасалар тизими йўлга қўйилди. Бу ерда нафақат диний билимлар, балки риёзиёт (математика), ҳандаса (геометрия), нужум (астрономия) ва тиббиёт каби дунёвий фанлари ўқитила бошланди.

Тил ва адабиётга эътбор: Давлат ишларида адабиёт, санъат, дин ва тарихни яхши билган салоҳиятли шахсларни ишга жалб қилди. Амир Темурнинг ўзи тарих, адабиёт, дин ва ҳуқуқ каби фанларни яхши билгани боис, саройда мунтазам илмий баҳслар ташкил этарди. Бу даврга келиб, Самарқанд мактаби дунёнинг энг илғор илмий марказига айланди. Илм-фаннинг бир неча йўналишлари алоҳида жадал ривожланди:

Тарих илмига эътибор: Амир Темур тарихни “ақл чироғи” деб атаган. Унинг даврида Низомиддин Шомий каби тарихчилар Соҳибқироннинг юришларини илмий асосда қоғозга туширди. Бу анъана кейинчалик Шарафиддин Али Яздий томонидан давом эттирилди.

Астрономия ва математика фанларига эътибор: Амир Темур ҳукмронлиги даврида Қозизода Румий (1364-1436), Гʻиёсиддин Жамшид Коший (вафоти – 1429), Мирзо Улуғбек (1394-1449) каби олимларнинг аниқ фанлар ривожи билан бирга астрономия фанини ривожлантиришда салмоқли ҳиссалари бор. Бу фанларнинг гуллаб-яшнаши кейинчалик Мирзо Улуғбек расадхонасига замин яратди. Самарқандда ҳандасавий ҳисоб-китоблар асосида қурилган маҳобатли бинолар (Бибихоним жоме масжиди, Гўри Амир) ўша давр муҳандислик илмининг чўққиси эди.

Тиббиёт илмига эътибор:  Амир Темур юрт ободончилиги ва аҳоли соғлигига алоҳида эътибор берган. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Яна амр этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона (йўловчилар қўниб ўтадиган жой; камбағал етим-есирга овқат бериладиган жой; ғарибхона) солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинлансинлар”.[1] Самарқанд ва Шаҳрисабзда шифохоналар (доруш-шифо) қурилиб, у ерда жароҳатларни даволаш, фармакология ва гигийена бўйича янги кашфиётлар қилинган. Мансур ибн Муҳаммад каби табиблар инсон анатомиясига оид асарларини айнан шу даврда яратганлар. Соҳибқирон даврида ҳар бир шаҳарда шифохона бўлган, уларда билимли ва тажрибали табиблар ишлаганлар. Жумладан, Самарқандда “Дор уш-шифо” номли йирик касалхона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби Мир Саййид Шариф Шерозий (1330–1414 й.й.) раҳбарлик қилган. Бу табиб асли журжонлик бўлиб, Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келиб, шу касалхонага бошчилик қилган. Шу даврлар йирик табиблардан Ҳисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий, Мансур ибн Муҳаммадлар яшаб ижод этганлар. Тарихий маълумотларда таъкидланишича, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий Амир Темурнинг шахсий табиби бўлган. У Соҳибқироннинг барча сафарларида бирга бўлар эди. Темур умрининг сўнгги йилларида тўпланган тажриба ва илмий билимларни давлат қонунчилигига сингдирди.

Давлат бошқаруви ва сиёсатга эътибор: Амир Темур йигирма етти давлатни ўз ичига олган салтанатни етти вазир ёрдамида бошқарган. Улардан тўрт вазир олий даргоҳ ишларини юритса, учта вазир вилоятлар ишлари билан машғул бўлган. Вазирлар девонбегига бўйсунганлар ва бу олий ташкилот Олий Девон дейилган. Унга Девонбеги бошчилик қилган. “Темур тузуклари” асари ўша даврнинг сиёсатшунослик, ҳуқуқшунослик ва ҳарбий бошқарув соҳасидаги энг мукаммал илмий қўлланмаси эди. Унда давлатни ақл ва илм билан бошқариш тамойиллари баён этилган.

Меъморчилик илмига эътибор: Самарқанд шаҳрини режалаштиришда шаҳарсозликнинг илмий асосларидан фойдаланилган. Шаҳар атрофида барпо этилган “Боғи Баланд”, “Боғи Дилкушо” каби боғлар ландшафт дизайни ва суғориш муҳандислигининг юксак намунаси бўлган.

Тасаввуф илми ва мутасаввиф зотларга эътибор: Амир Темур даврида тасаввуф илми нафақат маънавий ҳаётнинг, балки давлат мафкурасининг ҳам ажралмас қисмига айланган. Соҳибқирон ўз салтанати сиёсатини тасаввуфнинг ахлоқий тамойиллари асосига қуришга интилган ва жамиятда адолат ҳамда тартиб-интизом ўрнатишда ундан кенг фойдаланган. Мир Саййид Барака Соҳибқироннинг энг яқин маънавий маслаҳатчиси (пири) бўлган. У Амир Темурга салтанат тимсоли бўлган ноғора ва байроқни топшириб, зафарлар тилаган. Шайх Шамсуддин Кулол Амир Темурнинг отаси ва ўзининг маънавий устозларидан бири бўлиб, Соҳибқирон уни доимо эъзозлаб келган. Амир Темур даврида Баҳоуддин Нақшбанд (1318–1389) томонидан асос солинган нақшбандия тариқати кенг ёйилган. Ушбу тариқатнинг “Дил ба ёру, даст ба кор” (Кўнгил Аллоҳда, қўл меҳнатда) ғояси Темурийлар давлатининг ижтимоий ва иқтисодий ривожига хизмат қилган. 

 Амир Темур давридаги илм-фан ривожланиши шунчаки тасодиф эмас, балки Соҳибқироннинг узоқни кўзлаган сиёсати маҳсули эди. У олимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, уларга ижод қилиш учун беқиёс шароит яратди. Бу илмий муҳит кейинчалик Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Камолиддин Беҳзод каби даҳоларнинг етишиб чиқишига асос бўлди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Темурийлар даврида илм-фан ривожланиб, олимлару шоирлар алоҳида эъзозда бўлган. Юрт ривожи  учун Соҳибқирон олимлар ва тариқат пешволаридан доимий маслаҳат сўраб, иш тутган. Адабиёт, бадиий санъат, тарих, мантиқ, фалсафа, этика, аниқ фанлар, калом, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тафсир, балоғат илмларининг ХИВ асрда тараққий топишига Амир Темурнинг оқилона сиёсати маҳсулидир. Бу зот барпо этган илму фан марказларида Қозизода Румий, Аллома Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Муҳаммад Жазарий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби улуғ зотлар илмий ижодий фаолият олиб бориб, тажриба орттиргани тарихдан маълум.

Бугунги кунда Амир Темурнинг ибратли ҳаёт йўлини барча ёшлар ўрганиши, қолаверса, “Темур тузуклари” асарини ўзининг ҳаётий шиорига айлантириши даврнинг зарурати бўлиб қолган.


[1] https://oyina.uz/kiril/article/157

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика