БОБУР МЕРОСИ: ИЛМИЙ ТАФАККУР ВА МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАР УЙҒУНЛИГИ

by Matbuot xizmati
19 👁️

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи Марказий Осиё ва жаҳон тарихида нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки юксак илмий тафаккур ва теран маънавий қарашлар соҳиби сифатида ҳам алоҳида ўрин тутади. У Темурийлар даврининг энг ёрқин вакилларидан бири бўлиб, сиёсий фаолияти билан бир қаторда адабиёт, тарих, география, тилшунослик ва маданият ривожига салмоқли ҳисса қўшган алломадир. Бобур шахсияти ва ижоди Шарқ уйғониш даври тафаккурининг узвий давоми сифатида илм ва маънавият уйғунлигини яққол намоён этади.

Бобур меросининг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у илмий кузатув ва таҳлилни чуқур инсоний-ахлоқий қадриятлар билан боғлаб талқин этади. Унинг асарларида табиат, жамият, инсон руҳияти ва тарихий воқеликлар илмий аниқлик билан тасвирланар экан, адолат, ватанпарварлик, ҳалоллик, сабр-қаноат ва маънавий поклик каби тушунчалар марказий ўрин эгаллайди. Айниқса, “Бобурнома” сингари нодир манбалар орқали Бобур ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётини, маданий муҳитини ва шахсий кечинмаларини илмий асосланган ҳолда, маънавий масъулият билан баён этади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат моҳир шоир, балки маърифатли ҳукмдор сифатида ҳам дунё тарихида ўчмас из қолдирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг ҳарбий-сиёсий соҳадаги маҳорати туфайли Ҳиндистонда буюк Бобурийлар салтанатига асос солган бўлса, “Бобурнома” асари орқали Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистон тарихи бўйича қимматли маълумотларни ўз ичига олган бебаҳо манбани авлодларга мерос қилиб қолдирган олим ҳам ҳисобланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг 47 йиллик ҳаёти давомида бой адабий ва илмий мерос қолдирди. У жаҳон миқёсида эътироф этилган машҳур “Бобурнома” автобиографик асари, ўзига хос ва гўзал лирик асарлар (ғазал, рубоийлар), мусулмон фиқҳи ёритилган “Мубаййин” рисоласи, “Хатти Бобурий” махсус алифбосининг муаллифидир. Бобур шеърият илмида Алишер Навоийга эргашган, уни ўзига устоз деб билган ижодкор сифатида доимий равишда Алишер Навоий билан хат алмашиб турган. Ўзининг шеърият илмидаги маҳорати, шеър ва рубоийлари орқали ўз даврининг машҳур шоирлари эътиборини ўзига жалб этган.

Бобурнинг бугунги кунга қадар кенг ўрганилаётган, кўплаб тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилаётган асари “Бобурнома”дир. Ушбу асар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Марказий Осиё минтақасидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий жараёнлар, иккинчи қисмда Афғонистондаги воқеа-ҳодисалар, учинчи қисмда эса Ҳинд диёрининг фатҳ этилиши ва бу ерда Бобурийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши борасидаги тарихий маълумотлар акс эттирилган. “Бобурнома” нафақат тарихий маълумотларни ўзида жамлаган асар, балки сўз юритилган халқларнинг урф-одатлари, маросимлари, эътиқодлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган манба ҳамдир. Француз шарқшуноси Луи Базан “Бобурнома”нинг 1980 йилда амалга оширилган французча таржимасига ёзган муқаддимасида “Бобурнома” асарини ислом адабиётида ниҳоятда кам учрайдиган жанрда ёзилган асар эканлигини эътироф этади.

Олимнинг ўғли Ҳумоюнга бағишлаб ёзган “Мубаййин” рисоласи эса ислом фиқҳида алоҳида аҳамиятга эга бўлган рисолалардан бўлиб, Бобур ушбу рисолада шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиш лозимлиги, солиқ йиғиш қонун-қоидалари ва ўзига хос хусусиятлари борасида маълумотлар келтирган.

Умрининг сўнгги йилларида Ватандан жудолик мавзуси Бобур лирикасининг марказий мавзуларидан бирига айланди. Айтишимиз мумкинки, Бобур шеърлари шоирнинг таржимаи ҳоли бўлиб, унда теран ҳис-туйғулар шеърий тилда таъсирчан ифодаланган, ҳаётий шароит билан тўқнашув натижасида юзага келган кечинмалар маҳорат билан баён этилган бўлиб, шоирнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади:

Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерин қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қоролиғ бўлди.

Умуман айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз даврининг ноёб сиймоларидан бири бўлиб, у нафақат қудратли шоҳ ва истеъдодли шоир, балки ҳарбий-сиёсий тажрибага эга давлат арбоби ҳамда серқирра илмий-адабий тафаккур соҳиби сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллаган. Бобур қолдирган бой мерос – тарихий, географик, этнографик ва адабий қарашлар мажмуи – бугунги кунда ҳам илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика