ТАФСИР ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

by Matbuot xizmati
8 👁️

Луғатда “очиб бериш, баён қилиш” маъноларини англатувчи “фаср” сўзи ўзагидан келиб чиққан тафсир сўзи “изоҳлаш, очиб бериш, сўз ёки иборадаги ноаниқликни бартараф этиш” деган маънони билдиради. Қуръони каримни шарҳлаш учун фаср ва худди шу маънодаги тафсир сўзлари ишлатилган бўлса-да, амалиётда тафсир атамаси кенг қўлланилган. Айрим олимлар тафсир сўзи фаср билан маънодош бўлган сафр илдизидан келиб чиққанини ҳам илгари сурганлар. Сафр сўзи аёлнинг юзини очиши, бошдаги салла олиниб бошнинг очилиши ёки тонг ёришиб, ёруғликнинг пайдо бўлиши каби “бир нарсанинг устидаги парданинг кўтарилиши, яширин нарсанинг аён бўлиши” маъноларида ишлатилади.

“Баён қилиш” маъносидаги тафсир сўзининг кўплиги тафсирот, ушбу соҳада ёзилган асарларга эса тафасир дейилади. Турли таърифларни жамлаган ҳолда тафсир илмини қуйидагича таърифлаш мумкин:

“Сарф, наҳв ва балоғат каби тилшунослик фанлари; нузул сабаблари, носих-мансух, муҳкам-муташобиҳ каби Қуръон илмлари; ҳадис ва тарих каби ривоят илмлари; мантиқ ва фиқҳ усули каби методологик фанлардан фойдаланиб Қуръони карим маъноларини шарҳлаш ва ундан ҳукмлар чиқаришни ўргатувчи илм”.

Бу таъриф билан бошқа асарларнинг шарҳи тафсир доирасидан чиқарилади ҳамда тафсирнинг мустаҳкам далилга асосланиши, муфассирнинг эса, аввало, тил ва Қуръон илмларида чуқур билимга эга бўлиши зарурлиги таъкидланади. Тафсирни қисқача қилиб: “Аллоҳнинг Қуръони каримдаги муродини инсон қудрати етган даражада аниқлашга ёрдам берувчи илм”, деб ҳам тарифлаш мумкин.

Абу Ҳайён Андалусий тафсирни: “Қуръон лафзларининг талаффузи, алоҳида ва таркиб ҳолидаги далолатлари, ҳукмлари ҳамда жумла таркибида юзага келадиган маъноларини ўрганадиган илм”, деб таърифлайди. Бу таъриф тафсирнинг тил илмлари билан чамбарчас боғлиқлигини ва унинг асосий мақсади лафз ҳамда иборалардаги маънони очиб бериш эканини кўрсатади.

Журжонийга кўра, тафсир оят маъносини, у билан боғлиқ қиссаларни ва нузул сабабини аниқ ва равшан ифодалар билан тушунтиришдир.

Қуръон шарҳи маъносида тафсирдан ташқари таъвил, табйин, баён, таълим, тафсил, тасриф, иъроб, шарҳ, тавзиҳ каби атамалар ҳам қўлланилган. Таъвил сўзи “бир нарсанинг охир-оқибат етиб борадиган нуқтаси, сўзнинг натижаси, ишнинг оқибати, туш таъбири” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса таъвил Қуръон лафзида очиқ бўлмаган илоҳий муродни, матн оқими ҳамда Қуръон ва Суннатга мувофиқ ҳолда, эҳтимолий маънолардан чиқариб изоҳлаш демакдир.

“Тафаккур”, “тадаббур”, “таъаққул”, “тазаккур”, “тафаққуҳ” каби тушунчалар Қуръонни англаш жараёнининг босқичлари ҳисобланади. Ғарбда ривожланган герменевтика ва семантика тушунчалари Ислом тафсирини тўлиқ ифодалай олмайди, бироқ илоҳий манбани инкор этмаган ҳолда қўлланса, ёрдамчи усул бўлиши мумкин.

Тафсир атамаси илк даврлардан бошлаб ишлатилган. Саҳобалар, тобеинлар ва кейинги давр уламолари Қуръон шарҳини тафсир деб атаганлар. Баъзи классик асарларда, жумладан Имом Мотуридий ва Табарийда таъвил атамаси ҳам ишлатилган.

Тафсирнинг моҳияти ва аҳамияти шундаки, у Қуръонни тўғри тушуниш учун муҳим илм ҳисобланади. Қуръони карим мазмун жиҳатидан ниҳоятда бой бўлиб, унда муҳкам ва муташобиҳ оятлар, носих-мансух масалалари, кўп маънолилик ва мажозий ифодалар мавжуд. Тафсир қилувчи шахс буларнинг барчасини чуқур билиши шарт. Қуръони каримда мавжуд муташобиҳ оятлар муфассир олдида катта имкониятлар очиши билан бирга, у учун муайян хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Тафсир билан шуғулланувчи киши бир томондан Қуръонда ҳеч қандай зиддият ва хато бўлмаслигини қатъий қабул қилса, иккинчи томондан ўз имкониятлари чегарасини унутмаган ҳолда Қуръоннинг муташобиҳ оятларини англашга ҳаракат қилади.

Хулоса сифатида айтганда, тафсир илми Қуръон оятларини тил, мантиқ ва илоҳий манбаларга таянган ҳолда тушунтириш ва уларнинг маъноларини аниқлаш илми бўлиб, Қуръонни тўғри англаш ва ҳукм чиқаришга хизмат қилади. Бу илм тафсир, таъвил, табйин каби атамалар билан ифодаланади ва муфассирнинг тил, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларда билимга эга бўлишини талаб қилади. Тафсир Қуръони каримнинг муҳкам ва муташобиҳ оятларини, нузул сабаблари ва контекстини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади ва инсонни ҳидоятга етказиш мақсадида муҳим восита ҳисобланади.

Умарали Улжаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Manzil: Surxondaryo viloyati Termiz shahri Shimoliy darvoza ko’chasi 3-uy


Telefon: +998 55 451 05 99


E-Mail: termiziycenter@gmail.com


Whatsapp: +998 55 451 05 99

©2017-2025 Imam Termizi ISRC- All Right Reserved. Designed and Developed by Shokhzamon

© 2017 by Imam Termizi ISRC is licensed under CC BY-SA 4.0
Яндекс.Метрика