
وَهَٰذَا كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ
БИЗ ТУШИРГАН БУ КИТОБ МУБОРАКДИР. АНЪОМ, 92.
Оятнинг тўлиқ матни қуйидагича: “Бу, Биз туширган китоб, муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар”.
Қуръоннинг муборак деб номланиш бир қанча оятларда келади:
“Биз туширган бу Китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар” (Анъом, 155).
“Бу Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Сизлар уни инкор қилгувчи бўласизларми?!” (Анбиё, 50)
“Биз сизга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир” (Сод, 29).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятга кўра, Қуръонга иймон келтирганлар учун унда раҳмат ва мағфират бор.
Абулайс Самарқандий илк муфассир олимлардан бўлган Заҳҳокдан Қуръоннинг муборак исми ҳақида нақл этишича, ушбу Китоб қай бир касалга тиловат қилинмасин, у тузалиб кетади, бирон-бир уйда ўқилмасин, шайтон ундан чиқиб кетади.
Имом Замахшарий ва Насафий каби олимларга кўра, муборак – нафи ва фойдаси кўплигини, яхшилиги мўл-кўллигини билдиради.
Имом Табарий муборак – барака сўзидан олинганига урғу беради. Имом Мотуридийга дейдики, Аллоҳ таоло Қуръонни муборак деб номлаши у билан барча баракаларга етилиши сабабидандир. Барака – икки нарсага исм бўлади. Биринчиси – у ҳар бир хайр ва яхшиликка исмдир. Иккинчиси – у самара бериб, ўсувчи ҳар бир ҳодисага исм бўлади. Ким унга эргашса, барча хайр ва яхшиликларга ҳамда барча самарали ва ўсувчи нарсаларга етишади.
Абу Бакр Кайсоний дейдики, барака шундай нарсаки, уни маҳкам тутган кишини яхшиликнинг ҳамма турига етказади ва ёмонликнинг ҳамма туридан сақлайди, ана ўша муборакликдир.
Ҳасан Басрий дейдики, Қуръон уни тутган, эргашган ва амал қилган кишига баракадир, у ўша кишига муборак бўлади. Бу Қуръоннинг муборак деб номланишига сабаб шуки, у унга эргашган ва амал қилган кишисига муборак бўлади. Унга эргашмаган кишига эса у муборак бўлмайди, балки унга бу шиддат ва азоб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги кабидир:
“Бирон сура нозил қилинган вақтда улардан: “Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?” дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар. Аммо қалбларида касали борларнинг динсизликларига яна динсизлик қўшур ва улар кофир ҳолларида ўларлар” (Тавба, 124-125).
Бараканинг асли – бирон нарсадан жавобгарликсиз фойда олмоқдир. Шунинг учун одамларнинг бир-бирига: “Бунда Аллоҳ сенга барака қилсин” дегани кейин унинг жавобгарлигига қолмайдиган тарзда фойда бериши эканлиги келиб чиқади. Яъни баракали нарса шундай бўладики, боши ҳам яхшилик билан бошланиб, охири ҳам яхшилик билан тугайди ва у барча томондан яхшилик билан ўралган бўлади. Шу тарзда барака икки хил маънони олади:
- Доимо ўсиб, зиёда бўлувчи яхшилик
- Оқибатида жавобгарлик ва машаққат бўлмайдиган манфаат.
Исмоил Ҳаққий Бурсавий муборак исми таърифига тўхталар экан, уни атрофлича таҳлил этади. Муборак – наф ва фойдаси мўл-кўлликдир. Қандай қилиб шундай бўлмасин, ахир бу Китоб назарий ва амалий илмларни қамраб олган. Назарий илмларнинг энг шарафлиси Аллоҳнинг зоту сифатлари, иш ва аҳкомлари маърифатидир. Энди бу нарсалар борасида маърифатга эга бўлишда Қуръон берадиган фойдани берадиган бошқа бир китоб мавжуд эмас. Амалий илмларга келсак, бунда ё аъзолар билан бажариладиган амаллар ёки ахлоқ илми ва нафсни поклаш деб номланадиган қалб амалларига доир ишлар киради. Энди сен бу икки жиҳат ҳақида улуғ Қуръонда топадиган нарсангни бошқа бирон китобдан топа олмайсан.
Қуръоннинг мубораклиги яна шундаки, у оддий инсонларни Парвардигорларига чорлайди. Хос инсонларни эса Парвардигорларига ҳидоят қилиб, йўллайди. Хосларнинг хоси бўлган кишиларни эса Парвардигорларига етказиб олиб боради ва Унинг хулқлари билан хулқлантиради. Бу маҳбуб Китобда қалблар учун шифо бўлиб, бу ҳақда дейилади:
Ва кутубука ҳавлий ла туфариқу мазжаъий
Ва фийҳа шифаун лиллазий ана катимуҳу…
Маъноси:
Китобларинг атрофимда, уни ётоғимдан ҳам ажратмасман
Унда ўзим бекитадиган нарсаларимга шифо бордир.
Яна шундай келади:
Ин чи маншури карим аст, ки аз ҳар шиканаш
Бўйи жонпарвари эҳсону ато меояд.
Ин чи анфоси равонбахши абир афшон аст?
Ки аз ў роиҳаи мушки хато меояд[1].
Маъноси:
Бу нечук карим бир мактубдирки, ҳар бир қатидан
Жон парвариши бўлган эҳсону атолар келур.
Бу нечук хушбўйлиги тарқалган жон бахш нафасларки,
Ундан Хўтан мушкининг[2] бўйи келур…
Шунинг учун унинг мубораклиги дин ва дунё учун бўлган кўплаб фойдаларни қамраб олади. Унга иймон келтирган, аҳкомлари, ҳақиқатлари ва ишораларига амал қилган кишиларнинг дину дунёси учун фойдалар конидир. Албатта, барака – нарсаларда илоҳий яхшиликнинг собитлиги, мубораклик эса ундаги ўша яхшиликдир. Бу мубораклик билан Пайғамбар алайҳиссаломга гўёки шундай илоҳий хитоб бўлади: “Бу баракани лозим тут, Қуръонни хулқинг қилиш билан уни сенинг қалбингга нозил қилди. У умматинг учун улар ва Парвардигорлари орасидаги маҳкам тутишса уларни Аллоҳга етказадиган арқондир”.
Барака – луғатда кенг маъноларга эга бўлиб,“барака, марҳамат, тинчлик-омонлик”, “Худонинг марҳамати, инъоми”, “ўсиш-улғайиш, кўпайиш, зиёда бўлиш, ортиш”, “ҳар бир яхшиликда кўплик” каби маъноларни билдиради. “Табрик” ҳам инсоннинг ўзи ва бошқалар учун барака сўраб қилган дуосидир. Шу маъноларда Қуръонда келган ушбу сўз ўрнига қараб самога нисбатан ишлатилса, “ёмғир” (7/96), шахс ва оилага ишлатилса, “саодат”, “чиройли ва гўзал мақтов ҳамда пок зурриётлар” (11/73, 37/113), маконга нисбатан ишлатилса “сув, дов-дарахт ва мевали” (7/137, 17/1, 21/71, 81, 34/18), Каъбага нисбатан эса “унда раҳмат ва мағфират бўлиши” маъносида тафсир қилинади. Қуръонда “Салом” ва “зайтун дарахти” ҳам “муборак” дейилади (24/61, 35).
Аллоҳга “таборак”ни қўшиб айтиш Аллоҳнинг барака ва раҳматга моликлиги, яна олий, улуғ, пок ва фарзанд тутиш ва шериклардан беҳожат ва юқорилиги, Аллоҳнинг исми билан ҳар бир ишни баракотли қилиш каби маънолар билан изоҳланади. Қуръонда ушбу Китоб “Муборак кеча”да нозил қилингани айтилади (44/3). Бу эса, тафсирга кўра, унда раҳмат, мағфират ва барака бўлган қадр кечасидир. Бу Қуръоннинг дунё осмонига биратўла нозил қилиниши бўлиб, сўнг у бирин-кетин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган. Қуръонда бараканинг манбаси Аллоҳ бўлиб, ёндош тушунчалари сифатида “раҳмат” ва “салом” ишлатилиши ҳам айтилади.
Барака диний ибодатлар жараёнида ҳам кенг ишлатилади. Жумладан, намоздаги ташаҳҳудда ишлатилгани “саодат”, салавотда ишлатилгани “шараф ва каромат – ҳурмат-эҳтиромнинг собит ва бардавом бўлиши” каби маъноларда шарҳ қилинади. Бу ўзи туянинг “барака” қилиши, яъни, бир жойга чўкиши ва уни лозим тутишидан бўлиб, барака ҳам сўралувчи ёки сўровчига шу тарзда жойлашиши маъносидадир. Чунки дейиладики, ҳар бир нарса собит ва қойим бўлса, дарҳақиқат, ўша баракали бўлди. Бирон нарсанинг баракали бўлиши унда бардавомликдир. “Бирка(тун)”, “бирк” ҳам дейилади, ҳовуздек нарса бўлиб, унинг бундай деб номланишига сабаб унда сувнинг туриши сабабидандир. “Бурок” ҳаж ойи бўлмиш зулҳижжа ойининг номларидан бири ҳамдир. Инсондаги кўкснинг ўртаси ва қишнинг ўртаси ҳам “барк” дейилади. Ҳадисда ҳам таомнинг баракаси ўртасида бўлиши, шунинг учун четидан ейилиши лозимлиги маъносига кўра барака нарсаларнинг ўртаси маъносида ҳамдир. Душманга қарши “барака” (ибтарока) қилиш унга нисбатан тез ҳаракат қилиш ва уни машаққатга солишдир.
Бараканинг ҳаракат билан алоқаси ҳам “Ҳаракатдан баракат” нақли билан машҳур. Бу луғатларда келадиган бараканинг яна бир маъноси “доимий ҳафсала ва ғайрат билан ишлаш”га тўғри келади. Масалан, “Тижорат (ёки бирон иш)га “барака” қилдим (ба`рокту ъала-т-тижароти)” деса, унга доимий ҳафсала ва ғайрат билан киришганликни билдиради.
Булардан келиб чиқадики, Қуръоннинг баракаси ва унинг мубораклиги уни ўқиб-ўрганишда бардавом бўлиш ва бу йўлда ғайрат кўрсатиш билан ҳам бўлади. Ана ўшанда Қуръон бандага муборак бўлиб, ўз баракаларини кенг очади.
Ана ўшанда Ҳаким Термизий келтирган ушбу маънолар юзага чиқади: “Қуръоннинг “муборак” деб номланишига келсак, бу “муқаддас” (нуқсонлардан пок) маъносидан бўлиб, “қудс”дан олингандир. Аллоҳ Қуръонни Ўз қурбатига етказадиган тарзда нозил қилган бўлиб, уни Ўз Поклиги билан поклагандир. Ушбу поклик ва калом У Зотдан бошланур. Унинг жумлалари кишини Аллоҳ сари етаклайди, натижада кишилар Унинг учун ислоҳ бўладилар, яъни, Унга банда бўлишга яроқли ҳолга келадилар”.
Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] Ушбу байт Хожа Кирмонийга тегишли. Унинг тўлиқ исми Абул-Ато Камолиддин Маҳмуд ибн Али бўлиб, XIV асрда яшаб ижод этган машҳур форс-тожик шоири ва тасаввуф намояндаси. У 1290 йилда Эроннинг Кирмон шаҳрида туғилган ва ўз даврининг энг билимдон сиймоларидан бири бўлган.
[2] “Хўтан мушки” (ёки “мушки хўтан”) ибораси классик адабиётда ва шарқ шеъриятида тез-тез учрайдиган рамзий ибора бўлиб, икки хил маънони англатади:
Аслий маъноси: қадимги Хўтан шаҳридан (ҳозирги Хитойнинг Шинжон вилоятида) келтирилган энг аъло навли, хушбўй мушк. Бу модда оҳунинг (мушк кийигининг) киндигидан олинадиган жуда қимматбаҳо атир ҳисобланган.
Кўчма (бадиий) маъноси: гўзалнинг қоп-қора сочларини ёки унинг ёқимли бўйини таърифлаш учун ишлатилади. Мушк ҳам қора рангли, ҳам ўткир хушбўй бўлгани учун шоирлар ёрнинг зулфини “хўтан мушки”га ўхшатишган.